Мақолалар

Жаннатдаги 3 хазина

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа бериш, бошига тушган қийинчиликлардан одамларга шикоят қилмаслик ва мусибатларини ҳеч ким кимга билдирмаслик жаннат хазиналаридандир”, дедилар.

Махфий садақа бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).

Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлди. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса бундай амал ҳам афзал ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Бошига тушган қийинчиликлардан одамларга шикоят қилмаслик ва мусибатларини ҳеч ким кимга билдирмаслик. Мўмин киши ҳаётда дучор бўладиган ҳар бир нарса Аллоҳдан эканига имон келтиради, Аллоҳ таоло синовларни Ўзига яқин қилиш учун юборганига ишонади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг синови эканига иқрор бўлган банда фақат Роббисига илтижо қилади, барча дарду аламларидан ёлғиз Унга шикоят қилади:Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...” (Юсуф сураси, 86-оят).

Аллоҳим барча мўмин-мусулмонларни ҳар бир ҳолатда Сенгагина суянувчи, ёлғиз Сендангина умидвор бўлувчи ва Сенгагина таваккул қилувчилардан қилгин!

Даврон НУРМУҲАММАД

2627 марта ўқилди

Мақолалар

Top