Мақолалар

Вақт олтиндан қиммат

Гўзал ва бетакрор юртимиздаги барча инсонлар, улар қандай мавқега эга бўлишларидан қатъи назар, бизларга берилган неъматлар қадрига етиб уни исроф қилмасликка буюрилганмиз. Вақт бу неъматлар ичида энг қимматлисидир. Вақт инсон сарф киладиган асосий дастмоядир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини унумли ва фойдали амаллар қилишга сарфлаши вожибдир. Вақт қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир. Азиз фарзандларимиз, ёшларимиз олтиндан қиммат бўлган вақт қадрига етишлари ва ундан оқилона фойдаланишлари ва уни ғанимат билишлари зарурдир. Юртимизда очиб берилган илм даргоҳлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилган имкониятлардан ҳар бир ёш авлод унумли фойдаланиб, порлоқ келажак учун астойдил ҳаракат қилишлари керак. Инсон фарзанди ўз олдига мақсадни қўйиб, унга эришиш учун ўз вақтини беҳуда ўтказмасдан режа асосида ишламоғи лозим. Аллоҳ таоло марҳамат килиб бундай дейди: "Ҳар бир умматга (жазо учун) муҳлат (белгиланган). Қачонки уларнинг муҳлати келар экан, (уни) бирор муддат кечга ҳам, илгари ҳам сура олмаслар".

Шундай экан, бебаҳо вақтларимиз, кунларимиз, соату дақиқаларимиз ҳисоб-китобли эканини асло унутмаслигимиз даркор.

Исо (алайҳиссалом) бир кун чўлда кетар эканлар, қуёш жазирамасида ибодат қилаётган одамни кўриб қолдилар. Ибодат қилаётган одамдан сал нарироқда дарахтзор  бор эди. У негадир  дарахтлар соясида эмас, қуёш қизитиб турган ерда ибодат қиларди. Исо (алайҳиссалом) у одамга яқин келиб: “Эй ибодат қилаётган зот! Нега сен бу жазирама иссиқда ибодат қилдинг? Олдингдаги дарахтлар салқинига ўтиб ибодат килишинг мумкин экан, нега шундай жазирамада ўзингни қийнамоқдасан?”, деб сўрадилар.

У одам бундай жавоб берди: “Ё набиюллоҳ! Шу қадар қисқа умр ичида офтобдан сояга бориш вақти борми? У соя-салқинга бориш учун вақтимни сарф қилишим хато-ку. Шу вақтимни ибодат билан ўтказганим афзалдир. Ҳазрат Исо (алайҳиссалом) бу одамни маъқуллаб, сен билганингдек ибодат қилавер, сен Аллоҳнинг ақл неъматини олган бир бахтиёр бандасисан,  деб йўлида давом этди.

Инсоннинг умри шу қадар қисқаки, одам кўзини очиб юмгунча ўтиб кетади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказганлиги, ёшлигида нима қилганлиги, молини қаердан топиб нимага сарф килганлиги, илмига қай даражада амал қилганлиги ҳакида", дедилар.

Демак, ёшларимиз ўз вақтларини беҳудага сарф қилмасликлари лозим.

Олтинга тенг вақтингни,

Қадрига ет эй инсон.

Юрма ҳаяллаб зинҳор,

Ғанимат бил умрингни.

Вақт сотилмас бозорда,

Сарф қилинмас бекорга.

Ғаниматдир ҳар бир он,

Шуни билгин эй инсон.

 

Равшан КАМОЛОВ,

 Бухоро шаҳар Сайфиддин Бохарзий

 масжиди имом-хатиби  

 

6038 марта ўқилди

Мақолалар

Top