Мақолалар

Ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Аллоҳ таоло беадад ҳамду саноларимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

وَلَا تَسُبُّواْ ٱلَّذِينَ يَدۡعُونَ مِن دُونِ ٱللَّهِ فَيَسُبُّواْ ٱللَّهَ عَدۡوَۢا بِغَيۡرِ عِلۡمٖۗ كَذَٰلِكَ زَيَّنَّا لِكُلِّ أُمَّةٍ عَمَلَهُمۡ ثُمَّ إِلَىٰ رَبِّهِم مَّرۡجِعُهُمۡ فَيُنَبِّئُهُم بِمَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ

«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз, токи билмасдан, зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса қайтиб борадиган жойлари Раббларигадир. Бас, У қилиб юрган ишларининг хабарини берур» (Анъом сураси, 108-оят).

(Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Зеро, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрикнинг ҳам бунга жавобан Аллоҳ субҳонаҳу таолони ҳақорат қилишига сабабчи бўлиб қолади)

Биз мўмин-мусулмонлар эса Аллоҳ таолони ҳақорат қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазар қилмоғимиз керак. Ўзимизча, ожиз ақлимиз билан ўйлаб кўрадиган бўлсак, гўёки Аллоҳдан бошқага ибодат қилаётганларнинг олиҳаларини сўксак, бутхоналарини бузиб ташласак, уларнинг куфр эътиқодларига мувофиқ бўлган ҳар қандай фаолият ва ҳаракатларини тўхтатиб, ҳар тарафлама назорат остида зўравонлик билан ушлаб турсак, бунда фойда бордек туюлади. Лекин бу – ўзимизнинг шахсий фикримиз, ҳис туйғумизнинг натижаси бўлиши мумкин. Аслида эса биз мўмин-мусулмонлар ҳар бир ишимизда шариатнинг таълимотларига мурожаат қилишимиз лозим. Шариатнинг ҳукми бизнинг ўйлаган режаларимизга, ғояларимизга зид бўлса ҳам, гўёки бизга зарарли бўлиб кўринса ҳам, барибир шариатнинг ҳукмига бўйсунишимиз шарт. Зотан, Аллоҳ таоло Ўз шариатида бирорта ҳукмни ҳам беҳикмат жорий қилмайди. Аксинча, биз инсонлар кўпгина ишларни ўзимизча ҳал қилиб, ҳикмати ва манфаати бор деб ўйласак-да, баъзан бунинг тескариси бўлиб чиқади. Мазкур ояти каримада эса Аллоҳ таоло уларнинг олиҳаларини сўкишдан нима учун қайтарганининг ҳикматини ҳам баён этяпти.

«…токи билмасдан, зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар»
Минг афсуслар бўлсинки, мазкур ҳақиқатнинг маъно-моҳиятини, ҳикматини тушуниб етишга ҳаракат қилиш ўрнига ҳиссиёт ва ғазабга берилиб қолаётган баъзи мусулмонлар ўзларининг нодонликлари туфайли биз мўмин-мусулмонлар учун муқаддас туйғуларимизнинг, эътиқодларимизнинг ва ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақорат қилинишига, масжидларнинг вайрон қилинишига ва Ислом динининг шаънига қора доғлар тушишига сабабчи бўлиб қолишмоқда. Эҳтимол, бу ишларни ҳақиқий мусулмонлар қилмаётгандир. Аксинча, бу қабиҳ ишлар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш учун ёки бир юртда турли дин вакилларининг эмин-эркинликда, ўз динларига бемалол амал қилиб, тинч ва осойишталикда, ўзаро бағрикенгликда яшаётганини кўра олмаётган баъзи ғаразли кимсалар, гуруҳ ва жамоалар, балки махсус ташкилотлар томонидан уюштирилаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Лекин биз мусулмонлар ғоятда ҳушёр, зийрак бўлишимиз, атрофимизда содир бўлаётган ҳар хил фитна-фасодларга ва мураккаб жараёнларга теран назар билан қараб, тўғри хулоса чиқара олишимиз керак. Чунки бошқа дин вакилларининг эътиқодлари, бажараётган ибодатлари ўзлари учун энг тўғри йўлдир.

«Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик».
Демак, уларнинг ҳаракатлари, интилишлари ва истакларига қараб, Аллоҳ таоло уларнинг қилаётган амалларини ўзлари учун зийнатлаб қўйган. Ташқаридан қараган инсонга уларнинг қилаётган ишлари қанчалик кулгили ёки ачинарли кўринмасин, барибир ўзлари учун энг тўғри йўл ва эътиқоддир. Бу борада ўзларини мусулмон ҳисоблаётган баъзи бир гуруҳ ва жамоаларни ҳам мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ҳозирги кунимиздаги энг мутаассиб, жоҳил ва қонхўр қотиллардан ташкил топган фирқалар ҳам дунёни бошларига кўтариб, «Биз энг тўғри йўлдамиз, кимки бизнинг йўлимизда юрса, ҳидоят топади» каби баландпарвоз даъволар билан чиқишяпти.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«...Ҳар фирқа ўз ҳузуридаги нарса ила хурсанддир» (Мўъминун сураси, 53-оят).

Ҳа, бу илоҳий ҳикмат нақадар тўғри! Ҳар бир гуруҳ, ҳар бир жамоа, қандай бўлишидан қатъи назар, ўз ҳузуридаги нарса билан хурсанд бўлиб юраверади.

«Сўнгра эса қайтиб борадиган жойлари Раббларигадир. Бас, У қилиб юрган ишларининг хабарини берур».

Ана шунда ҳамма нарса аён бўлади,чунки у кунда ёлғиз ва мутлоқ ҳакам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам у жойда бирор кишининг ҳаққига заррача бўлса-да зулм қилинмайди. Аксинча, ҳар бир нарса ўз жойига қўйилади, ана ўшанда биз Аллоҳ таолонинг бизга нозил қилган таълимотларига тўғри ёндашиб, унга амал қилганимизнинг самарасини кўрамиз, иншааллоҳ. Аммо кимки Аллоҳни қўйиб, ҳар хил бут-санамларга ибодат қилиб юрган бўлса, ёки ўзини мусулмон ҳисобласа-да, лекин Аллоҳ таолонинг шариати аҳкомларига тўғри ёндашмай, гуноҳ ишлар қилиб, уларни ўзича ҳақ ва рост деб юрган бўлса, Аллоҳ таоло бу ишларининг хабарини ҳам албатта беради.

ما جاء في الصحيح أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "ملعون من سب والديه". قالوا يا رسول الله، وكيف يسب الرجل والديه؟ قال: "يسب أبا الرجل فيسب أباه، ويسب أمه فيسب أمه"

«Саҳиҳ»да келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз ота-онасини сўкса, малъундир»  дедилар. «Ё Расулуллоҳ! Киши ўз ота-онасини қандай қилиб сўкади?» дейишди. У зот: «Бир кишининг отасини сўкади, шунда у ҳам бунинг отасини сўкади. Бир кишини онасини сўкади, шунда у ҳам бунинг онасини сўкади», дедилар.

Ҳа, азизлар, киши ўз дининг аҳкомларини яхши тушуниб етмаганлиги туфайли ёки бирор устоздан тартибли равишда илм-маърифат ҳосил қилмаганлиги боис билиб-билмай малъун бўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динимизнинг энг буюк ҳикматларидан бирини шарҳлаб, катта гуноҳ-маъсиятдан сақланиш йўлини ҳам ўргатмоқдалар. Ушбу ҳадисда айтиб ўтилаётган гуноҳ ҳозирги кунда жамиятда энг кўп тарқаган иллатлардан биридир. Афсуски, бу иллатсиз ҳаётни тасаввур ҳам қилиб бўлмай қолди. Икки кишининг ўртасида бирор низо чиқса, ўйлаб ўтирмасдан бир-бирига нисбатан юқоридаги ҳақорат сўзларни ишлатишади, бунинг натижаси тўғрисида эса ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда «Бир кишининг отасини сўкади, у ҳам бунинг отасини сўкади. Бир кишининг онасини сўкади, шунда у ҳам бунинг онасини сўкади», дейилган.

Демак, киши бировни ҳақорат қилаётганда бунинг натижасида ўзининг, ота-онасининг ёки юқоридаги ояти каримада айтилганидек, Аллоҳ таолонинг ҳақоратланишига сабабчи бўлаётганлигини ўйлаб кўриши керак. Агар шу туйғуни бутун вужудига яхшилаб сингдира олса, ҳеч қачон мусулмонлар учун муқаддас бўлган туйғуларнинг ёки ўзи учун дунёда энг азиз, мукаррам зотларнинг – ота-онасининг ҳақоратланишига йўл қўймайди.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

  Олмазор тумани «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

«Олтин қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

 

5062 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Вақт олтиндан қиммат Ал-Ҳаким ат-Термизий »

Мақолалар

Top