Мақолалар

ЛАЪНАТЛАНГАН АМАЛ

Мукаммал Ислом дини жамият учун зарар бўлган барча амалларни гуноҳлар сарасига қўшди. Ҳаттоки, бундай амалларнинг оз миқдордагисига ҳам рухсат бермади. Балки, бундай гуноҳларга нисбатан қаттиқ жазолар, маъломат ва хатарлар борлигини такрор-такрор эслатди. Баъзиларини Қуръон билан, баъзиларини эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан харом қилди. Мўминларни бу жирканч ишларни қилишдан қайтарди.

Мана шундай қайтарилган амаллардан бири бу – порахўрлик яъни, замонавий тил билан айтганда коррупциядир. Порахўрликнинг хатари, унга берилган жазо ва маломатнинг миқдорини ушбу қисқагина ҳадис орқали билишимиз мумкин. Машҳур саҳобалардан бўлган Савбон розияллоҳу анҳу айтадилар: “ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар”. (Имом Аҳмад ривояти)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан озгина хабари бор инсон биладики, у зот муомала ва ахлоқда тенгсиз эдилар. У кишининг муборак забонларидан ҳар хил фаҳш, маломат, таъна ва лаънат сўзлари чиқмас эди. Ўзларига берилган турли озорларга, озор берган кимсаларга ҳам дуойибад, қарғиш ёки лаънат сўзларини айтмаганлар.

Бироқ, порахўрлик шундай иллатки, унинг гуноҳи шу қадар улканки, шунинг учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  пора берганни ҳам, олганни ҳам ва ҳатто  уларнинг ўртасида  воситачи бўлиб турган инсонни ҳам  лаънатладилар. Бу бежиз эмас албатта. Бунинг ўз сабаблари бор.

Баъзи гуноҳларнинг зарари фақат ўз соҳибига тегади. Бошқалар учун зарар келтирмайди. Яна баъзи гуноҳлар борки, унинг зарари саноқли кишиларгагина таъсир қилади. Ва яна шундай гуноҳлар, иллатлар борки, уларнинг оқибати бутун жамиятга зарар келтиради. Инсонларниг келажагига, миллатнинг ва юртларнинг ривожланишига тўғаноқ бўлади. Порахўрлик ҳам айнан шундай, бутун жамиятга ва келажакка зарар келтирувчи гуноҳлар сарасига киради.

Қолаверса, порахўрлик Аллоҳ таолонинг бир нечта фарзларига эътиборсиз бўлишга, уларга амал қилмасликка, бир қанча гуноҳ амалларнинг содир бўлишига йўл очади. Масалан, биргина таълим соҳасидаги коррупция илм-фан ва маърифатга зарба беради. Пора эвазига ўқишга кирган, пора эвазига имтиҳондан ўтган талаба учун илмнинг қиймати бўлмайди. Балки, у талабада “пул илмдан кўра кучлироқ воситадир”, деган тасаввур пайдо бўлади. бу эса ўз навбатида, “илм олиш фарз” деган буйруққа нисбатан эътиборни йўққа чиқаради. Жамиятда ўз соҳасининг билимдонлари камайишига, бу сабаб инсонлар орасида муроса ва хотиржамлик йўқолишига, турли хил қийинчиликларнинг юзага келишига олиб келади. Порахўрлик кишилар ўртасида адолат қилишга тўсқинлик қилади. Кимларгадир зулм қилишга йўл очади. Кишиларда адолатга, эзгуликка, жамият ва давлатга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлишига ҳамда бундан бошқа жудаям кўп иллатларнинг юзага чиқишига сабаб бўлади. Айнан шунинг учун ҳам, Росулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам порага, коррупсияга алоқадор бўлган барча кишиларни энг оғир сўз бўлган лаънат билан зикр қилдилар.

Бугун давлатимиз, хусусан юртбошимиз томонидан коррупцияга қарши қаттиқ кураш йўлга қўйилди. Жазолар ва назоратлар кучайтирилди. Бу албатта қувонарли хол. Чунки, давлат раҳбарининг талаби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг талаби билан, Аллоҳ таолонинг талаби билан мувофиқ тушмоқда. Мақсадлар бир нуқтада бирлашмоқда. Демак, юртбошимизнинг мақсади ҳам айнан жамиятнинг ривожи, адолат ва шаффофликни таъминлаш, зулм ва ноҳақликларга барҳам беришдир. Бу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз керак. Ўзини мўмин санаган, дин, миллат, юрт ва жамият ривожи учун бефарқ бўлмаган ҳар қандай шахс коррупцияга қарши бирлашиб ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. зеро, Роббимиз бизни шунга буюрган: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. (Моида сураси, 2-оят)

Азизлар! Роббимиз чақирган ҳамкорликка сизларни ҳам қўшилишингизни истайман. Унутманг! Бу ҳамкорликдан ҳеч ким зарар кўрмайди.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

2507 марта ўқилди

Мақолалар

Top