Мақолалар

Яхши хулқ, гўзал одоб эгалари бежиз мақталмайди...
Яхши хулқли, одобли инсон эл-юртдан ҳамиша иззат-ҳурмат кўрган, саодат топган. Юсуф Хос Ҳожиб, Хожа Аҳмад Яссавий, Саъдий Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби барча улуғларимизнинг асарларида яхши хулқ, гўзал одоб эгалари мадҳ этилгани бежиз эмас.
 
Ёшларнинг маънавий баркамол, ахлоқан етук кишилар бўлиб улғайишларида одоб муҳим ўрин тутади. Гўзал ахлоқларни тамомига етказиш учун юборилган Пайғамбаримизни Аллоҳ таоло “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят), деб мадҳ этади.
 
Муҳаммад Содиқ Кошғарийнинг “Одоб ас-солиҳин” (Солиҳлар одоби) асари қўлимга тушиб қолди. Мутолаа қилдим, жуда ажойиб китоб экан.
 
Муқаддас динимиз таълимотлари асосида ҳар бир мўмин-мусулмон билиши зарур бўлган энг муҳим одоблар жамланган китобни табдил қилдик. Ўқувчига тушунарли бўлиши учун айрим ўринларда изоҳ ҳам бердик. Ахлоқ ойи Рамазонда бу китобни ўқувчиларга ҳам илиндик.
 
Илми ирфон арбобларига равшан ва очиқ, завқу ихлос соҳибларига маълум ва аёнки, яхшиларнинг суҳбати чинакам саодатга элтувчидир. Ёмонларнинг аралашуви эса бахтсизликка бошловчидир. Бунга ҳеч шак-шубҳа йўқ.
 
Яхшиларнинг суҳбати кўп ва хўб фойда беради. Фақат чиройли одоб шарти ила. Бас, модомики, саодат изловчи кишининг зоҳиру ботини одоб ва яхши хулқлар билан безанмаса, кўнгли тоза бўлмаса, истаган нарсаси унга фойда бермайди.
 
Маснавий:
 
Беадаб танҳо на худро дошт бад,
Балки оташ дар ҳама офоқ зад.
 
Яъни:
 
Адабсиз нафақат юзини қорага бўяр,
Балки бутун оламга ҳам ўт қўяр.
 
Бас, саодат истовчилар зоҳирий ва ботиний одобларни билиб, уларга амал қилишлари зарур. Токи улар ҳам ушбу йўлда маънавий фойдалар топиб, улуғларнинг мартабаларига эришсалар.
 
БИРИНЧИ БОБ
 
Биринчи боб изн сўраш, саломлашиш ва кўришиш, қўл бериб сўрашиш одобларини қамраб олган.
 
Биринчи фасл
 
Бир кишининг олдига ҳузурига, уйига кириш учун изн сўрашнинг беш одоби бор.
 
Биринчи одоб. Кимки бирор кишининг уйига киришни истаса, аввал у кишига эшик ортида туриб келганини билдиради. Яъни, эшикни оҳиста қоқади ёки томоғини қиради (йўталади).
 
Иккинчи одоб. Агар ичкаридан овоз чиқса, эшикнинг орқасидан салом бериб: “Ичкарига кирсам бўладими?” деб сўрайди. Уч марта шундай изн сўрайди. Ҳар изн сўрагандан сўнг тўрт ракат намоз ўқиш миқдорича кутиб туради.
 
Учинчи одоб. Агар уй эгаси уч маротабадан сўнг ҳам киришга изн бермаса ва овоз чиқармаса, ортига қайтиб кетади.
 
Тўртинчи одоб. Уй эгаси: “Кимсиз?” деб сўраса, отини, кимлигини айтиш керак. Аммо: “Мен дўстингизман ёки танишингизман” демаслик керак. Акс ҳолда, уй эгасида шубҳа уйғониши мумкин.
 
Бешинчи одоб. Агар уй эгаси унга ҳамроҳ бўлса ва уни уйига бошлаб келса, эшик олдига келганида кириш учун изн талаб қилинмайди.
 
Иккинчи фасл
 
Саломлашишнинг тўққиз одоб бор.
 
Биринчи одоб. Икки мўмин бир-бирига рўбарў келса, хоҳ ошно ва хоҳ ноошно бўлсин, бир-бирига салом беради. Салом бериш суннатдир. Жавоби, агар салом берилган бир киши бўлса, фарзи айндир. Агар кўп киши бўлса, фарзи кифоядир.
 
Иккинчи одоб. “Ассалому алайкум” деб салом бериш керак. “Ассалому алайка” ёки “Салом алайкум” демаслик лозим.
 
Учинчи одоб. Саломга алик олиш фарз. Алик олишда: “Ва алайкум ассалом” дейди. Саломга куттирмасдан алик олиш керак. Агар кечиктириб алик олинса ёки алик олаётганини салом берувчи эшитмаса, фарз соқит бўлмайди.
 
Агар икки киши бир-бирига биринчи бўлиш мақсадида салом берса, агар бири аввал, бири кейин воқе бўлса, алик олинган бўлади. Агар иккала салом ҳам бир пайтда воқе бўлса, алик ўрнига ўтмайди, ҳар қайси алоҳида алик олиши керак.
 
Тўртинчи одоб. Агар киши бир жамоа мўминларнинг олдига кирса, бир кишини хослаб (алоҳида ажратиб) салом бермайди. Балки барчага бирдай салом беради. Аммо кўчада ва бозорда бир кишини хослаб салом берса бўлади.
 
Агар жамоа бир кишига салом берса, ўша киши алик олишда жамоанинг ҳамма аъзоларини назарда тутиши керак. Агар улардан бирини хослаб алик олса, қолганларнинг саломига алик олинмаган ҳамда фарз соқит бўлмаган бўлади. Агар бир киши танишига бошқа кишидан салом айтиб юборса, хабарчи у кишининг саломини етказган заҳоти алик олиши вожибдир. Хабарчининг жавобини саломга қўшмаслик мустаҳабдир. “Ва алайка ва алайҳи, ва алайкумус салом” дейиш керак. Агар мактубда салом битилган бўлса, худди шу шаклда жавоб қайтариш лозим.
 
Бешинчи одоб. Салом бераётиб бошни қуйи қилмаслик керак. Қўл, кифт (елка) ёки бош билан ҳам ишора қилмайди. Агар шундай қилса, бу жуда хунук ҳолатдир.
 
Олтинчи одоб. Рўпарадаги киши эшитиши учун саломни баланд овозда бериш керак. Салом берувчига эшиттириб алик олиш керак. Агар кар кишига салом берилса, ҳам овоз чиқариш, ҳам қўл билан ишора қилиш зарур. Агар қўл билан ишора қилинмаса ва кар киши буни эшитмаса, унга жавоб лозим эмас. Агар кар киши салом берса, жавобда ҳам талаффуз, ҳам ишора қилинади. Агар гунг кишига салом берилса, у киши қўл билан ишора қилиб алик олса, фарз соқит бўлади. Агар гунг киши салом берса, тил билан алик олиниб, ишора ҳам қилинса, фарз соқит бўлади.
 
Еттинчи одоб. Ёши улуғ киши кичикка, отлиқ пиёдага, юриб кетаётган киши ўтирган кишига, озчилик кўпчиликка салом беради.
 
Саккизинчи одоб. Номаҳрам киши ёш, соҳибжамол аёлга салом бермайди, агар у аёл салом берса, алик олинмайди. Агар аёл соҳибжамол эмас, яъни кампир бўлса, салом берса бўлади. Агар у салом берса, алик олиш лозим.
 
Хотинига ва маҳрамлари (она, опа-сингил, амма-хола ва ҳоказо)га, улар ҳарчанд чиройли бўлса-да, салом бериш жоиздир. Улар ҳам алик олишлари шарт.
 
Агар бир киши нотаниш соҳибжамол аёллар жамоасига салом берса, зарари йўқ. Улар ҳам саломга алик олишади. Аёллар жамоаси бегона эркакка салом берса, у алик олади.
 
Тўққизинчи одоб. Ўн бир ҳолатдаги кишига салом бериш макруҳдир. 1) Ҳожатхонадаги кишига. 2) Жунуб кишига. 3) Ухлаётган кишига. 4) Ҳаммомда ювинаётган (жунуб) кишига. 5) Овқатланаётган кишига (агар оғзида таом бўлмаса, салом берилади. У ҳам алик олади). 6) Хутба ўқиётган имомга. 7) Азон ва иқомат айтаётган муаззинга. 8) Намоз ўқиётган кишига. 9) Қуръони карим ўқиётган кишига. 10) Дуо қилаётган кишига. 11) Эҳромга кирган, талбия айтаётган кишига.
 
Учинчи фасл
 
Мўминлар учрашувларида қўл бериб, икки кафт билан кўришишлари керак. Қўл учида кўришилмайди. Чунончи, “мусофаҳа” сўзи луғатда кафтларни бир-бирига теккизишни англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрганлар. Кўришишга биринчи киришган киши то ҳамроҳи қўлини тортмагунча ўзи ҳам қўлини тортмаслиги керак. Кўришиш вақтида очиқюзли, табассумли бўлиш зарур.
 
Тўртинчи фасл
 
Қучоқлашиб кўришишнинг тўрт одоби бор. Биринчиси, сафардан қайтган киши яқинлари, қавм-қариндошлари билан қучоқлашиб кўришади. Ёш болаларнинг пешонасидан ўпиб, бошини силаб қўяди. Иккинчиси, муқим кишилар ҳар куни учрашадиган кишилари билан қучоқлашиб кўришмайди. Учинчиси, олим, солиҳ ва фазилатли кишилар билан қучоқлашиб кўришганда, уларнинг қўлини ўпиш жоиз. Тўртинчиси, улуғ шайхларга ҳам шундай эҳтиром кўрсатилади.
 
Иброҳимжон ИНОМОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
3034 марта ўқилди

Мақолалар

Top