Мақолалар

ВАТАНГА ХИЁНАТ ОҒИР ГУНОҲ

Юртга муҳаббат, унга садоқат иймонли кишиларнинг хислатидир. Ватанга бўлган муҳаббатнинг энг гўзал намунасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини доимо она Ватанга муҳаббатли бўлишга чорлаганлар: “(Эй Макка!) Агар қавмим мени сендан чиқармаганда, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим”, дейдилар. Бутун инсоният учун ўрнак бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз юртларини севиб ардоқлаганлар.

Ватанга хиёнат энг оғир гуноҳлардан биридир. Шу ўринда бир савол туғилади. Билиб билмасдан нотўғри йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз, айниқса, ноқонуний йўллар билан чет элларга кетган ва манфур жангари гуруҳларга қўшилиб олиб, ўз юртига қарши бўлмағур пўписалар қилаётган баъзи бир ватанфурушлар инсоният олдида, Аллоҳ таоло ҳузурида нима деб жавоб беришади?

Унутмайликки Аллоҳ таоло ватан хоинларини бу дунёда ҳам охиратда ҳам қаттиқ азобга мубтало килади. Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ватанга садоқати, унинг учун жон берганликлари тилларда достон бўлган. У кишига душман тараф одам юбориб сиз ва шогирдларингиз шаҳардан чиқиб кетишларингиз мумкин деганида, у киши бу таклифни рад этиб: «Ватанимнинг яхши кунларида шу ерда бўлсаму, унинг учун оғир ва ёмон кунда уни ташлаб кетаманми?» деганлар. Бу ҳаётий ҳақиқатда барчамиз учун катта ибрат, огоҳлантириш бор.

“Хиёнат” сўзи луғатда бирор нарсага нисбатан зиммадаги мажбуриятни адо этмаслик, ўртадаги келишув ёки аҳдномани бузмоқлик деган маъноларда ишлатилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ватанга хиёнат деганда, инсон ўз юртига нисбатан зиммасидаги фуқаролик бурчини адо этмаслиги, унинг тинчлиги ва равнақига ҳисса қўшмаслиги, аксинча тинчлигини бузишга ҳаракат қилиши тушунилади. Демак, шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг зиммасида, унинг имконияти даражасида адо этиши лозим бўлган бурчлари мавжуддир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қалбда имон билан куфр жамланмайди, ёлғон билан ростгўйлик бирга жамланмайди, хиёнат билан омонатдорлик бирга жамланмайди”, деб марҳамат қилганлар. Демак, хоин киши омонатсиз ва ишончсиздир. Омонатдор, ишончли кишилар ҳеч қачон хиёнат қилмайдилар. Ундай одам ўз аҳли оиласига, фарзандларига, қавму қариндошларига, дўсту биродарларига ва табиийки, она Ватанига ҳам садоқатли, вафодордир.

Она Ватан ҳеч қачон сотилмайди, унга хиёнат ҳам қилинмайди. Демак, бундай хиёнатни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. Ватанга муҳаббат ва уни асраб авайлаш туйғуси ҳар бир ватан тушунчасини англаб етган фуқаро қалбида ёшлигиданоқ шаклланиши ва ўрин топиши зарурдир.

 

Абдримов Азимбой

Янгиариқ тумани “Саид Абдулло Румий” масжиди имоми

2240 марта ўқилди

Мақолалар

Top