Мақолалар

Амир Темурни тахтдан турғизган зот...

Илм шундай нарсаки уни олган ва унга амал қилган инсонни бу дунёда роҳат у дунёда саодатга эришишига сабаб бўлади.

Ислом мусулмонларга илм олиш ва тараққиёт йўлида юришни фарз қилган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди ва тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: 

Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар” (Зумар сураси, 9-оят). 

Тарихчиларнинг ёзишича Мирзо Улуғбекдан “Сиз нега сиёсатдан кўра илмга кўпроқ қизиққансиз?” – деб сўраганларида, шундай жавоб берган экан: “Мен илмнинг қудратини бобом Амир Темур ҳазратларидан билдим. Бир сафар бобомнинг тиззасида ўтирар эдим. Баногоҳ ҳузури муборакка бир киши кирди. Бобом шошиб ўрнидан турди. Мен унинг тиззасидан тушиб кетдим. Бобом бунга парво ҳам қилмасдан, ҳалиги одамни қарши олишга ошиқди. Кейин билсам, ўша киши бобомга бир пайтлар илм ўргатган устози экан. Олимлик мартабаси подшоликдан ҳам улуғроқ эканини ўшанда билганман. Шунда кўнглимда олим бўлиш ҳаваси уйғонган эди...”

Манбаларда келтирилишича Мирзо Улуғбекнинг энг кўп қилган дуолари ва Қуръондаги уни руҳлантирувчи оятлардан бири бу:

“Роббим, илмимни зиёда қилгин” (Тоҳа сураси, 114-ояти) бўлган экан. Дуолари мустажоб бўлганлигини бугун башарият англаб уларнинг номини тарихга муҳрладилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузурида олимлар бошқалардан кўра юқори даражада туришларини Қуръони карима очиқ-ойдин баён этган: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур” Мужодала сураси, 11-оят). 

Аллоҳим бизларга хайрли ва фойдали илм ато эт! 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

2408 марта ўқилди

Мақолалар

Top