Мақолалар

Масжидда карантин қоидаларига риоя қилайлик!

Жорий 2020 йил бутун дунё халқи қатори биз учун ҳам улкан синовли йил бўлди. Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус (COVID-19) инфекцияси барча мамлакатлар ва инсониятни қийин имтиҳондан ўтказмоқда. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, давлатимиз раҳбари бошчилигида масъуллар томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар ортидан юртимизда карантин чоралари аста-секин юмшатилмоқда.

Куни кеча эълон қилинган Республика махсус комиссияси хабарида карантин талабларига амал қилиш асосида айрим фаолият турларига рухсат берилди. Жумладан, 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат «яшил» ҳудудлар сарасига кирувчи масжидлар фаолиятини бошлаши, ушбу масканларда 5–8 июнь кунлари санитар чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Шукрлар бўлсинки, бугун эрта тонгдан «яшил» ҳудуд тоифасидаги туман ва шаҳарларда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда масжидларда бомдод намозини адо этилди. Мухлис халқимиз қалбига хурсандчилик инди. Қарийб уч ой давомида жамоатдан холи бўлиб қолган масжидларимиз мўмин-мусулмонларни қайта бағрига чорлади. Дарҳақиқат, бу дамлар интиқлик билан кутилганди. Сабр-тоқат ила қилинган дуо ва илтижолар ижобат бўлиб, масжидлар эшиги очилди. Бироқ ҳали касаллик хавфи тугамагани, шу боис бир қатор карантин талаблари амалда эканини унутмаслик лозим. Бу ҳақда “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёноти”да ҳам таъкидланди.

Фурсатдан фойдаланиб, баёнотда қайд этилган айрим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:
– Ҳар бир намозхон тиббий ниқобда бўлиши, масжидга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиш лозим!
– “Худони айтгани бўлади-да!” деб сабабларни бажармаслик мўминга хос иш эмас. Зеро, касаллик хавфи туғилиб турган бир вақтда масжидга чиқишда тиббий ниқобда бўлиш ва дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиш касалликни олдини олиш борасида кўрилган сабаблардан бири демакдир. Салафи солиҳлар ҳам ҳаётлари давомида ҳар қандай ишда аввал сабабни келтириб, ундан кейин Аллоҳга таваккул қилардилар. Қолаверса, боболаримиз ҳам “Асрамаса даво йўқ, асраганга бало йўқ” дея бежиз айтишмаган.

– Масжидда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашилмайди!
– Шу ўринда сийратдан бир мисол: Сақиф қабиласидан мохов касаллигига чалинган бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига байъат бергани келади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ортингга қайтавер, биз сени байъатингни қабул қилдик”, дейдилар. Ушбу ривоятдан келиб чиққан ҳолда уламолар Пайғамбар алайҳиссалом касал киши соғларга касалини юқтириб қўймаслиги чорасини кўрдилар ва бу билан умматга таълим бердилар, деганлар. Шундай экан, касаллик хавфи мавжуд бир пайтда қўл бериб саломлашиш ёки қучоқлашиб кўришишдан сақланиб туриш мақбулдир.

– Расман рухсат берилгунга қадар жума намозлари ташкил этилмайди!
– Шуни ёдда тутмоқ лозимки, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ айни вақтда карантин мезонларига амал қилган ҳолда “яшил” ҳудуд тоифасига кирувчи масжидлардагина ибодатлар адо этилмоқди. “Сариқ” ва “қизил” ҳудудларда эса карантин талаблари ўзгаришсиз қолмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан берилган маълумотга кўра, Республикада мавжуд 2068 та масжиднинг 1368 таси “яшил” ҳудуд тоифасига киришини ҳисобга олганда, кимдир кунлик намозларни масжидда адо этиш бахтига муваффақ бўлиб турган пайтда бошқалар “сабрда давом этмоқдалар”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларини сабрга чақириб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилган. Ҳали булар ҳам ортда қолади, инша Аллоҳ.

Илоҳо, тез фурсатларда касаллик хавфи бутунлай бартараф бўлиб, масжидларимиз жамоат ила тўлиб, жума намозларини ҳам жамоат бўлиб адо этишни барчамизга насиб қилсин!

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими

2306 марта ўқилди

Мақолалар

Top