Мақолалар

Ҳеч  ўйлаб  кўрдингизми?

Илгари Тошкентдан Самарқандгача от-уловда дейлик, бир ҳафта йўл юришган. Ҳозир машинада уч соатда етиб борамиз. Лекин ўтмишдагилар билан солиштирсак, бизнинг ихтиёримизда бир ҳафта “бўш вақт” қолмайди. Аксинча, барибир кўп нарсага вақтимиз етмайди... 

Техника тараққиёти туфайли имкониятларимиз кўп мартага ортди, аммо ялқовлигимиз ҳам шунча мартага кучайди. Масалан, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Алишер Навоий замонида бир одамнинг мияси олтмиш йилда қабул қилиши мумкин бўлган ахборот ҳажмини бугунги аср одами тахминан бир ҳафтада қабул қилиши мумкин экан. Аммо бу ҳисоб билан ҳар ҳафтада шунча ҳажмдаги ахборотларни қабул қилаётган болаларнинг аксарияти 12 ёшидаёқ академик бўлиб кетишлари керак эди. Бироқ нега шунча имкониятларга қарамай, Навоийлар йўқ?

Кўплаб муаммоларнинг ечими топилди, ҳаёт кечириш учун қулайликлар ортиб боряпти. Шу билан бирга, янги-янги муаммолар, мушкулотлар пайдо бўлмоқда... Масалан, қуйидаги ҳолатларга ҳеч эътибор бердингизми:

  • Мол-давлатимиз ортди, аммо ҳузур-ҳаловатимиз йўқолди.
  • Қулайликлар ортди, аммо вақтимиз камайди.
  • Дорилар кўпайди, касалликлар озаймади.
  • Кеч ётиб, саҳарда чарчоқ билан уйғонамиз.
  • Кам китоб ўқиймиз, кўп телевизор кўрамиз.
  • Кўп гапирамиз-у, кам эътибор берамиз.
  • Пул топишни ўргандик, сарфни эплолмадик.
  • Ойга учиб қайтишни биламиз, лекин қўшнимиз ҳолидан хабар олиш учун икки қадам босмаймиз.
  • Фазода нима бўлаётганини биламиз, лек ички кечинмаларимиздан бехабармиз.
  • Ҳавони тозалаймиз, лекин руҳларимиз кир.
  • Режалар тузамиз, натижалар кўринмайди.
  • Шошилишни ўргандик, сабрни эса ёддан чиқардик.
  • Танишларимиз кўп, дўстларимиз кам.
  • Ютуқларимиз кўп, қувончларимиз кам.

Бугун бундай саволлар, миллати ва динидан қатъи назар, жуда кўпчилик инсонларни ўйлантирмоқда. Мана, америкалик ҳажвий ёзувчи Жорж Гарлиннинг ҳажвий бўлмаган фикрлари:

Давримиз ғалати зиддиятларга бой:

  • Биноларимиз баланд, қадримиз паст, йўлларимиз кенг, сабримиз тор.
  • Кўп сарфлаймиз, оз нарсага эга бўламиз. Кўп нарса сотиб оламиз, аммо қувончимиз оз.
  • Уйлар катта, оилалар кичик, қулайликлар – кўп, вақт – кам.
  • Маълумотимиз яхши, ақлимиз қосир. Мутахассисларимиз кўп, муаммолар ундан ҳам кўп...
  • Одам умрига йил қўшишни ўргандик, лекин йилларга ҳаёт бағишлашни билмаймиз.
  • Атомни бўйсундирдик, лекин ўз худбинлигимизни ва нафсимизни бўйсундира олмадик.

Давримиз:

- Кўп ейиш ва ёмон ҳазм қилиш, катта одамлар ва тор феъллар, оилавий даромад ва ажралишларнинг ўсиши, чиройли уйлар ва вайрона қалблар даври;

- Бир марталик таглик (памперс)лар, бир марталик ахлоқ, бир кечалик “висол”...

- Ортиқча вазнлар, одамни эҳтиросга солувчи, тинчлантирувчи, ўлдирувчи... “таблетка”лар даври.

- Яқинларингизга меҳр кўрсатинг! Чунки ҳеч ким сиз билан абадий бирга бўлмайди. Бир-биримизга ғаниматмиз, ахир!

- Гўдакларни яхши кўринг! Сиздан ўтган илиқлик у билан бирга улғайсин!

- Яқинларингизни иссиқ бағрингизга маҳкам босинг. Бу, Сиз беришингиз мумкин бўлган энг қиммат туҳфа ва у мутлақо текиндир.

- Тафаккур ва самимий мулоқот учун вақт топинг. Чунки, умр фақатгина нафас олиш ва нафас чиқариш билан ўлчанмайди. Инсон умри завқ-шавқли дамлар билангина қадр-қиммат ва мазмун касб этади.

- Бебаҳо ҳаётдан, Аллоҳ таоло тақдир қилган қадари ва берган ризқидан рози бўлиб яшанг!

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим, 7)

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

3377 марта ўқилди

Мақолалар

Top