Мақолалар

Ота-онанинг юзига қараш ҳам савоб

Ота ва онага нисбатан ҳурмат сақлашни ҳадиси шарифларида қаттиқ таъкидлаганлар. Ҳатто ота-онанинг вафотидан кейин ҳам уларга бўлган меҳр-муҳаббат ва ҳурматни камайтирмасдан, ҳақларига кўп дуо қилишни буюрганлар.

Расул алайҳиссалом бир марта минбарга чиқаётиб бир қадам ташлаб «Омин» дейдилар, яна бир қадам ташлаб яна «Омин» дейдилар, учинчи қадамни ташлаб яна «Омин» дейдилар. Минбардан тушгач, саҳобалар:

«Ё, Расулуллоҳ, хутба ўқиш учун минбарга чиқаётиб уч марта «Омин» дедингиз. Нима сабабдан?... – дея сўрашади.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен минбарга чиққаётганимда Жаброил алайҳиссалом келиб: «Онаси ва отаси ҳаётлик вақтида ёки булардан бири ҳаёт бўла туриб, уларнинг розилигини олиб, жаннатий бўлолмаган ва бу имкониятни бой берган фарзанднинг бурни ерга ишқалансин!» – дедилар. Мен ҳам «Омин!» дедим», – деганлар.

Яъни, бир фарзанднинг онаси ва отаси ёки улардан бири ҳаётлигида уларга хизмат қилиб, дуосини ололмасдан, жаннатий бўлолмаганнинг ҳолига вой, деган маънони билдиради. Демак, ота-онани ҳурмат қилиш жуда муҳим.

Яна бир ҳадиси шарифларида:

«Бир фарзанд, меҳри билан ота-онасини ўзига қарата олса, ота-онаси унга ҳар бир бор муҳаббат билан боққанидан бир қулни озод қилганчалик савоб топади», дедилар.

Шунда асҳоблар:

«Ё, Расулуллоҳ! Агар 360 марта қарасачи?...» – дейишди.

«Оллоҳу акбар! У ҳолда Оллоҳ Таоло у бандасига 360 та қул озод қилгандек савоб беради...» – дедилар.

Бу ҳадислар орқали фарзанднинг ота-онага чексиз ҳурмат кўрсатиши лозимлигини тавсия қилганлар.

Шунингдек, ота-оналарнинг ҳам фарзандларига нисбатан масъулият ва бурчлари борлигини мана бу ҳадисда таъкидлаганлар: «Фарзандларингизга чиройли исм қўйинг, одобли қилиб, тарбиялангиз!.. Қуръони Карим тарбияси, Расулуллоҳ муҳаббати билан ўстиринг!»

علموا اولادکم الکتابة و الرماية و السباحة

(Аллиму авлодакумул китобата, вар римаята вассибаҳаҳ).

"Фарзандларингизга ёзув ёзишни, қурол ишлатишни, отишни, сузишни ўргатинг!" деганлар.

Агар ота-она ўз бурчини бажармаса, охиратда фарзандлари даъво қилишини айтганлар. Ота-она фарзандини ақлли, меҳрли ва одобли қилиб тарбиялашса, фарзанд томонидан ҳам эъзозланадилар, ардоқланадилар. Ораларида мустаҳкам муносабат қарор топади.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

2521 марта ўқилди

Мақолалар

Top