Мақолалар

Халқ xушёрлиги эл фойдаси

Ҳар бир киши жамиятнинг бир бўлаги. Ўзаро ғамхўрлик ва ижтимоий-ҳиссий кўмак билан мурожаат қилиш инсон табиати учун хос. Пандемия одатий ҳаёт тарзимизни ўзгартирди. Бироқ ҳар бир ишнинг ҳикмати бўлади деганларидек, у бизга янги имкониятларни берди.
Карантин давомида одамлар вақтини ўз оиласи билан ўтказишга, яқинлари оқибатли бўлиб, кўпроқ яхшилик, ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиши мумкин бўлди. Кўзимизга оддий бўлиб кўринган кўплаб неъматларнинг қадрини чуқур англадик.
Шу билан бирга, ҳозирда пандемияга қарши курашда ҳукуматимиз томонидан қўлланаётган карантин тавсияларига қулоқ тутиб, тобора охирлаб бораётган синовли кунларда ҳушёрликни асло йўқотмаслигимиз керак.
Энг муҳими, бугунги вазиятда ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашиб, бутун инсоният олдига пандемия қўяётган мажбуриятлардан четда туришга ҳаққимиз йўқлигини унутмаслигимиз керак.
Биздан оддий нарсалар талаб қилинмоқда: ҳушёрлик ва огоҳликни бирор соат бўлса-да йўқотмаслик. Огоҳлик уйда қолишни ва сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун карантин билан боғлиқ амалдаги барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилишни тақозо этади.
Азизлар, зиммамиздаги умуминсоний вазифани адо этайлик, кўпга келган бу офатга қарши бирдамликда ҳушёрлик билан курашайлик.
Юрт бошига синов тушди… Огоҳлик ва эҳтиёткорлик биринчи ўринга чиқди. Ҳар бир киши ўз саломатлиги учун курашиши, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши нафақат ўзи, балки оила аъзолари, яқинлари учун ҳам қилган яхшилигига айланди. Кишиларнинг тинчгина уйида ўтириши энг хайрли вазифа бўлди.
Бугун тинчлик ва сиҳат-саломатлик энг катта бойлик эканини барчамиз тўла англаб етдик. Синовли дамлар юртдошларимизнинг янада жипслашиши, бир фикрда бўлиши ва ҳар бир нарсанинг қадрига етиши кераклигини кўрсатмоқда.
Аллоҳга шукрлар бўлсин, юртимиздан бу касаллик кундан кунга ортга чекинмоқда. Роббимиз насиб қилаётган бу улуғ неъматнинг қадрига етиш хушёрлик ва огоҳликни қўлдан бермаслик орқали бўлади. Огоҳлик туфайли хотиржамликка эришилади.
Юсуф Хос Ҳожиб бундай дейди: “Халқ хушёрлиги элга фойда келтиради, шу туфайли элда тинчлик ва тотувлик қарор топади”. Ушбу ҳикматли ўгитнинг маъноси шуки, халқимиз бугунги синовли кунларда қанчалар ҳушёр ва огоҳ бўлса, юртга шунча кўп фойда келтиради, эл тезроқ фаровон ва осуда ҳаёт кечиришда бошлайди. Зеро, юрт ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиш энг эзгу ва савобли амалдир.
“Унвонул баён” асарида: “Кечаги кунидан ибрат ва панд-насиҳат олган, огоҳ ва эҳтиёткор киши ҳақиқий оқил кишидир. Сен барча ҳолатларда ҳам огоҳлик ва эҳтиёткорликни лозим тут. Эҳтиёткорликни ўзингга қўрғон қил. Шунда сен даврнинг қийинчиликлари ва фитналаридан ҳамда ҳар хил зарарли хатарларидан ҳимоя қиладиган қўрғонга эга бўласан”, дейилган.
Дунё бўйлаб авж олаётган короновирус касаллиги инсоният тарихида сўнги юз йилликда учраган энг хавфли эпидемиялардан биридир. Жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари раҳбарлари карантин қоидалари – сўзсиз амал қилиниши лозим бўлган энг катта зарурат эканлиги ва уни бузмаслик юзасидан тинмай оммага мурожаат қилмоқда. Дунёда вазиятнинг кескин тус олаётгани ва карантин қоидаларига амал қилишнинг жуда муҳимлигини барчамиз яна бир бор чуқур ҳис қилишимиз шарт.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда, янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида дунёда пандемия ҳали давом этаётгани, лекин қатор давлатлар карантин чекловларини аста-секин юмшата бошлаганини қайд этди.
– Дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги тўғрисида якуний хулосага келмоқда. Биз ҳам эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда, карантин талабларини юмшатишни бошлаганмиз ва буни босқичма-босқич давом эттирамиз.

Шуни, энг аввало, иқтисодий фаолликни тиклаш орқали, аҳолининг ишлаши ва даромад олишини таъминлаш мақсадида амалга оширмоқдамиз.Бу борада ўзимиздаги ҳақиқий аҳвол ва халқаро тажрибани кенг ўрганяпмиз. Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қаерда ҳокимлар бутун масъулиятни ўзига олиб, чуқур ўйлаб, одамлар билан маслаҳатлашиб, иш олиб бораётган бўлса, ўша жойда яхши натижа бермоқда.
Лекин баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни ҳушёр бўлишга чақирмоқда.
Умуман, коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган таркибда ўтказиш, юқумли касал бўлса маска тақиш одатий қоидага айланиши зарур.
Лоқайдлик – бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагилар, ўз тақдири ва келажагига дахлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашганлар, халқни огоҳлантириб келганлар. Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.
Маҳмуд Замахшарий айтадилар: Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур.
Сабр-қаноат, ирода, огоҳлик ва ҳушёрлик, метиндек мустаҳкам тартиб-интизом бизни ёруғ кунларга тезроқ яқинлаштиради. Синовли кунларда ҳамжиҳатлик бўлиб, асоссиз маълумотларга ишонмасдан, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, яқинларимиздан ҳам шуни талаб қилиш инсоний бурчимиздир. Бу, аввало, ўзимиз, оиламиз саломатлиги, юртимиз фаровонлиги учун ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Раҳматуллоҳ УСМОНОВ,
Қашқадарё вилояти бош имом хатиби

1964 марта ўқилди

Мақолалар

Top