Мақолалар

Одамлар нима деркин?!

Одамлар орасида яшар экансиз турли ҳолатларга, гап-сўзларга дуч келасиз.

Агар аёл киши қизлик уйига бир неча кунга борса, қўни-қўшнилар дарров гап чиқаришади: “Фалончи қайтиб келибдими?”

Агар аёл ота-онасини кўргани анча вақт келмаса, қўни-қўшнилар яна гап чиқариб, қизнинг ота-онасига: “Сизларни ўйламас эканда бу қизинглар? Нега сизларни кўргани келмайди? Куёв чатоқроқ шекилли, қизингизни сизларни кўришга юбормаяпти”.

Кўзингиздан шикоят қилиб, шифокорга бордингиз. Текширувлардан сўнг сизга кўзойнак тақиб юриш буюрилди. Кўзойнак тақиб юрган эдингиз, таниш-билишларингиз кўриб қолиб, “Кўзойнак тақиб олибсанми? Ўқитувчиларга ўхшаб қолибсан. Ярашмабди” дейишади.

Бу гаплардан сўнг кўзойнакни ечиб қўйдингиз. Шунда ҳам улар нимадир деб ғашингизга тегишади. Ўйлаб кўринг, агар уларнинг гапини деб кўзойнак тақмадингиз. Натижада кўзингизнинг кўриш қуввати янада пасайиб, аҳволингиз олдингидан ҳам оғирлашди. Хўш, энди ўша гапирганлар сизнинг олдингизга келиб, “Оғайни, мени гапимни деб кўзойнак тақмай юрдинг. Энди мана бу пулни олиб қўй, кўзингни муолажа қилишга ишлатарсан” дейдими?! Йўқ, ундай демайди. Улар фақат гапиришни билишади, холос. Бошқа ҳеч нарса қилишмайди.

Мусулмонликка хос бўлган чиройли либос, бошингизга дўппи кийиб олсангиз, “Ҳа, домлаларга, қори акаларга ўхшаб кийиниб олибсанми?!” дейишади.

Агар тор футболка, жинси шим, бошингизга кепка кийиб олсангиз, “Ҳоо, културний бўлиб кийиниб олибсанми?!” дейишади. Ҳа, улар сизни ҳар қандай ҳолатда ҳам тинч қўйишмайди.

Фарзанд кўришингиз чўзилса, “Дори-дармон қиляпсизларми? Докторга бордингларми? Нега бўлмаяпти фарзанд?” деб сўраб қолишади.

Агар тўйдан кейин 9 ойдаёқ фарзанд кўрсангиз, “Тўй яқинда бўлганди шекилли. Ҳали эртамасми?” деб хавотирли саволларни беришади. Ҳа, уларнинг гапи тугамайди.

Агар машина олсангиз, “Бу одам ойликка ишласа, машинани қайси пулга олди экан?!” дейишади.

Агар машина олмай, пиёда юрсангиз, “Тошкентда ишлайди. Кўтарилиб кетган-у, аммо ҳалигача пиёда юради. Машина олса бўлмасмикин?” дейишади.

Шу ўринда бир ҳикоя эсга тушиб қолди.

Бир одам ўғли билан эшакка мингашиб кетаётса, уларни кўрган одамлар “Иккиси бечора эшакни эзиб, унга мингашиб олганини қаранглар” дейишибди. Бу гапдан қутулиш учун иккиси эшакдан тушиб олишса, одамлар яна “Булар аҳмоқ экан. Тайёр эшак турганда, унга минмай, пиёда кетишини қаранглар” дейишибди. Эшакка ота миниб олиб, ўғли пиёда кетаётса, одамлар “Қанақа ота экан бу? Ўзи эшакка миниб олиб, боласини пиёда юргизиб қўйибди” дейишибди. Шунда ота эшакдан тушиб, ўғлини унга миндириб қўйса, одамлар яна “Ўғли беодоб экан. Отасини миндирмай, эшакка ўзи чиқиб олибди” дейишган экан.

Ҳа, одамлар ҳеч қачон жим бўлишмайди, гапираверишади. Яхши бўлсангиз ҳам гапиришади, ёмон бўлсангиз ҳам. Афсуски, биз одамларнинг гап-сўзларига қараб иш қиладиган, “Одамлар нима деркин?!” деган фикрда юрадиган бўлиб қолдик. Кийинишимиз ҳам, овқатимиз ҳам, юриш-туришимиз ҳам, соч турмагимиз ҳам, минадиган машинамиз ҳам, яшайдиган уйимиз ҳам, фикрлашимиз ҳам “Одамлар нима деркин?!” деган хаёл билан бўляпти. Бу нотўғри. Одамлар олдин ҳам гапиришган, ҳозир ҳам гапиришади. Биз одамларнинг эмас, Аллоҳ ва Расулининг айтганини қилишга, Динимиз кўрсатмаси бўйича яшашга уринайлик!

Буюк имомлардан Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Одамларни рози қилиш етиб бўлмас мақсаддир. Аллоҳни рози қилиш тарк этилмас мақсаддир. Шундай экан, етиб бўлмайдиганини тарк этгинда, тарк этилмайдиганига эришишга интил!” деганлар.

Аллоҳ таоло бизни фақат Унинг амрига итоат қилиб, Ўзини рози қилиш учун яшашимизни насиб этсин, одамларнинг гапига қараб иш қилишимиздан асрасин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3248 марта ўқилди

Мақолалар

Top