Мақолалар

ЁМҒИР ВА ШАМОЛ ПАЙТИДА АЙТИЛАДИГАН НАРСАЛАР

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муслимнинг ривоятида: «Роббингиз нима деганига қарамайсизми? Бандаларимга қайси бир неъматни берсам, албатта, улардан баъзилари у(неъмат)га кофир бўлурлар. Юлдуз ва юлдуз туфайли, дерлар, деди», дедилар».Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмон одам – уммати Муҳаммадман, деган одам, ёмғир Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила ёғди, деб айтиши ва эътиқод қилиши лозим.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ёмғирни кўрсалар: «Эй, бор Худоё! Нафли ёмғир (қилгин)», дер эдилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Насаийнинг лафзида: «Эй, бор Худоё! Буни нафли ёмғир қилгин», дейилган.
Шарҳ: Ёмғирни ёғиши маълум ва машҳур ҳодиса бўлиб бунинг ортидан келадиган натижалар ҳам маълуму машҳурдир. Баъзи ёмғирлар ўта манфаатли бўлиб, ундан бутун мавжудот наф олади. Баъзилари эса селга айланиб ҳаммаёқни хароб қилади. Яна бошқа биридан кейин эса турли ҳашоратлар тарқаши ёки гуллаб турган мевалар зарар топиши ҳам мумкин.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғишни бошлаши билан Аллоҳ таолога илтижо қилиб, уни хайр барака ва манфаатли ёмғир қилишини сўрар эканлар. Биз мўмин-мусулмонлар ҳам ушбу набавий дуони ёдлаб олиб, ёмғирни кўрганимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан ўқиб юришимиз керак.

Ибн Умар Абу Толибнинг шеърини мисол келтириб: «Ва оппоқдир, юзи ила булутлар истисқо қилинур. Етимларга у санаддир, беваларга паноҳ бўлур», деди». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзлари ила булутлардан ёмғир тушишини сўрашга Абу Толиб ибн Абдулмутталибнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида айтган қасидасидан ушбу байтни мисол қилиб келтирган эканлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларида бир юз ўн байтдан иборат бир қасида айтган экан.
Бу қасида «Баҳрут Таъвийл» усулида бўлиб, ҳар байти «лом», ҳарфи билан тамомлангани учун ломийя дейилади.
Абу Толиб ўзининг бу қасидасида кўп нарсаларни, жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабабларидан Қурайшнинг ўзига қилган адоватини, ўзи ва насаби мадҳини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилганини ва бошқаларни зикр қилган.
Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳлари бош ўринда турган. Ушбу Ибн Аббос мисол қилиб келтирган байтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча фазилатлари қатори у зотнинг муборак юзлари ила булутларга серобчилик сўралиши айтилмоқда. Бу билан у қадимда бўлиб ўтган бир воқеъани эсга олмоқда. Бир вақтлар Қурайш қаҳатга учради. Шунда улар Абу Толибнинг ҳузурига келиб:
«Эй, Абу Толиб, водийлар қуриб қақшади. Аҳли-аёл қаҳатчиликка учради. Юр, бизга истисқо қилиб бер», дедилар.
Абу Толиб ёш болалар ичидан кичик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб улар билан Каъбага борди. Орқасини Каъбага тираб туриб дуо қилди. Ёмғир ёғиб, ҳаммаёқ сероб бўлди. Ана ўшандаёқ Абу Толиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий бола эмасликларини тушуниб етган эди.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга имом бўлиб Ҳудайбияда, кечасиги ёмғирдан кейин Бомдод намозини ўқидилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан чиққанларидан кейин одамларга юзландилар ва: «Роббингиз нима деганини биласизми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишди.
«Менинг бандаларимдан (баъзиси) менга мўмин бўлиб, (баъзиси) кофир бўлиб тонг оттирди. Ким, Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила ёмғирга эришдик, деса, менга мўмин, юлдузга кофирдир. Аммо, ким фалон, фистон юлдуз ила, деса, бас у менга кофир, юлдузга мўминдир», деди», дедилар
». Икки шайх ривоят қилган.
Муслимнинг ривоятида: «Роббингиз нима деганига қарамайсизми? Бандаларимга қайси бир неъматни берсам, албатта, улардан баъзилари у(неъмат)га кофир бўлурлар. Юлдуз ва юлдуз туфайли, дерлар, деди», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмон одам – уммати Муҳаммадман, деган одам, ёмғир Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила ёғди, деб айтиши ва эътиқод қилиши лозим.
Ёмғир, фалон юлдуз туфайли, у сабабдан, бу бундоқ бўлганидан ёғди, дейишлик эса куфрга сабаб бўлади. Кўпчилигимиз ушбу ҳақиқатни унутиб ҳам қўямиз. Бу иймонга таъллуқли масала эканини ҳеч унутмаслигимиз керак. Зотан, дунёдаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг илми, хоҳиши-иродаси ва тадбири ила содир бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ шамол турса: «Эй, бор Худоё! Албатта, мен Сендан унинг яхшилигини, ундаги нарсанинг яхшилигини ва у юборилган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Ва Сендан унинг ёмонлигидан, ундаги нарсанинг ёмонлигидан ва у юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар.
Қачонки, осмон авзои ўзгариб қолса, у зотнинг ранглари ўзгариб, кириб-чиқиб, олдинга орқага бориб-келиб қолар эдилар. Бас, ёмғир ёғишни бошлаганда эса очилиб кетар эдилар. Мен буни у зотнинг юзларидан билиб, сўрадим.
«Эҳтимолки, эй, Оиша, худди «Од қавми у(булут)ни ориз бўлган ҳолида водийлари томон келаётганини кўрганларида: «Мана бу ориз бизга ёмғир ёғдирувчигадир», дедилар» каби бўлиши мумкин», дедилар
». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда қаттиқ шамол турганда ва осмоннинг авзойи бузилиб унда ғалати ўзгаришлар бўла бошлаганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини қандоқ тутганлари ҳақида сўз кетмоқда.
Маълумки, қаттиқ шамол ҳам Аллоҳнинг кўп сонли лашкарларидан бир лашкардир. Қадимда ўтган умматлардан баъзиларини Аллоҳ таоло айнан ушбу лашкар - қаттиқ шамол - ила ҳалок қилгандир. Бу ҳол ҳозиргача давом этиб келмоқда. Қачон қаттиқ шамол турса бирор фалокат содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ шамол эсишга туриши билан ташвишга тушар ва ушбу ҳадисда ривоят қилинган дуони қилишга бошлар эдилар. Сиз билан биз мўмин-мусулмонлар ҳам ўз ҳаётимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб қаттиқ шамол турганда Аллоҳ таолога илтижо қилиб мазкур дуони ўқиб туришимиз керак.
Шунингдек, осмонни авзои ўзгариб, унда турли ўзгаришлар содир бўлиб, булутлар пайдо бўлиб, у ёқ-бу ёққа юра бошласа ҳам ташвишли ҳол юзага келади. Бу ҳол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ташвишга солар экан. Ифодали қилиб айтадиган бўлсак, бундоқ пайтларда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини қўйгани жой топа олмай қолар эдилар. Қачон ўша ўзгаришлар натижаси ўлароқ ёмғир ёға бошласа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчланиб, очилиб кетар эдилар. Чунки, бу ҳолат хавф-хатар ўтиб кетганидан далолат бўлар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳолатларини мулоҳаза қилган Оиша онамиз нима учун бундоқ қилишларини сўраганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Од қавмига келган балога ўхшаш бало келиб қолмаса эди, деб ташвиш қилганларини айтган эканлар.
Од қавми қиссаси ушбу ҳадисда бир қисми зикр қилинган ояти карима тафсирида «Ҳилол» тафсирида келган. Бизга бу жойда кераклиги, гуноҳкор Од қавми ўз водийлари томон келаётган булутни кўриб, ана шу булутдан бизга ёмғир ёғади. Биз ночорлик ҳолидан қутиламиз, деб хотиржам бўлганлар. Булут етиб келиб, эса, уларга ёмғир ёғмасдан, ҳалокатларига сабаб бўлган.
Демак, ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, осмонда мазкур ҳолат юзага келганда ташвишга тушиб, Аллоҳга илтижо қилиб, тазарруъ ила ёлбориб туришимиз керак.

ЁМҒИР ТАБАРРУК ҚИЛИНАДИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турганимизда ёмғирда қолдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёмғир тегиши учун кийимларини шимардилар. Биз: «Эй, Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?» дедик. У зот: «Чунки, унинг ўз Роббисига аҳди янгидир», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Кийимларини шимарди, дейилганда бош, икки қўл чиғаноққача, икки болдир тиззагача очилиши кўзда тутилади.
«ўз Роббисига аҳди янгидир», дейилгани эса, унинг ҳузурида яқинда бўлгандир, маъносини англатади.
Бу иш, йилнинг биринчи ёмғири ёғишни бошлаганда қилинади.

 

манба: islom.uz

3902 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top