Мақолалар

Имом Нававий (роҳматуллоҳи алайҳ) қолдирган илмий мерослар

Имом Нававийнинг тўлиқ исмлари Яҳё ибн Шароф ибн Муррий ибн Ҳасан ибн Ҳусан ибн Муҳаммад ибн Жамъа ибн Ҳизом Абу Закариё Нававий Дамашқий Шофеъийдир. У зот ҳижрий 631-йил муҳаррам ойида (милодий 1233-йили) Дамашқдаги Наво шаҳрида таваллуд топганлар. Имом Нававий ёшлик чоғларидаёқ Қуръони каримни ёдлаб тугатдилар. Бирон бир чиройли аёлга ҳам уйланмадилар ва биронта чўри ҳам тутмадилар. Балки у кишининг бутун ҳаётлари насиҳат қилиш, илм талаб қилиш, таълим бериш, китоб ёзиш ва ибодат қилишдан иборат эди.

Олимнинг қадр-қиймати у қолдириб кетган мероси ҳамда ёзган китоблари билан билинади. Имом Нававий кўплаб шогирдларга дарс бериш билан бирга турли илмларда – фиқҳ, ҳадис, ҳадис шарҳи, мусталаҳ, луғат, таржималар, тавҳид ва бошқа кўплаб фанларга оид китоблар таълиф этганлар. Уларнинг баъзилари хусусида қисқача танишиб ўтамиз:

1. “Шарҳи саҳиҳи Муслим”.

Бу китоб у кишининг машҳур асарларидан бири бўлиб, Имом Муслимнинг  “Саҳиҳ”ларига ёзган шарҳларидир. Имом Нававийнинг “Саҳиҳи Муслим шарҳи” асари ўз замонасидан бошлаб ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган. “Саҳиҳи Муслим шарҳи” асари ҳадисшуносликда муҳим манба ҳисобланади. Чунки асар ҳадис илмига боғлиқ жуда кўплаб муҳим маълумотларни қамраб олган. Ҳар қандай муҳаддис ушбу асарга мурожаат қилади, ундан кераклича фойда олади. Имом Нававийнинг ушбу асари ўзининг қисқалиги ва соддалиги билан ажралиб туради. Агар китобга илмий жиҳатдан ёндашилса, китоб ғоятда ҳадисшуносликкага тегишли илмларни ўзида мужассамлаштиргани  маълум бўлади. Муаллиф китобнинг муқаддимасида: “Агар ўқувчининг ҳолати кўтарганда эди, китобни такрорларсиз юз мужаллад қилардим”, дейишлигини ўзи ҳам олимнинг нақадар ҳадис борасидаги илми юқори даражада эканлигини билдиради.

У зотнинг узоқ йиллар давомидаги машаққатли меҳнатлари ва бутун ақл-заковатларининг самараси бўлган ушбу асар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига бағишланган энг эътиборли ва муҳим манбалардан биридир. Олим 5 жуз, 54 та  китоб, 7479 та ҳадис (такрори билан), такрорсиз 3033 та ҳадисдан иборат. “Саҳиҳи Муслим” (олтита саҳиҳ китобнинг иккинчиси) деб эътироф этилган асарни моҳирона шарҳлаш билан бирга, ҳадис илмига тегишли деярли барча илмларни ушбу асарида акс эттира олган.

2. “Иршод”.

3. “Тақриб ва Тайсир фи маърифати сунанил Башир ан-Назир”.

4. “Таҳзибул асмо вал луғот”.

5. “Тибён фи одоби ҳамлатил Қуръон”.

Бу китоб гарчи кичик бўлса-да, катта китобларни ўрнини боса олади. Имом Нававий бу китобни Дамашқ аҳли учун ёзиб берганлар. Уларнинг Қуръони каримга бўган муҳаббати кучли эди. Жуда ҳам кўп Қуръонни тиловат қилишар эди.

6. “Минҳожи ат-толибин”.

Имом Нававийнинг фиқҳ илмидаги бу китоби бошқа китобларга қараганда уламолар ҳамда талабалар ўртасида кенг ёйилгандир. Муаллиф бу китобни Имом Рофеъийнинг “Муҳаррар” китобидан мухтасар қилиб олганлар. Бу китобни ҳижрий 669-йили 19-Рамазон пайшанба куни тамомлаганлар. Ибн Аттор айтади: “Имом Нававий вафотларидан сўнг жуда кўп инсонлар бу китобни ёд олишди”.

7. “Бўстонил орифийн”.

Бу китоб рақоиқлар туркумига киради. Китоб кичик бўлишига қарамасдан унда жуда ҳам кўп хайрият ва манфаатлар бордир.

8. “Хулосатул аҳком фий муҳиммоти сунани ва қавоидил Ислом”.

9.Равзатут толибийн ва умдатул муфтийн”.

Бу китоб Имом Шофеъй (роҳимаҳуллоҳ) мазҳабидаги мўтабар, улуғ китоблардандир. Имом Нававий бу китобни Имом Рофеъийнинг “Шарҳул кабир” китобидан қисқартириб олганлар. Имом Азрўий: “Бу китоб бу шаҳарлардаги мазҳаб эргашувчиларининг устунидир. Бу китобнинг номи атрофга тез ёйилди ва мазҳабнинг мўтабар китобларидан бирига айланди. Бу китобдан нақл қилиб дарс айтиладиган бўлди. Талабалар фойдаланадиган бўлди. Ҳоким ўз ҳукмларида, муфтий эса ўз фатволарида бу китобга суянарди. Буларнинг барчаси фақатгина ниятнинг чиройлилиги ва ихлоснинг кучлилигидандир”, деганлар.

Шаҳобиддин Ҳафожа Софди айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. “Ей Аллоҳнинг Расули, Нававий ҳақида нима дейсиз?” дедим. У зот: “Нававий қандай ҳам яхши киши!” дедилар. “У бир китоб тасниф этиб, “Равза” деб номлади. Ўша китоб ҳақида нима дейсиз?” дедим. У зот: “У Нававий номлаганидек равзадир”, дедилар”.

Бу китобни Имом Нававий ҳижрий 666-йили 25-Рамазон пайшанба кунида бошлаб, ҳижрий 669-йили 15-Робиъул аввал якшанба куни тугатганлар.

10. “Шарҳул муҳаззаб”.

11. “Риёзус солиҳийн”.

12. “Ал-Азкор мин калами саййидил аброр”.

Инсонлар-у уламолар орасида дуолар ва зикрлар борасидаги биронта китоб Имом Нававийнинг бу китобичалик ютуққа эришмаган. Имом Нававий бу китобда кундузги-ю тунги амалларни ҳамда турли ҳолатлардаги зикрларни келтирганлар. Бу китобни ҳижрий 667-йили Муҳаррам ойида тамомлаганлар ва “Буни барча мусулмонларни ривоят қилишларига ижозат бердим”, деганлар.

13. “Арбаъин”.

14 “Ийжоз”.

15. “Жомеъус сунна”.

16. “Мухтасару усдул ғоба”.

17. “Ат тархис фил қиёми ли аҳлил фазл”.

Бу жуда ҳам гўзал рисола бўлиб, унда намоздаги қиём, унинг кўринишлари ҳамда ҳукмлари ҳақида сўз юритилган.

18. “Ат-Таҳрир фи алфози танбеҳ”.

Бу китоб ажойиб луғат китоблардан бири эди. Имом Нававий “Танбеҳ” китобида келган луғавий сўзларни ёки фиқҳий атамаларни шарҳлаганлар. Имом Файюмийнинг “Мисбаҳул мунир” китобига ўхшайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”,  дедилар.

Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади.  У ўз вафотидан кейин ортидан манфаат берадиган илм қолдирса, савоби узилмайдиган амал қолдирган бўлади. Бу эса, илмнинг асари доимий бўлишидир. Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш аввало, бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоб ёзилиб тураверади.

Иккинчиси, китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар мусулмонлар китобидан фойдаланиб туришса, у ўлганидан кейин ҳам савоб етиб тураверади.

Учинчиси, илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, мадраса қурди, китоб чоп эттирди, ўз маблағидан кутубхона қилди, мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Буларни қилган одамлар вафот этиб кетсалар ҳам савоблари узилмай бориб туради.

Мана шу ҳикматлар, тарғибларга эргашиб, мана шу ояти карима ҳамда ҳадисларни ўзларига бош устун деб билган уламолардан бири Имом Нававий (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратларининг қолдирган илмий меросларини қисқача танишиб ўтдик.

Аллоҳ таоло қадимда ўтган уламоларни динимиз учун қилган барча хайрли ишларини қабул айласин. Ва уларга бериладиган ажр-у савобларни чандон-чандон зиёда қилиб ато қилсин. Биз каби ёш толиби илмларга ҳам келажакда дин учун хизмат қилишни насиб айласин!

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус

 ислом билим юрти талабаси Қобулов Ҳикматуллоҳ

 

2828 марта ўқилди

Мақолалар

Top