Мақолалар

Тижоратдаги хиёнатнинг оилага таъсири

Подшоҳ вазирини чақириб бозорнинг баъзи жойларидан шикоят борлигини айтиб,  тартибга солишни топширди. Оқил вазир бозорни айланаркан, бир йигит қўли қўлига тегмай савдо қилаётганини кўрди. Синчиклаб қаради-да, унинг тижоратида хиёнат борлигини сезди. Ўзини танитмай бозорни назорат қилишда давом этди.

Бироз ўтиб, бояги савдогар йигитнинг олдига қайтиб келаркан: “Ҳорманг, савдолар жуда яхши-ку!” деди. Савдогар йигит: “Аллоҳга шукр”, деди. Унинг кўзларидаги маъюсликни пайқаган доно вазир яқинроқ келиб: “Аҳволинг қалай, оила тинчми, фарзандлар нечта?” деб сўради. Йигит тўлиб турган кўнглини бехосдан бўшатиб: “Эй отахон, бир кам дунё деганлари шу бўлса керакда, савдоларим кўриб турганингиздек яхши, бироқ оилам нотинч, хотиним тузалмас дардга чалинган, бир қизим ногирон туғилган, яқинда эса соппа-соғ ўғлим пастгина жойдан йиқилиб, у ҳам мажруҳ бўлиб қолди, кичик ўғлим эса тинмай йўталади” деди.

Ташвиши кўплигини билган вазир унга: “Юринг бозор айланамиз, кўнглингиз бироз ёзилади”, деди-да, ҳалол савдо қилаётган, лекин олдида харидор кам бўлган дўкондор олдига бошлаб борди. Ундан ҳол-аҳвол сўради. У ҳам Аллоҳга шукр айтиб: “Савдоларимиз Аллоҳ ризқ қилганича яхши бўляпти, оилам тинч, тўрт ўғил, уч қизим бор, ҳаммаси соғу саломат, ҳаммаси ўқимишли, онаси ҳам болаларим билан бирга кексайган ота-онам хизматида, бундан хотиржам, бахтли ҳаёт бўлмаса керак”, деди.

Бироз суҳбатдан сўнг вазир дўкондордан узр сўраб аввалги савдогарни четга тортди ва: “Эй ўғлим сиз бу йигитдан ўн баробар кўп савдо қиласиз, аммо тижоратингизда хиёнат бўлгани учун хонадонингизда барака йўқ, хотинингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам касалдан чиқмайди. Ҳасрату надоматингиз оламга сиғмайди. Бу дўкондор озгина бўлса-да ҳалол савдо қилади, шунинг учун ота-онаси, хотин, бола-чақалари ҳаммалари соғ-саломат хотиржамликда яшайди, мен вазир сифатида сизни огоҳлантираман, тижоратингизда яна бир бор хиёнатни кўрсам сизга қонуний жазо қўллайман, ўйлайманки кўзингиз очилди”, деб ўзини танитди...

Огоҳ бўлинг, ибрат олинг азизларим! Диёнат фақат ибодатда эмас, ижтимоий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида бўлиши керак!

Абдулмажид ИСАҚОВ,
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби

2282 марта ўқилди

Мақолалар

Top