Мақолалар

Шайх Муҳаммад Имдод Ҳусайн Пирзода юртимизга ташриф буюрди

Шайх Муҳаммад Имдод Ҳусайн Пирзода ҳозир юртимизда меҳмон бўлиб турибдилар. Бу ҳақда islom.uz портали маълум қилди.

Шайх Муҳаммад Имдод Ҳусайн Пирзода, 1946 йилда Покистоннинг Жанг шаҳрида туғилган, DMG Bhera ва Панжоб (Покистон) университетларининг битирувчиси. У устози ва муршиди бўлган марҳум Зиёул-Уммат ва фазилатли шайх Муҳаммад Ал-Карам Шоҳ Азҳарий роҳимаҳуллоҳдан илҳомланиб, 1985 йилда Жомия Карам номидаги таълим муассасасига ва 1995 йил Карам ўрта махсус мактабига асос солган.

Бугунги кунда Шайх Муҳаммад Имдод Ҳусайн Пирзода дунё бўйлаб муҳтожларга ёрдам берувчи Мусулмон хайрия ташкилотининг раиси, Ал-Карам Траст (Лондон)нинг ижрочи директори, Ал-Карам нашрлари асосчиси ва Ал-Карам олимлари уюшмасининг ҳомийсидир.

Шунингдек, Британия Мусулмонлар Форумининг асосчиси ва аъзоси ҳамда бутунжаҳон Ал-Азҳар битирувчилари Ассоциациясининг Буюк Британиядаги президенти.

Хусусан, турли мавзуларга бағишланган, яъни араб, урду ва инглиз тилларида ёзилган кўплаб китоблар муаллифи ҳисобланади. Ҳозирда унинг кўплаб китоблари индонез ва норвег тилларига таржима қилинмоқда.

Унинг «Исломий ибодат усули», «Ислом - тўлиқ ҳаёт тарзи», «Исломий эътиқодлар», «Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ҳаёти», «Имдод-ас-Сарф» (Этимология), «Имдод-ан-Наҳв» (Синтаксис), «Имдод ал-Фиқҳ фил-ибадат», «Гулдаста ақоид ва кўп маданиятли жамиятда мусулмонлар» каби асарлар муаллифидир. Яқинда у Қуръоннинг замонавий ва ғарбда биринчи бўлиб ёзилган «Имдод-ал-Карам» тафсирини ёзиб тугатди. Ҳозирда у «Саҳиҳи Бухорий» ҳадислар тўпламига шарҳ ёзмоқда. Унинг асарларининг тўлиқ рўйхати билан www.alkarampublications.com сайтида танишишингиз мумкин.

Ташрифга доир маълумотларни бизнинг порталимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифларимиз орқали кузатинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2715 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ийсор нима? Шукр фазилати »

Мақолалар

Top