Мақолалар

Яхшиликнинг мукофоти — фақат яхшиликдир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим


Бутун мусулмон олами, хусусан, юртимизда файзу барака айёми бўлган Рамазон ойи бошланди. Ушбу қутлуғ ойда халқимиз меҳр-оқибат, хайру саховат ишларини янада кўпроқ адо этишлари билан диёримизда ўзгача кайфият ҳукм суради. Ҳар йили муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида муҳтарам Президентимизнинг қарорлари қабул қилинаётгани чин маънода юртимиз аҳлига кўтаринкилик бағишламоқда.
Куни кеча ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бутун дунёда коронавирус касаллиги кенг тарқалган ҳозирги оғир пайтда аҳолимизнинг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини кенг қамровли амалга ошириш ташаббусини илгари сурдилар. Ушбу умумхалқ ҳаракатининг муборак Рамазон ойи кунларидаги эзгу амаллар билан уйғунлаштирилишида ҳам чуқур маъно бор. Муқаддас ойда муҳтожларга ёрдам кўрсатилиши, эҳтиёжмандлар қўллаб-қувватланиши руҳий бирдамлигимизни оширади, синовли кунларни Яратганнинг мадади ила осон енгиб ўтишда асосий омил бўлади.
Юртбошимиз бундай хайрли ишларда кенг жамоатчилик вакиллари қаторида муҳтарам уламоларимизни ҳам алоҳида эсга олганларни биз, дин пешволарини мана шундай савобли ишларни янада кўпайтиришга руҳлантирди. Эл бошига иш тушган қийин дамларда халқимизнинг бир-бирига елкадош бўлиш, ғамхўрлик кўрсатиш каби эзгу фазилатлари янада кучлироқ намоён бўлаётгани барчамизни бирдек хурсанд қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Алишер Навоий бобомизнинг “Саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади”, деган сўзларида чуқур ҳикмат борлигини алоҳида қайд этдилар. Дарҳақиқат, олийҳимматлилик барака келтиради, охиратда улкан ажрларга сабаб бўлади.
Саховатпешалик фазилатини Рамазон ойи давомида янада кучли намойиш қилишнинг, ёрдамга муҳтож оилаларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг афзаллиги ҳақида динимизда кўп таъкидланган. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради...” (Имом Суютий ривояти) деганлар.
Рамазон ойи меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Ислом динининг беш фарзидан бири бўлган рўза ойидаги амаллар ўзининг файзи билан кишиларни ҳидоятга чорлайди. Чунончи, ҳадиси шарифда: “Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, йил-ўн икки ой рамазон бўлишини орзу қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилинган.
Бу йил муборак ойни карантин талабларидан келиб чиқиб, уйларимизда, оиламиз бағрида ўтказамиз. Бу ҳам аслида биз учун бир имконият. Негаки, ўттиз кун давомида фарзандларимизга динимизнинг асл моҳиятини ўргатиш, уларнинг онгу шуурига аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросларини сингдиришга ҳаракат қилишимиз лозим.
Демак, биз шариф ойнинг ҳар бир куни, соати, дақиқасини ғанимат билсак, эзгу ишларни ўзимизга шиор қилиб олсак, давлатманд бўлсак — молимизни, тадбиркор бўлсак — беминнат кўмагимизни, ҳунарманд бўлсак — ҳунаримизни, маърифатли бўлсак — илмимизни эзгулик, хайр-саховат, юрт ободлиги ва Ватан тараққиёти йўлига сарф этсак, жуда катта ажру савобларга эга бўламиз.
Раҳмат ойида нисбатан хайру эҳсонга алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас, албатта. Сабаби бу ойда қилинган амалга жуда кўп мукофот берилади. Аллоҳ Ўзининг йўлида қилинган садақа ва инфоқ етти юз баробаргача кўпайтирилиши Қуръони каримда баён қилинган. Рамазон ойида эса бу миқдор янада оширилиши шубҳасиз.
Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қутлуғ ой келганида янада ҳимматли бўлиб кетишлари ривоят қилинган. Ҳар бир киши бу сифатларидан ўрнак олиб, карамли бўлишга ҳаракат қилишлари лозим.
Хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ришталарини боғлашга, ўзаро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Саховат кўрсатган бандаларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Қуръони каримда: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (“Бақара” сураси, 274-оят), деб марҳамат қилинган.
Яна бир жиҳат: кўнгли синиқ, бироз иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатилса, у Ҳақ таолога чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада унинг дуоси сабабли ўйлаган мақсадларимизга етамиз, мушкулларимиз арийди. Зеро, муқаддас китобларимизда айтилганидек, яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир.
Мана шундай оғир кунларда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббусига “лаббай”, деб жавоб беришимиз керак. Шу маънода, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ташкилотлар ҳам мана шундай хайрли ташаббусларда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фонди карантин вақтида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида закот маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари, беморларга дори-дармонлар, тиббий ниқоблар бепул тарқатмоқда.
Ҳозирда мурожаатлар онлайн қабул қилинмоқда. Мурожаат қилган инсонларнинг пластик карталарига масофадан пул ўтказиляпти. Фонднинг закот ҳисоб рақамига шу кунга қадар 80 миллион сўмдан зиёд закот пуллари тушган. Ҳозирги кунда 500 та хонадонга закот маблағларини тарқатиш мўлжалланаётир. Бундай хайрия ишлари Рамазон ойи давомида янада жадал давом эттирилади.
Бугунги вақтинчалик қийинчиликларга қарамасдан, Рамазони шариф ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файзу барака бахш этади, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда қилади, инша Аллоҳ.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

2474 марта ўқилди

Мақолалар

Top