Мақолалар

Муҳтарама, муслима опа-сингилларимизга хушхабар! (Танловга)

Кўпчилик муслима опа-сингилларимизни Рамазонда бир ўй ташвишга солади. Турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотаси, умуман, яқинларининг хизматини қилиб, одатий уй юмушлари билан овора бўлиб, Қуръон тиловатига кам вақт ажратаётганларидан ёки нафл ибодатларни ўзлари хоҳлагандек адо эта олмаётганларидан беҳаловат бўлишади.

Сўзсиз, эрнинг, ота-онанинг кўнглини олиш, уларга хизмат қилиш, чиройли муомалада бўлиш, фарзандларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг тарбияси билан машғул бўлиш ҳам савоб жиҳатдан кам бўлмаган ибодат саналади. Фақат бунда Аллоҳ таолонинг розилиги мақсад қилинган, шу ниятда ҳаракат қилиш талаб этилади.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси аёл вафот этса-ю эри ундан рози бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Ибн Можа, Термизий ривояти).

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади» (Имом Табароний ривояти).

Эътибор беринг, ҳурматли муслима опа-сингиллар! Модомики холис нияти ила Аллоҳнинг розилигини истаб, яқинларингизнинг хизматида шай турар экансиз, сизга хушхабар берилмоқда. Жаннат башорати муборак бўлсин!

Яратганнинг ризолиги йўлидаги ушбу ибодатларингизни хурсандчилик билан адо этинг, асло ташвишланманг!..

 

Ҳурматли мўмин биродарлар, оила посбонлари бўлмиш беклар, шу ўринда, сизга ҳам яна бир масъулият тушади. Аёлларимиз ҳар икки ибодатларини (Қуръон тиловати, нафл намозлар ва оила хизмати) баробар амалга ошира олишлари кўп жиҳатдан сизга ҳам боғлиқ. Уларга Рамазонни кўнгилдагидек ўтказишлари учун ёрдам беринг, шарт-шароитларини яхшилаб, қулайликлар, енгилликлар қилиб беринг! Шу тарзда, иншааллоҳ, биз ҳам ибодат мақомига эришамиз!

Аллоҳ таоло оилаларимизга саодат, тотувлик, меҳр-шафқат берсин, Рамазонни гўзал тарзда ўтказишимизни насиб айласин!

 

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ

2626 марта ўқилди

Мақолалар

Top