Мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга МурожаатномасиниБуюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор” деб бошлаганининг ҳикмати шундаки, ҳар бир ишнинг сабаби – ният, самараси ёки файласуфлар ифодаси билан айтганда, оқибати – амал бўлади. Шунинг учун ҳам улуғларимиз дуога қўл очганда Раббимиздан қалбларимиздаги эзгу ниятларимизга етказишини сўрайди.

Кўнгилга ниятни тугиб, мақсадни аниқ белгилаб олган инсон ана шу ниятига етиш учун Аллоҳ таолога таваккал қилиб, саъй-ҳаракат қилмоғи керак. Чунки ниятига етишни астойдил ҳаракат қилган одамга дангасалик, лоқайдлик, бефарқлик каби иллатлар бегона бўлмоғи; йўлида учраган турли тўсиқларни мардонавор енгиб ўтиш учун сабр-бардошли, қатъиятли, шижоатли бўлмоғи даркор. Бу сифатларни ҳам Юртбошимиз: “Буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратлари “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деб бежиз айтмаганлар”, дея лўнда қилиб ифодалаб бердилар.

Давлатимиз раҳбари Мурожаат давомида иккита буюк аждодимиз – Аллоҳ таолонинг севикли қулларининг номини тилга олдилар ва нутқининг давомида “Бу – ҳаёт синовларида тобланган, сўзида қатъий турадиган, ишнинг кўзини биладиган, меҳнаткаш, мард ва матонатли халқимиздир”, дея халқимизни сифатлаб ўтдилар.

Ана шу гапларни эшитиб туриб юртимизга зиёрат туризмига келган хорижлик бир сайёҳнинг эътирофи ёдга тушди. “Бу халқдан азизу авлиёлар нега бунча кўп чиққанини энди англаб етдим. Бу халқ ниҳоятда матонатли халқ экан”, деган эди у.

Ҳақиқатан, халқимиз азал-азалдан игна билан қудуқ қазишдек машаққатли ва бутун умр бўйи давом этадиган илм эгаллаш борасида саъй-ҳаракат қилиб келгани боис буюк олимлару, азиз-авлиёларни етиштириб чиқарган.

Ана шу эзгу  ва шарафли анъаналарни давом эттириш учун эса таълим тизимини замон талаблари асосида моделлаштириш лозим. Бу ҳақда давлатимиз Раҳбари: “Илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш зарур.

Халқимизда “таълим ва тарбия бешикдан бошланади” деган ҳикматли бир сўз бор. Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди.

Шу сабабли, таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни, таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим”, дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш, келгуси йилда Россия, Жанубий Корея, Германия, Италия тиббиёт институтлари билан қўшма факультет ва филиаллар очиш бўйича амалий чоралар кўриш режалаштирилаётганига ҳам тўхталиб ўтдилар.

Халқимизнинг 2018 йилда қўлга киритган ютуқлари кўп бўлди. Эришилганлар муваффақиятлар Мурожаатномада ҳам мавзусига қараб аниқ рақамлар воситасида санаб ўтилди. Аммо ана шу ютуқларнинг энг кўзга ташланадигани ва Ватанимизнинг халқаро доирада обрўсини юксалтириб юборгани – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ялпи мажлиси томонидан муҳим бир ҳужжат –“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси БМТга аъзо бўлган 193 давлатнинг қўллаб-қувватлаши билан қабул қилингани бўлди.

Ушбу резолюцияни қабул қилиш ташаббусини 2017 йил сентябрь ойида Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида нуқт сўзлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси номидан илгари сурган эди.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси ҳақидаги ташаббуснинг қўллаб-қувватланганининг бош сабаби  бу – Ўзбекистон халқининг ўзини асрлар давомида оқлаб келаётган ҳаётий тажрибаси ва бу амалиётни дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши.

Мурожаатномада “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради.

Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади.

Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”, дейилишининг ўзиёқ ана шу фикримизни тасдиқлайди.

Юртбошимиз Мурожаатномада мамлакатимиз ҳаётига оид барча соҳаларнинг бугунги аҳволини батафсил шарҳлаб, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар ва тавсиялар бердилар ҳамда ҳар биримиз учун ниҳоятда зарур бўлган энг муҳим гапни айтдиларки, “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради”.

Шундай экан, азизлар, жамиятимизни ўзгартириш, ҳаётимизни мазмунли, кунларимизни осойишта ўтказиш учун ёш қари – барчамиз онгимизни ўзгартиришимиз, маҳаллийчиликлардан, беғамликлардан, ғишавалардан буткул воз кечиб, юксак идеалларга содиқ бўлиб, ғайрат-шижоат билан замон талабларига мослашиб, қўлни-қўлга бериб, елкани елкага қуйиб ҳаёт кечирмоғимиз даркор.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

 

3619 марта ўқилди

Мақолалар

Top