Мақолалар

Узоқ умр кўриш сири

“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳий мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!” (Оли Имрон, 104)

Америкалик олимлар яқинда ажойиб тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унда сахийлик ва яхшилик қилишга мойиллик соғлик учун фойдали экани, бу хусусиятларга эга бўлган кишилар бошқаларга нисбатан кўп яшаши айтилган.

Тадқиқот беш йил давомида ўтказилди. Унда 846 киши қатнашди. Иштирокчилар ўзлари қилган яхшиликлар, жумладан, дўстлар, қўни-қўшнилар ёки қариндошларга ёрдам бериш, уловда хизмат кўрсатиш, болаларига қараб туриш ва ҳоказолар ҳақида гапириб беришди. Кузатувлар муҳтожларга ва қийин вазиятда қолганларга кўмаклашганлар парвосиз кишиларга қараганда соғлом ва тетик бўлишини кўрсатди.

АҚШнинг Буффало университети ходими Майкл Пулен сўзларига кўра, ушбу тадқиқот атрофдагиларга ёрдам бериш энг олдин кишининг ўзига фойдали экани, саховат ва меҳр асабийликни йўқотиб, узоқ умр кўришга сабаб бўлиши каби ҳаётий ҳақиқатларни илмий жиҳатдан исботлаб берди.

 

Албатта, олим Майкл Пулен ҳақ! Аммо, у йигирма биринчи асрга келиб аниқлаган тадқиқот натижасини Аллоҳ таоло ўн беш аср олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Қуръони карим орқали биз бандаларга такрор ва такрор таъкидлаган. Негаки инсон руҳиятининг фели фақатгина яхшилик қилиш ва ёмонликдан тийилиш туфайлигина гўзаллашади, мувозанатда туради. Биз қуйида Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони каримдаги яхшиликка буюрувчи бази оятларни келтириб ўтамиз:     

“Ўзингиз учун нимаики яхшилик қилган бўлсангиз, уни (яъни савобини) Аллоҳ ҳузурида топажаксиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир”. (Бақара, 110)

“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”. (Нисо, 36)

“Шак-шубҳасиз, яхшилар жаннат неъматларидадирлар” (Инфитор, 13)

Аллоҳ таоло айтади: “Тақволи зотларга: “Раббингиз (Ўз Пайғамбарига) нимани нозил қилди?” дейилганида улар: “Яхшиликни”, дейишади. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур” (Наҳл, 30).

Хўш, биз кимларни “яхши” деб аташимиз мумкин? Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда яхшиларнинг бир неча сифатлари баён этилган:

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир” (Имом Бухорий);

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларнинг яхшиларингиз, агар тушунса, ахлоқи гўзал бўлганингиздир”, деганларини эшитганман” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган);

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига кўпроқ яхшилик қилувчингиздирман” (Имом Термизий, Ибн Можа);

Пайғамбар алайҳиссалломдан ривоят қилинган ҳадисларда яхшилар яна бундай сифатланишади: “Сизларнинг яхшиларингиз умри узун, амалда чиройли бўлганингиздир” (Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий); “Сизларнинг яхшиларингиз яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омон бўлинувчиларингиздир” (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон).

Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни  тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик, йўлдаги халал берувчи нарсани олиб ташлаш ҳам – яхшилик. Қуръони каримда яхшиларнинг бир неча сифатлари зикри келган:

“Ана энди ким (ўз молидан закот ва садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (жаннатни) тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар этурмиз” (Вал-лайл, 5-7).

“Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар – ана ўшалар яралмиш жонзотларнинг энг яхшисидирлар. Уларнинг Парвардигорлари ҳузуридаги мукофоти – остидан анҳорлар оқиб турувчи мангу жаннатлардир, улар ўша ерда абадий қолишади” (Баййина, 7-8). 

Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам”, деганлар (Имом Муслим). Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай марҳамат қилганлар: “Эй муслималар, бир аёл бошқасига қўйнинг туёғини беришдаги яхшиликни ҳам паст санамасин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Яна бир ҳадиси шарифда “Ҳар бир яхшилик садақадир”, дейилган (Имом Бухорий). 

Ҳасан Басрийдан “Яхши инсон ким?” деб сўрашганида бундай жавоб берган: Тўрт нарса кишининг яхши эканига даолат қилади: 

  • тилининг ростгўйлиги,
  • дўстларининг хато-камчиликларини кечириши,
  • замона аҳлининг таниқли олим кишисига саҳоват кўрсатиши,
  • таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши.

Азизлар, ҳар ерда, ҳар кишига, ҳамиша яхшилик қилишга шошилайлик.

 

Саидаброр Умаров

3518 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Заковатли олим Мана бу оятни қандай тушунамиз? »

Мақолалар

Top