Мақолалар

Ҳар бир ишни мушоҳада қилинг!

Мана, эртадан 2019 йил ҳам бошланaди. Бу дегани умримизнинг яна бир йили тугаб, янги саҳифаси очилмоқда. Шунинг учун инсон барча ўтган умридаги ишлардан хулоса қилиб, 2019 йилни икки дунё саодати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишни мақсад қилиши лозим. Мўътабар зотлар: “Кимни икки куни бир хил бўлса, у кунини қадрига етмабди”, деганлар.

Демак, киши янги кунни қадрига етиб, уни ўтган кунидан кўра кўпроқ яхши амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилиши лозим. Бажарган ишлари билан кифояланиб, ҳаракатдан тўхташ – оқил кишининг иши эмас. Шу нуқтаи назардан янги йилга савобли амаллар учун захира бўладиган умрнинг бир қисми, деб эътибор билан қараш, янги режалар тузиш, яхши ниятлар қилиш муҳим.

Инсон қилган тижоратини йил якуни бўйича ҳисоб-китоб қилиб, фойда ёки зарарни мушоҳада қилади, фойдасига қувонади, зарарига қайғуради ва яна келгуси иши учун яхши ниятда янги режалар тузади. Инсон тижорати учун шунча жон куйдирганидек, ўтган умри учун ҳам жон койитиб, ўзига-ўзи саволлар бериши керак.

Ҳар куни эрта тонгдан яхши ишлар бажаришни ният қиляпмизми? Кеч тушгач, қилган ниятларимизнинг қанчаси амалга ошди, қанчаси ошмади, ўйлаб кўряпмизми? Эришган ютуқларимиз учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, хато-камчиликларимизни тўғрилаш тадоригини кўряпмизми?  

Шу ўринда айтиш керакки, ҳар бир янги йилнинг аввалида янги режалар тузиш ва эзгу ниятлар билдириш дунё халқларининг одатига айланган. Буни бирор диний байрам эмаслиги, уни бутун жаҳон умумэътироф этган байрам эканини тушуниш керак. Шунингдек, мана шундай хурсандчилик дамларида қилинган ишларни сарҳисоб этиш, эришилган натижаларга шукрона айтиш, орзу-интилишлар қилиш ажойиб анъанадир.

Масалан савдода касодга учралса, пул йўқотилади. Аммо унинг ўрнини тўлдирса бўлади, ҳаёт тугади дегани эмас. Лекин зое қилинган вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Нега энди бахт-саодатга эришишимиз гарови бўлган умр неъматига шундай эътибор бермаймиз? Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг”, деганлар. Шундай экан, инсон хатолари учун ўзини тергаб, ютуқлари учун Аллоҳга ҳамд айтиши ва яна яхши амаллар қилиш учун ниятлар қилиши лозим.

Имом Бухорий ҳазратларининг “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарларида келтирилган саҳиҳ ҳадисда “Барча амаллар ниятларга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади”, деб марҳамат қилинган. Демак, ҳар бир ишнинг сабаби – ният, самараси эса амалдир.

Шу учун ҳам мўйсафидларимиз дуога қўл очганда Аллоҳ таолодан эзгу ниятларимизга етказишини сўрайдилар. Ниятни тўғри қилиб, мақсадни аниқ белгилаб олган инсон ана шу ниятига етиш учун Аллоҳга таваккал қилиб, доимо ҳаракатда бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3536 марта ўқилди

Мақолалар

Top