Мақолалар

Қуръон тинглашнинг 15 та фойдасини биласизми?

Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган Каломи бўлиб, самовий китобларнинг сўнггисидир. Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган энг катта мўъжизадир. Қуръонни тиловат қилиш, тинглаш, оятлар маъноси борасида тафаккур, тадаббур қилиш савоби улуғ амаллардандир. Қуръони Каримни тинглашнинг кўплаб фойдалари бор.

1. Қуръонни тинглаш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُواْ لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз”. (Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар. Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор.) (Аъроф сураси, 204-оят)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти)

2. Қуръонни тинглаш иймон нурининг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَاناً وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси, 2-оят)

3. Қуръонни тинглаш инсоннинг ҳидоятига сабаб бўлади. Қуръонни тинглаган, ўқиган, ундаги ҳукмларга амал қилган, оятлари маъносини тадаббур қилган кишилар дунё ва охиратда адашмайдилар, бадбахт бўлмайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 إِنَّ هَـذَا الْقُرْآنَ يِهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْراً كَبِيراً

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур” (Исро сураси, 9-оят)

4. Қуръонни тинглаб, ундаги ҳукмларга амал қилганларга улкан хушхабар берилган. Қуръони Карим ундай кишиларни “Аллоҳ ҳидоят қилганлар” ва “соғлом ақл соҳиблари” деб васф қилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

فَبَشِّرْ عِبَادِ الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ أُوْلَئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّهُ وَأُوْلَئِكَ هُمْ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ

“Бас, бир бандаларимга хушхабар бер. Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 17-18-оят)

5. Қуръонни тинглаш тингловчига бу дунёда йўлини ёритувчи нур берилишига ва охиратда ҳам сирот узра юришига, ҳалокатдан қутилишига кўмак берувчи нур берилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَكَذَلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ رُوحاً مِّنْ أَمْرِنَا مَا كُنتَ تَدْرِي مَا الْكِتَابُ وَلَا الْإِيمَانُ وَلَكِن جَعَلْنَاهُ نُوراً نَّهْدِي بِهِ مَنْ نَّشَاء مِنْ عِبَادِنَا وَإِنَّكَ لَتَهْدِي إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ صِرَاطِ اللَّهِ الَّذِي لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ أَلَا إِلَى اللَّهِ تَصِيرُ الأمُورُ

“Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин, Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан”. (Аллоҳ Таоло бу ояти каримада Қуръони Каримни, Муҳаммад (с.а.в)га ваҳий орқали юборган сўнгги китобини руҳ-жон, деб атамоқда. Қуръони Карим инсоният учун маънавий руҳдир.)

“Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур”. (Сен Аллоҳнинг китоби ваҳийлари ила Аллоҳнинг бандаларини, Аллоҳнинг тўғри йўлига ҳидоят қилурсан.) (Шуро сураси, 52-53-оятлар)

Мўминларга охиратда нур берилишига ушбу оят далил бўлади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ يَوْمَ لَا يُخْزِي اللَّهُ النَّبِيَّ وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ نُورُهُمْ يَسْعَى بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَبِأَيْمَانِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا أَتْمِمْ لَنَا نُورَنَا وَاغْفِرْ لَنَا إِنَّكَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. Бир кундаки, унда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса, Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта, Сен барча нарсага қодирсан, дерлар”. (Қиёмат кунида мўминлардан бошқалар зулматда қоладилар. Мўъминлар йўлини эса нур ёритиб туради. Улар зулматда адашмайдилар, қоқилиб-сурилмайдилар ҳам. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй парвардигоро, қиёмат куни шарманда қилмагин», деб дуо қилганликлари келтирилган.) (Таҳрим сураси, 8-оят)

6. Қуръони Каримни тинглаш қалбда хушуъ, кўзда ёш пайдо бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва улардан кейинги солиҳ мусулмонлар Қуръони Каримни тинглаганларида қалбларидаги қўрқувлари зиёда бўлиб, кўзлари ёшга тўларди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَإِذَا سَمِعُواْ مَا أُنزِلَ إِلَى الرَّسُولِ تَرَى أَعْيُنَهُمْ تَفِيضُ مِنَ الدَّمْعِ مِمَّا عَرَفُواْ مِنَ الْحَقِّ يَقُولُونَ رَبَّنَا آمَنَّا فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ

“Уларни Пайғамбарга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин” (Моида сураси, 83-оят)

Аллоҳ таоло марҳамат қилган бошқа оятларнинг маъно таржимасини келтирамиз:

Сен: “Унга иймон келтиринглар ёки иймон келтирманглар барибир. Албатта, ундан олдин илм берилганлар у уларга тиловат қилинганда юзлари ила саждага йиқилурлар”, деб айт.

Ва улар: “Роббимиз мутлақо пок бўлди. Шубҳасиз, Роббимизнинг ваъдаси амалга ошажак”, дерлар.

Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар ва у хокисорликларни зиёда қилур (Исро сураси, 107-109-оятлар)

Аллоҳ таоло ўтган пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг Аллоҳнинг Каломини эшитганларида йиғлаб, сажда қилишлари ҳақидаги оятининг маъно таржимасини келтирамиз:

“Ана ўшалар, Аллоҳ неъмат берган зотлар, Пайғамбарлардан, Одам зурриётидан, Нуҳ билан бирга (кемада) кўтарганларимиздан, Иброҳим ва Исроилнинг зурриётидан, Ўзимиз ҳидоят қилган ва танлаб олганлардан бўлган зотлар, уларга Роҳманнинг ояти тиловат қилинса, йиғлаб саждага йиқилардилар” (Марям сураси, 58-оят)

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Қуръони Карим қироати(ни тинглаш) пайтида йиғлаш орифларнинг сифати, солиҳларнинг шиори” деганлар.

7. Қуръони Каримни тинглаш ақлий қувватни кучайтиради.

8. Қуръони Карим тиловатидан ҳосил бўлаётган электромагнит ва товуш тўлқинлари инсоннинг ақли ва руҳи учун энг муҳим озуқадир.

9. Қуръони Каримни тингловчининг ақли атрофга энергия ва тўлқинлар оқимини таратади. Буни илмий тилда “аура” деб аталади ва тўлқинлар узун-қисқалигига қараб “алфа”, “бета”, “гамма” деб юритилади.

10. Қуръони Каримни тинглаш тарқоқлик, безовталик, паришонхотирликнинг йўқолишига сабаб бўлади.

11. Қуръони Каримни тинглаш орқали миямиздаги ҳужайралар ҳатто мияга босим тушаётган лаҳзаларда ҳам ўз ҳаётчанлигини йўқотмай, бахтиёр ҳолда қолади. Қуръони Карим безовта дилларни тинчлантириб, таранг асабларни юмшатади. Маълумки, мия асаб толаларининг таранглашуви бориб-бориб мия ҳужайраларининг емирилишига сабаб бўлади. Қуръони Карим ҳужайраларни ана шундай емирилишдан ҳимоя қилади. Юқоридаги ҳадисдаги “Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади” деган гап шунга далолат қилади.

12. Ҳар куни камида уч соат Қуръони Каримни тинглаш танадаги ҳужайраларнинг камайиб кетишини тўхтатиши исботланди.

13. Қуръони Каримни кўп тингловчи одамнинг фикрни бир жойга жамлаш қобилияти кучайиб боради.

14. Қуръони Каримни тингловчи одамнинг хотираси фаоллашиб, математик амалиётларни бажариш қобилияти ўсар экан.

15. Қуръони Каримни тинглаш ёки тиловат қилиш безовта, сиқилиб юрган инсоннинг сокин бўлиб қолишига сабаб бўлади.

Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тинглашни яхши кўришлари зикр қилинган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Қуръон қироат қилиб бер”, дедилар. Мен “Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб берайинми?! Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса”, десам, Ул зот “Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман”, дедилар. Шунда мен Нисо сурасининг қуйидаги ояти “(Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?” оятига етсам, У зот: “Ҳозирча кифоя қилади”, дедилар. Кейин У зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш қуйилаётган экан”. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоятлари

Қуръон ўқувчилар кўрадиган фойдалар ҳақида салафи солиҳларимиздан ҳикматлар нақл қилинган.

Абдулмалик ибн Умайрдан ривоят қилинади: “Одамларнинг орасида ақли (ишлашда) бардавом қолувчилар Қуръон қориларидир”.

Бошқа ривоятда: “Одамлар ичида энг ақли тоза бўлганлар Қуръон ўқувчилардир”, дейилган.

Имом Қуртубий: "Ким Қуръон ўқиса, агар юзга кирса ҳам ақлидан фойдаланади", деганлар.

Солиҳлардан бири: “Аллоҳнинг китобига бардавом назар солишни кўпайтиришдан кўра ақл ва руҳни озуқалантириб, жисмни сақлаб қолувчи бирор нарсани кўрмадим”, деди.

Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръонда: “Бу, Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир” (Анъом сураси, 92-оят), деб айтган.

Баъзи муфассирлар: “Биз Қуръонга машғул бўлган эдик, ҳаёти дунёда хайри баракага чўмиб кетдик”, дейишди.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни эртаю кеч тиловат қилувчи, тингловчи, ёд олувчи, оятларнинг маънолари борасида тафаккур-тадаббур этувчи ва ундаги ҳукмларга амал қилувчилардан айласин!

 

Islom.uz ва бошқа сайтлар маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

 

 

3812 марта ўқилди

Мақолалар

Top