Мақолалар

Фаҳш гапни айтган ҳам, уни тарқатувчи ҳам гуноҳкордир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Кўча-кўйда ёшларнинг юриш-туришларига эътибор берилса, оғизларидан чиқаётган фаҳш сўзларни оддий сўзлардек гапириши ҳар қандай инсонни таажжубга солади.

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: "Фаҳш гапни айтган ҳам, уни тарқатувчи ҳам бир хил гуноҳкор бўлади".

Бир одам йўқ жойдаги бир фаҳш гапни айтиб, чиқариб қандай гуноҳкор бўлса, бу гапни тарқатган, мўмин-мусулмонларнинг орасида шу гапнинг тарқалишига сабаб бўлган одам ҳам худди шундай гуноҳкор бўлар экан.

Аллоҳ таоло мўминларнинг ичида фаҳш гап тарқашини истамаслигини очиқ-ойдин айтган:

"Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар" (Нур сураси, 19-оят).

Кишилар орасида фаҳш, уят гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиш мумкин.

Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига баробар экан. Фаҳш гапларни гапириш, унга тааллуқли воситаларни тарқатиш, тарғибот қилиш, сабабчи бўлиш, ҳамма-ҳаммаси аламли азобга лойиқ, улкан гуноҳ.

Ислом дини фаҳш ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам ман этади. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор. Ўша гуноҳкор жазога тортилар экан, демак зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади.

Зино ва жинсий алоқа тўғрисида турли гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам бузуқ гапларни гапириш ман қилинади.

Ато розияллоҳу анҳу: "Зино ҳақида гап тарқатганларни қаттиқ калтаклаш керак. Чунки у фаҳш ишни тарқатди", дерди.

"Фалончининг зино қилаётганини кўрдим", деган одам шариат қоидаси бўйича кўрган нарсасини тўртта гувоҳ билан тасдиқлаб бериши керак, акс ҳолда уни ётқизиб, орқасига саксон дарра урилади.

Шундай қилинмаса, бундай гап-сўзлар кўпайиб, тўртта одам тўпланган жойда "Фалон жойда зино бўлибди, ундай-бундай бўлибди" деган гап кўтарилиб, суҳбатлар, фикрларнинг асосий мазмунига айланади.

Чиндан ҳам одамлар тўпланган жойларда, ўзаро суҳбатларда ана шундай миш-мишларни тарқатиш жамиятга ниҳоятда катта зарар етказади, шарм-ҳаёсизликни тарқатади, инсонларнинг обрўсини тўкади, иффат, номус, шараф деган тушунчаларнинг йўқолишига сабаб бўлади. Оқибатда бундай гаплар тарқалаверса, бу каби ҳодисаларга бефарқлик вужудга келиб қолади, улкан гуноҳлар одатий ҳолга айланиб қолади, одамлар ҳам бундай ишларни қилишдан уялмайдиган бўлиб қолади. Ана шундай оқибатларнинг олдини олиш учун шариатимизда бундай ишларнинг йўли кесилган, ҳеч қандай ижозат берилмаган.

Ибайдуллаев АНВАРЖОН,

Олтинкўл туман Уйшин жоме масжиди имом-хатиби.

 

2420 марта ўқилди

Мақолалар

Top