Мақолалар

Уламоларни мазаҳ қилиш жоҳиллик ва нодонликдир

Ёмонликдан қайтариш

بسم الله الرحمن الرحيم

وَلَئِن سَأَلْتَهُمْ لَيَقُولُنَّ إِنَّمَا كُنَّا نَخُوضُ وَنَلْعَبُ قُلْ أَبِاللّهِ وَآيَاتِهِ وَرَسُولِهِ كُنتُمْ تَسْتَهْزِئُونَ

لاَ تَعْتَذِرُواْ قَدْ كَفَرْتُم بَعْدَ إِيمَانِكُمْ إِن نَّعْفُ عَن طَآئِفَةٍ مِّنكُمْ نُعَذِّبْ طَآئِفَةً بِأَنَّهُمْ كَانُواْ مُجْرِمِينَ

«Қасамки, агар улардан (нега масхара қиласиз, деб) сўрасангиз, албатта, улар: “Биз фақат (баҳсга) чўмиб, ҳазиллашяпмиз”, дейишади. Айтинг: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингизку?! Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз. Агар сизлардан бир тоифани (тавба қилгач) афв этсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганлари сабабли азоблаймиз» (Тавба сураси, 65–66-оятлар).

Ояти карималарнинг нозил бўлишига қуйидаги ҳодиса сабаб бўлган. Муфассирларнинг ёзишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Табук ғазоти сафарида дам олиб ўтиришганда бир киши: “Анави қориларимизга ўхшаган қорни каттасини, ёлғончисини ва қўрқоғини кўрмадик!” деди. Ўша мажлисда ўтирганлардан бири унга: “Ёлғон айтдинг, сен мунофиқсан! Албатта, бу гапингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказаман!” деди ва уни Набий алайҳиссаломга етказганида ушбу оятлар нозил бўлган эди».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Мен ўша одамни кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари жабдуғига осилиб, суриниб, тошларга қоқилиб: “Ё Расулаллоҳ! Биз фақат гапга киришиб кетиб, ҳазил тариқасида шу сўзни айтиб юбордик!” дея зорланарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ушбу оятни такрорлардилар: «Айтинг: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингиз-ку?! Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз” (Тавба сураси, 65–66-оятлар).

Олусий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Истеҳзо камситиш ва масхаралашдир”.

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ: «“Истеҳзо” пастга уриш, камситиш ва айб-нуқсонлар устидан кулиш орқали танбеҳ бериш бўлиб, гоҳида иш-ҳаракат билан, гоҳо сўз билан, гоҳида эса имо-ишора билан ҳам бўлади. Истеҳзонинг асли енгилтакликдан келиб чиққан. Араблар туянинг тезлаб, лўккиллаб кетишига истеҳзо калимасини қўллашади» деган (“Руҳул маъоний”, 1/158).

Уламолар аҳли илм ва солиҳ зотларни истеҳзо қилиш кофирларнинг сифатларидан ва мунофиқларнинг хислатларидан эканини алоҳида таъкидлашган. Бунга Аллоҳ таолонинг бир неча оятлари очиқ ишора қилади (Қаранг: Бақара сураси, 14–15- ва 212-оятлар; Муъминун сураси, 103–111-оятлар ва ҳоказо).

Истеҳзодан, асосан, Ислом динига душман бўлган гуруҳлар ва уларнинг “дум”лари фойдаланишади. Улар қадимдан мусулмон уламоларни масхара қилиш сиёсатини амалга ошириб келишади. Бу услуб билан илм улуғворлигини кетказишни хоҳлашади.

Мусулмон кишининг зиммасидаги вожиблардан бири уламоларни ҳурмат қилиш, солиҳларга муҳаббатли бўлишдир. Шариат айнан ушбу муҳаббат ва ҳурмат борасида ҳаддан ошмаслик ҳамда сусткашликка йўл қўймасликни шарт қилган.

Туҳматлар асоссиз бўлса-да, тинмай тарқатилаверилиши оқибатида айрим эътиборли олимлар ёмонотлиққа чиқиб қолади. Ҳозир ҳам бу услубдан билиб-билмай фойдаланаётган ёш ва ғўр мусулмонлар учраб турибди. Айрим ўринларда улар машҳур уламоларни “хоин”, “зулм малайи”, “динфуруш”, “ширкка чақирганига исбот бор”, “зино ва фаҳшга фатво берган!” деб айблашмоқда.

Бу ишларини “ҳақни гапиряпмиз” деган шиор остида амалга оширишади. Ваҳоланки, улар омилигини очиқчасига тан оладилар. Жоҳилнинг: “Ҳақни айтяпман”, дейиши кўрнинг: “Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!” дейишига ўхшайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлжа тақсим қилаётганларида бир нобакор келиб: “Эй Муҳаммад, адолат қил!” деганида нимани назарда тутди экан? Бугун ҳам уламоларни беҳуда айблаётган нобакорларнинг мақсади нима?

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуни пичоқлаган разил кимса хотин дардида ушбу жирканч ишга қўл урмаганмиди?!

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга қилич урганлар мансаб савдосида ёнганлар эмасмиди?! Улар ҳам “ҳақни айтаяпмиз” деган даъвони қилишмаганмиди?

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга: “Ҳукм ёлғиз Аллоҳникидир!” деганлар ҳақни айтган бўлсалар-да, мақсадлари ботил эмасмиди?! Хаворижлар дастлаб ҳазрат Али тарафдори сифатида жанг қилишган, кейинроқ таҳким ҳодисасини баҳона қилиб, Али розияллоҳу анҳуни ҳам, Муовия розияллоҳу анҳуни ҳам кофир деб эълон қилишган эди. Булар ҳақпарвар эканлари ҳақида жар солиб, шу шиор билан ҳазрат Алидек зотни қатл қилишмаганмиди?

Эътибор беринг! Ушбу жиноятларнинг барчаси “ҳақни айтяпмиз”, деган даъво ила амалга оширилган. Бугунгача шу руҳият давом этмоқда.

Динимиз душманлари оммавий ахборот воситалари орқали “сўз эркинлиги”, “виждон эркинлиги”, “зулмга хизмат қилаётганлар”, “золим давлатлар”, “сиёсий маҳбуслар”, “сарой муллалари” ва ҳоказо сўзлар билан давлатларини ёмонлаш, динни, унинг айрим уқувсиз хизматчиларини сабаб қилиб, бемаъни сўзлар билан қоралаш, ҳар қандай йўл билан уламоларни таҳқирлашни буюришади. Бунинг оқибатини ўйлаб ўтирмайдиган кишилар бу фитналарга осонгина қўшилиб кетишади.

Ҳар қандай фитна унсурларига қарши илоҳий дастуримиз энг маъқул кўрсатмаларни берган. Шариатимиз масхара, истеҳзо, камситиш, таҳқирлаш кабиларни қаттиқ қоралар экан, улар орқали юзага чиқадиган салбий вазиятларнинг олдини олган.

Мухтасар айтганда, мазкур ояти карималарга кўра, инсон бир сўз ёки бир амал билан кофир бўлиб қолиши мумкин. Илмни ва олимларни истеҳзо қилиш, беҳурмат этиш айнан куфрга тушириб қўювчи хатарли ишлар жумласидандир.

 

Аброр Мухтор АЛИЙ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси

2631 марта ўқилди

Мақолалар

Top