Мақолалар

«Фиқҳи акбар» китоби

 (давоми)

 7-қисм

Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ва мусҳафларимизга ёзилгандир. Унинг барча оятлари фазилат ва улуғликда Аллоҳнинг каломи бўлгани учун баробардир. Аммо баъзи оятларнинг ўқилиши ўзи фазилатли бўлса, бошқалари ундаги зикр этилган нарсалар сабабли фазилатга эгадир. Масалан, «Оятул­Курсий»да Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги ва сифатлари зикр этилган. Демак, унда иккита фазилат жам бўлган – зикр ва мазкур фазилатлари. Кофирлар тўғрисида келган оятларда фақат зикр фазилати бўлиб, мазкур этилганлар кофирлар бўлганлари учун иккинчи фазилат тушиб қолади. Шунингдек, Аллоҳнинг исм ва сифатлари фазилат ва улуғликда барчаси тенгдир, бир­биридан бу жиҳатдан фарқ этмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота­оналари фитрат (исломий табиат – ислом)да вафот этганлар. Амакиси Абу Толиб кофирлик ҳолида оламдан ўтган. Қосим, Тоҳир, Иброҳим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари, Фотима, Зайнаб, Руқайя ва Умму Кулсум – қизларидир.

Ҳар кимга тавҳид ва ақида илмига доир бирор мушкил масала учраб қолса, то бирор олимни топиб, сўраб, аниқлаб олгунига қадар: «Аллоҳнинг наздида тўғри бўлганига эътиқод қилдим» – деб туриши зарур. Олимни излашда тахир этмагай. Тахирга қўйса узри қабул этилмас. Агар излашдан тўхтаса, кофир бўлур.

Меърож воқеаси ҳақ ва ростдир. Ҳар ким уни инкор этса, у залолат ва бидъат аҳлидир.

Дажжол ва Яъжуж­Мажужнинг чиқишлари, қуёшнинг кун ботар томонидан чиқиши, Исо (а.с.)нинг осмондан тушишлари ва бошқа қиёмат аломатлари саҳиҳ хабарларда зикр этилганидек ҳақ ва ростдир.

Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини тўғри йўлга ҳидоят этгай! 

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг Фиқҳи акбар” китоби)

3052 марта ўқилди

Мақолалар

Top