Мақолалар

Энг қийин касб

Аллоҳ таоло: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз», деган (Жума: 10). 

Донишмандлардан бири шундай деган: “Инсон ҳаётининг фаровонлиги учун янги бир таом ўйлаб топиш, янги юлдуз кашф этишдан кўра ҳам аҳамиятлидир”. Маълумки, ҳар бир касб-ҳунарнинг ўзига хос тарихи бор. Инсониятга хизмат қилиб келаётган минглаб касб-ҳунарлар асрлар давомида шаклланиб, ривожланган. Баъзи касби-корлар авлоддан-авлодга ўтиб, сулолалар ҳосил қилади. Ҳар бир касбнинг ўз эгаси-соҳиби бўлади. Одамнинг ўзида муайян касбга қизиқиш ва туғма салоҳият бўлмаса-да, уни ўқитиб ва қўлига диплом бериб, “мутахассис” ясаш мумкин. Лекин баъзан дипломсиз, аммо туғма ҳунарманд бажарган иш “олий маълумотли” мутахассиснинг қўлидан келмаслиги мумкин. “Чумчуқ сўйса ҳам – қассоб сўйсин” деб бежизга айтилмаган. Касб-ҳунар ўз ҳақиқий эгасига топширилса – олам гулистон. Аксинча бўлса – қиёматни кутаверинг. 

Ҳалол касбнинг катта-кичиги, яхши-ёмони бўлмайди. Фақат, инсон ўз касбини пухта эгаллаб, унинг устасига айланса, шу орқали одамларга, жамиятга фойда келтирса, бас. Бироқ, аллома Маҳмуд Замаҳшарийнинг “Нозик иборалар” асарида айтилгани каби, “Ҳунарманду косиблар кўпдир, бироқ моҳиру қобилиятлилари оздир (яъни, уста кўпу, устаси оздир)”.

Шундай ҳадис бор: “Кимники Аллоҳ дўст тутиб қолса, одамларнинг унга ҳожати тушадиган қилиб қўяди”. Инсон умри давомида фақатгина ҳалол меҳнати билан улуғ савобларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади”, деганлар.

Тарихдан маълумки, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, ҳам шоҳ, ҳам пайғамбар бўлган Довуд алайҳиссалом  темирчилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Сарвари Коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ёшликларида қўй боққан ва савдогарлик билан шуғулланганлар.

Мазҳабимиз асосчиси Имоми Аъзам ҳазратлари газламафурушлик билан шуғулланганлар. Хожа Аҳмад Яссавий деҳқончилик, Шайх Иброҳим Ажарий ғишт терувчи бўлганлар. “Шарқ Арастуси” дея ном қозонган Форобий ҳазратлари деҳқончилик, Абу Али Ибн Сино табиблик, Шайхул машойих Абу Саййид Ҳаррос этикдўзлик, шоир Саккокий пичоқчилик, шайх Абул Аббос Омилий қассоблик қилиб кун кечирганлар. Шайх Абул Ҳасан заргарлик, шайх Хожа Банон ҳаммоллик, муҳаддис Муслим ибн Ҳажжож савдогарлик, хожа Баҳоуддин Нақшбанд наққошлик, Имом Ғаззолий ип йигирувчилик, шоир Завқий эса, маҳсидўзлик билан тирикчилик ўтказишган.

Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 30 мингдан зиёд касб-кор бор. Улар устига ҳар йили тахминан 500 та янги касб қўшилмоқда. Ҳар қандай тараққиётга қарамай, асрлар давомида ўзгармай келаётган ҳамда уларга бўлган талаб-эҳтиёж сира тугамайдиган касблар ҳам, албатта бор. Бу касблар бизгача бор эди, ҳозир мавжуд, бундан кейин ҳам яшайди. Дейлик, тобутсоз ва гўрковлар, ризқ-рўз етиштирувчи деҳқонлар... 

Юқоридаги касб ва ҳунарарнинг барчаси ризқ топиш йўлидаги сабаблар холос. Аслида бу сабабларни ҳам ва улардан фойдаланиш учун кундузни тирикчилик манбаи қилиб яратган Аллоҳ таолонинг биз бандаларга берган неъматидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Наба» сураси 11-оятида шундай марҳамат қилади: “Ва кундузни маъош (тирикчилик) вақти қилдик”. 

Аммо, банда доимо нима бўлишидан, қандай вазият ва ҳолатга тушушидан қатъий назар ҲАЛОЛ касб қилиши, ризқни Аллоҳ ҳалол қилган меҳнат орқали топишга интилиши лозим. 

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон. 
Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир.
 
Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир.
 
Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур.
 
Огоҳ бўлингким!
Ўша нарса қалбдир», дедилар». 

Уламолар айтишади:

Тўрт нарса саодат далилидир: Тўғри сўз, тавозеъ, ҳалол касбу ҳунардаги меҳнат, сир сақлаш. 

Абу Лайс Самарқандий айтади:

Ким касби чиройли ва пок бўлишини хоҳласа, бешта ишдан сақлансин:

  1. Касби сабабидан Аллоҳнинг фарзларидан биронтасини камайтирмасин, қисқартирмасин ҳам.
  2. Касби сабабидан Аллоҳнинг маҳлуқларидан биронтасига азият этказмасин.
  3. Касби орқали ўзининг ва оиласининг иффатини қасд этсин, мол тўплаш ва кўпайтиришни эмас.
  4. Касбга қаттиқ жаҳд қилмасин.
  5. Ризқини касбидан эмас, Аллоҳдан деб билсин, касбини эса сабаб кўрсин.  

Хусрав Деҳлавий айтади:         

Ҳалол ишлаб топсанг гар арпа донин,

Яхшидир егандан биров оқ нонин. 

 

Манбалар асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади

3461 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Она меҳри Илмсизлик оқибатидаги иллат »

Мақолалар

Top