Мақолалар

 

Сиз расмда кўриб турган ҳолат Марокаш давлатида бўлиб, у ерда Қуръонни ёдлаган қориларни мана шундай икром қилишар экан.

Қуръони Каримни ўқувчилар, ёд олувчилар, таълим берувчилар учун дунё ва охиратда улуғ даражалар бордир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда васф қилинаётган кўриниш қиёмат куни, жаннатда бўлади. Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга кирган. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак. Ана шунда: «Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер», дейилади. Яъни, жаннат ишларини юритиб турган фаришталар Қуръон соҳибига жаннат мартабалари зинасини кўрсатиб, қироат қилиб кўтарилавер, Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейдилар. Қуръони Каримни тартил қилиш секин, шошилмай дона-дона қилиб қироат қилишдир. Демак, Қуръон соҳиби бу дунёда Қуръони Каримни қандоқ ўқиган бўлса ўшандоқ ўқиб мартаба зинасидан кўтариб бораверади. Агар у Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган бўлса, мартаба зинасининг энг юқори чўққисига чиқади. Озроқ ўқиган бўлса, мартабаси ҳам озроқ бўлади. Хуллас, унинг манзили зина бўйлаб кўтарилаётиб охирги ўқиган ояти тугаган ерда бўлади. Бу ерда гап ёддан ўқиш ҳақида бормоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони Каримни ёд олиб, унинг ҳукмларига ихлос билан амал қилиб боришимизни насиб этсин!

 

“Васатия ҳаёт йўли” китоби маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

2574 марта ўқилди

Мақолалар

Top