Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди: ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ ШАФОАТЛАРИ ҲАҚ ВА РОСТДИР

Пайғамбарларнинг, шу жумладан, бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳкор мўъминлар жазога мустаҳиқ кабира гуноҳ эгалари ҳаққига қилажак шафоатлари ҳақ ва ростдир.

Қиёмат куни амалларнинг ўлчаниши, тарозу ҳақ ва ростдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳавзи Кавсарлари ҳақ ва ростдир.

Хамслар ўртасида савоблари билан ҳисоб-китоб қилиниши, агар савоби бўлмаса, гуноҳларидан олиб берилиши ҳақ ва ростдир.  

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ: Жаннат ва дўзах шу кунда ҳам мавжуддир 

Жаннат ва дўзах шу кунда ҳам мавжуддир. Улар абадий, фоний бўлмайдилар. Жаннатнинг нозу неъматлари, ҳуру ғилмонлари ҳам абадий барҳаётдирлар. Аллоҳнинг жазоси ҳам, савоби ҳам абадий, туганмасдир.

Аллоҳ таоло хоҳлаган кишини Ўз фазли билан ҳидоятга йўллар. Хоҳлаганини Ўз адли билан залолатга қолдирур. Яъни, Ўз розилиги сари тавфиқ ато қилмас. Бу Унинг адолатидир. Шунингдек, мазкур бетавфиқни жазолаши ҳам Унинг адли ҳисобланур.

Мўъмин кишининг имонини шайтон мажбуран суғуриб олмайди, балки банданинг ўзи имонни тарк этган пайтда у олиб қўяди.

Қабрда Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг кириб, марҳумдан савол сўрашлари ҳақ ва ростдир. Қабрда бандага руҳнинг қайтарилиши, қабрнинг кофирлар ва баъзи гуноҳкор мусулмонларни қисиши, уларнинг қабр азобини тортишлари ҳақ ва ростдир. 

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳи акбар” китоби)

 

2657 марта ўқилди

Мақолалар

Top