Мақолалар

Султоннинг улкан масжиди

Мансур Сайфуддин Қаловун Алфий – Мисрдаги Баҳрийлар сулоласидан чиққан мамлук султони. 1279–1290 йиллар орасида ҳукмронлик қилган. Қаловун арзон қуллар бозоридан сотиб олинган оддий йигит бўлган. У ҳарбий санъатни мукаммал эгаллаб, ўзига бахтиёр келажак тайёрлади ва Миср султони даражасига кўтарилди.

Ҳукмдор қурдирган масжид жуда ҳам улкан бўлиб, масжид ҳудудида мадраса, музей ва карвонсарой мавжуддир. Ансамбл 1284 йилларда Сурия анъаналари бўйича султон Қаловун томонидан қурдирилган. Бу ансамбл аввалги Фотимийлар саройи ўрнида барпо қилинган.

 Машҳур араб сайёҳи ва тарихчиси, "барча мусулмон мамлакатларини кезиб чиққан сўнгги энг буюк сайёҳ" дея таъриф этилган Ибн Баттута (1304–1368) ўзининг машҳур “Туҳфат ан-нуззор фи ғароиб ал-амсор ва ажоиб ал-асфор” ("Ғаройиб шаҳарлар ва ажойиб сафарлар ҳақида назар соҳибларига туҳфа") асарида Мансур Сайфуддин Қаловун ҳақида қуйидаги хотираларини баён этган:  "Мен Мисрга кирган пайтимда унинг султони подшоҳ Носир Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Малик ал-Мансур Сайфуддин Қаловун ас-Солиҳий эди. Қаловун “Алфий” (минглик) деб аталар эди. Чунки подшоҳ Солиҳ уни минг тиллага сотиб олган бўлиб, асли қипчоқлардан эди.

 Подшоҳ Носир олижаноб хулқ, буюк фазилатлар соҳибидир. Икки Ҳарам ходими бўлишга сазоворлигининг ўзи унга етарли шарафдир. Шунингдек, ҳар йили таъминоти тугаган, заиф ҳожиларга йўл озуқаларини ортиш, Миср ва Шомнинг оғир йўлларида ортда қолган ва юролмай қолганларга миниши учун туялар бергани ҳам мақтовга сазовордир. У Қоҳира ташқарисидаги Сирбоқусда муҳташам бир хонақоҳ барпо этган. Бироқ мавлоно, амирул-мўминин, носируддин, фақир-мискинлар паноҳи Байдо (Касабланка) шаҳри (Аллоҳ уни сақласин) ташқарисида қурган хонақоҳ мустаҳкамлиги, гўзал қурилиши, машриқ аҳлининг қўлидан келмайдиган даражадаги ганжин нақшлари билан бутун ер юзида бемислдир".

Раҳимберди РАҲМОНОВ,

Тошкент шаҳридаги

"Хўжа Аламбардор" жоме масжиди

имом-хатиби тайёрлади.

6049 марта ўқилди

Мақолалар

Top