Мақолалар

Динга даъват этишнинг 5 одоби

Исломий даъват пайғамбарларнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Уларнинг барчалари муаллим ва даъватчи бўлишган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил” (Наҳл сураси, 125-оят). Бошқа бир оятда эса бундай марҳамат қилади: «Сен: Бу – менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга билиб – ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман, деб айт» (Юсуф сураси, 108-оят). Оятдаги “басират” сўзи манфаатли илм ва солиҳ амалдир.

Аллоҳ таолога даъват этишда бешта одоб бор. Ушбу беш одобнинг беш воситаси ва беш натижаси ҳам бор. Беш одоб қуйидагилардир:

  1. Аллоҳ учун холис, У зотга содиқ бўлиш ва У зотнинг ҳузуридаги нарсаларнигина ният қилишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар” (Баййина сураси, 5-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзах энг биринчи уч кишини куйдириб, азоблашини айтганлар. Ўша уч кишининг биринчиси инсонлар уни олим дейишлари учун илм олган ва шундай деб ном чиқарган кишидир.

  1. Ўзи даъват этаётган нарсага амал қилиш. Чунки ўзи даъват этган нарсага амал қилмаслик жуда уятли ва шармандали ишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!” (Бақара сураси, 44-оят).
  2. Даъватни етказишда юмшоқ феълли бўлиш. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломни Фиръавнни тўғри йўлга чақириш учун юборганда уларга бундай буюради: “Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса” (Тоҳа сураси, 44-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Енгиллаштиринг, қийинлаштирманг, хушнуд этинг, нафратлантирманг”.
  3. Даъватни босқичма-босқич амалга ошириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тутган йўллари каби даъватда энг муҳим ва аҳамиятли нарсадан бошлаш лозим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга даъват учун жўнатаётган вақтларида бундай деган эдилар: “Албатта, сен аҳли китоб (насроний) қавмига борасан. Уларни даъват қиладиган энг аввалги нарсанг Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва мен Унинг элчиси эканимга гувоҳлик бериш бўлсин. Сўнгра, улар бу нарсада сенга жавоб берсалар (қабул этсалар) Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганининг хабарини бер”.
  4. Ҳар бир қавм билан уларга муносиб тарзда суҳбатлашиш ва улар муҳтож бўлган нарсани уларга гапириш. Шаҳар аҳлига бошқача, қишлоқ аҳлига ўзгача услубда сўзлашиш керак. Ҳар бир кишига ўзига хос услубда даъват қилиш самарали бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина эсларлар” (Бақара сураси, 269-оят).

Аллоҳим, манфаатли илм, солиҳ амал ва динни теран англашимизни зиёда айла!

Доктор Оиз Ал-Қарнийнинг

“Рўзадорлар учун 40 дарс” китобидан

Саидхон қори МАХСУМ таржимаси.

3276 марта ўқилди

Мақолалар

Top