Мақолалар

Муаммонинг ечими

Шогирдлар доимо ҳаётда бирор-бир қийинчилик ёки муаммоларга дуч келганларида албатта устозлардан унинг ечимини сўрашади. Устозлар эса, ўқиган, билган ва тажрибаларидан ўтказган ишларини мисол қилиб, шогирдларининг муаммоларини ҳал бўлишига ёрдам берадилар.

Шогирдлардан бири ишларидан сиқилиб, муаммолари кўпайиб кетганлиги учун устозидан ечим сўраб ҳузурига борибди. Устоз унга: “Болам бундай ҳолларда Аллоҳ таолога тасбеҳ айт ва кўзларингни юмгин. Дунёни унитиб, бутун оламнинг Подшоси бўлган Аллоҳ таоло билан боғлан”, дебди. Шогирд уйга қайтиб, устознинг айтган насиҳатига амал қилибди. 

Шогирд тасбиҳ айтиб, кўзини юмиб олганида дунёни унитиб, Аллоҳнинг қадарига рози бўлиш, сакинат ва хурсандчиликни ҳис этибди.

Кейин билса, устозининг айтганлари Қуръон ва суннатда бор экан. Аллоҳ таоло: “Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбеҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт. Шоядки рози бўлсанг”, деган. (Тоҳа сураси 130-оят)

Шунингдек, Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сиқилган ва қийналган вақтларида тасбеҳ айтишаг буюрган экан. “Албатта, Биз уларнинг айтаётганларидан сенинг дилинг сиқилишини яхши биламиз. Бас, Роббинг ҳамди ила тасбеҳ айт ва сажда қилгувчилардан бўл”. (Ҳижр сураси 97 ва 98-оятлар)

Шундан сўнг шогирд айтадики, қачонки менга ғам-ғусса ёки бирор-бир муаммо рўбаро бўлса, мен уни сабабини билмайману лекин, дарров кўзимни юмаманда Субҳаналлоҳи вабиҳамдиҳини сокинлик ва фикр юритиш ила айтавераман. Шунда Аллоҳ таоло ғам-ғуссамни хурсандчилик ва нурга айлантиради. Чунки бундай пайтда кўзимни юмиб тасбеҳ айтишимнинг мақсади шуки, мен дардимни барча ғайбларни билувчи бўлган ва барча мулкларниг Молики бўлган Зотга айтаман. У эса, Раҳимдилларнинг энг Раҳимдили ва сўрасанг сени ташлаб қўймайдиган Зотдир.

Азиз дўстларим! Аниқ биламанки сизларда ҳам менга ўхшаш холат бўлиши аниқ. Сиз ҳам ушбу гўзал ва осон ечимдан фойдаланинг. Албатта хурсанд ва баҳтли бўласиз.

Манбалар асосида Тошкент шаҳаридаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яхё

3385 марта ўқилди

Мақолалар

Top