Мақолалар

Кўзларда – нурли ёшлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Парвардигори олам бандасига берган каттаю кичик неъматлари мағзидаги ўзига хос ҳикматлар, уларнинг жисму онгимиз ва руҳиятимизга берадиган манфаатлари,  таъсирлари ҳақида билганларимиз асли моҳиятдагига нисбатан қатра бўлса, эҳтимол. Аллоҳ таоло осойишта, чиройли ҳаёт кечиришимиз учун восита қилган бу нарсалар учун ҳар нафасда шукроналар айтмоқ мисоли ўзингга насиб этган уммон-уммон яхшилик, эзгуликларга қатра билан жавоб қайтармоқ каби, назаримда. Ақлимизни таниганимиздан шу неъматлар ичрамиз, ҳар бирининг ўрни, фазилатларини яхши биламиз гўё...

Рамазони шариф кунларида... дастурхонимизнинг ҳар доимги неъматлари – нон, сув, мевалар, таомларнинг ажойиб мазали-лаззатли; кечқурунги одатий вақтдан тонггача чўзиладиган  уйқуларнинг бир ҳовучгинаси ҳам бунчалар ширин-қувватбаҳш; танишу нотанишлар билан салом-алигу хайрли ниятлар билан сайқалланган мулоқотлар дилга нечоғли малҳам; китоб мутолаалари нурлар оламига ташриф каби сохир; ҳаттоки жисмингни ҳар доим оғирлаштирадиган бир оз толиқиш, хорғинлик ҳам роҳатбаҳш эканини қайта-қайта ҳис этдик.

Бу хосиятли кунлар чин мўмин-мусулмонлик сабоқларининг ойдин саҳифалари каби. Бир чиройли ривоят қайта-қайта ёдимга тушаверди: ота учта ўғлига таомни ширин қилиб емоқ ва юмшоқ тўшакда мазза қилиб ухламоқни васият қилибди. Катта ўғил сархил ноз-неъматлар билан дастурхонини тўлдираркан, лекин улар бемаза эмиш. Ўртанча ўғил қават-қават тўшаклардан ўрин солиб ётаркан-у, лекин ухлолмай чиқаркан. Кенжа ўғил ғайрат билан меҳнат қилишга одатланибди. Астойдил ишлагандан кейин еган таомлари ҳам, дам олгани ётганда уйқуси ҳам шириндан-ширин бўларкан...

Рамазон кунларида Аллоҳ розилигини тилаб жисмимиз, ақлу шууримиз, қалбимиз энг хайрли меҳнат – тоатда, сабр-қаноатда, қироату мутолаада, эзгу дуоларда бўлди, иншааллоҳ. Ўзимизга, халқу Ватанимизга, дунёдаги яхши ниятли барча инсонларга тинчлик-осойишталик тиладик, ўзимизга раво кўрган барча яхшиликлар олам аҳлига насиб этишини чин дилдан сўрадик. Шу сабабданми, басир кўз очилиб кетса нурдан ҳайратлангани-қувонгани каби, айни кунларда бизга синов учун берилган ҳаёт неъматларининг икки дунёмиз учун саодатбаҳш ботинини теранроқ ҳис этгандекмиз. Рамазоннинг охирги кунларида ундан ажралгимиз келмаётгани сабаби шундандир, балки. Қалбга шу туйғу тўлиб, кўзларга нурли ёшлар келади ва Аллоҳдан илтижо билан сўраймиз: моҳи Рамазон кунлари жисму қалбимиз, руҳимизни поклаган амалларда ҳамиша бардавом бўлишимиз учун мадад-сабот берсин!

Муҳтарама УЛУҒОВА

2386 марта ўқилди

Мақолалар

Top