Мақолалар

Роббимнинг раҳмати - Ҳабибим

(1-қисм) 

Оналарининг қорнида 2 ойлик бўлганларида оталаридан айрилдилар.

Таваллуд топгач, бир муддат оналари билан яшаб, кейин Ҳалима онамизнинг уйларига кетдилар.

4 ёшга етганларида яна оналари Оминанинг бағрига қайтдилар.

6 ёшга етганларида оналари билан Мадинага, оталарининг қабрини зиёрат қилгани бордилар.

Мадинадан қайтишда Абво деган жойда оналари ҳам вафот этдилар.

Маккага келганларидан сўнг 8 ёшларигача боболари Абдулмутталибнинг бағрида униб-ўсдилар.

8 ёшга етганларида боболари ҳам вафот этиб, амакилари Абу Толибнинг қарамоғига ўтдилар.

Абу Толиб ва унинг аёли кичик Муҳаммад алайҳиссаломни ўз болаларидан кўпроқ яхши кўрар эдилар.

12 ёшга етганларида амакилари билан Шомга савдо юмуши билан бордилар. Йўлда у кишига бир булут соя солиб борди.

25 ёшларида Макканинг бой ва покиза аёлларидан бўлмиш Хадижа бинт Хувайлид у кишини савдо ишларига таклиф этади.

Савдо юмуши билан яна бир бор Шом тарафларга борадилар. Хадижанинг хизматкори Майсара Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда ажиб ҳолатларни кўради. Яъни устларида бир булут доим соя солиб юрганининг гувоҳи бўлади ва Маккага қайтиб, саййидаси Хадижага бу ҳолни сўзлаб беради.

Шу воқеадан сўнг Хадижа бинт Хувайлид у зот алайҳиссаломга оила қуриш таклифини билдирадилар. У зот алайҳиссам амакилари Абу Толиб билан маслаҳатлашгач, бу таклифни қўллаб-қувватлаб, Хадижанинг уйига совчиликка боришади.

Ажойиб тўй бўлиб ўтади.

Тўй ўтгач, дунёдаги энг бахтиёр оиланинг турмуши бошланади. Энг покиза қалблар биргаликда яшай бошлайдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гўзал оиланинг соҳиби сифатида бутун дунё эркакларига ибрат бўладиган ҳаёт кечирадилар.

Рамазон ойида Макка яқинидаги Ҳиро ғорида тафаккурга берилиб, бу оламнинг бежизга яратилмагани ҳақида фикр юритадиган одатлари бор эди.

40 ёшларида Рамазон ойида одатларига кўра Ҳиро ғорида ўйга берилиб турганларида, Жаброил алайҳиссалом келиб, “Ўқи!” дейдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ўқишни билмайман” дейдилар. Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом у зот алайҳиссаломни қаттиқ қисиб, қўйиб юборадилар-да “Ўқи!” дейдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна “Мен ўқишни билмайман” дейдилар. Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом иккинчи марта ҳам қисиб, қўйиб юбориб, “Ўқи!” деганларида у зот алайҳиссалом яна “Мен ўқишни билмайман” дейдилар. Фаришта Жаброил алайҳиссалом учинчи марта қисиб, қўйиб юборгач, “Ўқи!” деганларида бу сафар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ўқишни билмайман” деб жавоб берадилар. Ана шунда улуғ фаришта «Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Роббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», (Алақ сураси, 1-5-оятлар) оятларини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етказадилар. Бу оятлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида нақшланиб қолади.

Ҳа, Абдулмутталибнинг ёш вафот этиб кетган севикли ўғли Абдуллоҳнинг ёлғиз фарзанди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга оламлар Роббидан нозил қилинажак Қуръоннинг илк оятлари ана шу тарзда нозил бўлган эди.

Муҳаммад Соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятлар нозил бўлгандан сўнг Набий бўлдилар. Набий Аллоҳ таолодан ваҳий келадиган киши деганидир.

Бу воқеадан ҳаяжонланган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севикли аёллари Хадижа бинт Хувайлиднинг ҳузурига йўл оладилар. Бориб, “Мени ўраб қўйинглар!” дейдилар. Аёллари у кишини титроқлари босилгунича яхшилаб ўраб қўядилар.

Аллоҳ насиб этса, давоми бор

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2332 марта ўқилди

Мақолалар

Top