Мақолалар

Уламолар бисотларидан

Имом Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Баъзи тақводор зотлар кечаси бошларини эгиб, худди тиланчидек, қўлларини чўзиб, жим ўтиришар эди. Бу зорлик, мискинлик ва фақирликнинг энг етук кўринишидир. Бу кўриниш дуо пайтида қалбнинг Аллоҳ азза ва жаллага зорланиши, синиқлиги, муҳтожликни кучли ҳис қилиш ҳамда У Зотнинг ҳузурида ҳожати борлигининг белгисидир. Дуонинг ижобати (банданинг) берилиб, муҳтожлигини изҳор қилиб дуо қилиш миқдорига қараб бўлади. Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ “Уламолар “Дуонинг афзали Аллоҳга муҳтожлигини кўпроқ изҳор қилиб, Унга тазарруъ қилиб дуо қилишдир” дейишар эди” деганлар”. 

Намозда хушуъ қилиш

*****

Ҳукамолардан баъзилари шундай дейишган: “Моли камайганига маҳзун бўлиб, умри тугаб бораётганига маҳзун бўлмаган кишидан ажабландим”.

Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳнинг “Заммуд дунё” асарларидан

*****

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

“Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида фақат икки нарсани шифо сўзи билан сифатлаган: Қуръонни ва асални. Буларнинг иккиси ҳам шифодир. Қуръон қалбларнинг шифоси бўлиб, қалб учун гина, адашиш, шубҳа ва шаҳватлардан шифодир. Асал эса танага шифо бўлиб, тана учун кўплаб касалликлардан, чиқиндилардан ва офатлардан шифодир”.

“Саодат ҳовлисининг калити”

*****

Аллоҳ таоло:  “Уй”ни одамлар учун масаба... жойи қилганимизни эсланг” деб марҳамат қилган.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу оят борасида шундай деганлар: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу оятда Байтини одамлар учун масаба қилганининг хабарини бермоқда. Яъни одамлар дунёнинг турли бурчакларидан ҳар йили у ерга келадилар. Ҳеч қачон у ерга боришдан умидни узмайдилар. Киши Байтнинг зиёратига қанча кўп борган бўлса, шунча соғинчи ортаверади”.

“Зодул маъод”

*****

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ ўғилларининг тарозу палласини кийими билан артаётганини кўрдилар ва ундан “Нега бундай қиляпсан?” деб сўрадилар. Шунда фарзандлари “Мусулмонларга йўлдан учиб тушган чангни тортиб бермаслик учун” деб жавоб берди. Бу жавобни эшитган Фузайл раҳимаҳуллоҳ йиғладилар ва “Албатта, сенинг бу ишинг, эй болажоним, менинг наздимда иккита (нафл) ҳаж ва йигирмата умрадан афзалдир” дедилар.

“Улуғлар уммати”

*****

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Оғриқ ва машаққатлар ё эҳсон ва раҳмат. Ё адл ва ҳикмат. Ё ислоҳ ва ундан кейин келадиган яхшиликка тайёрланиш. Ёки ундан-да қийинроқ оғриқни даф қилиш (га сабаб)дир”.

“Иллатлар шифоси”

*****

Саъийд Жарийрий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “(Салафи солиҳларимиз) кундузларининг аввалини ҳожатларини битириш, турмушларини ислоҳ қилиш билан, кундузларининг охирини эса Роббиларига ибодат қилиб, намоз ўқиш билан ўтказардилар”.

Ҳилятул авлиё

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2410 марта ўқилди

Мақолалар

Top