Мақолалар

Биз қачон шу аҳволга тушиб қолдик?

Бугун шундай замонда яшаяпмизки,  айримлар молу дунёга муккасидан кетиб, ҳалоллик, имон-эътиққод, дину диёнатни унутиб, тап тортмай, қулоқларигача гуноҳга ботишяпти. Бировнинг ҳақига хиёнат қилиш оддий ҳолга айланиб қолди. Боз устига, энг нимжон инга (Анкабут сураси, 41-оят) қиёсланаётган интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тиқиштирилаётган “оммавий маданият” номи остидаги беҳаёликлар, разилликлар имони заиф, маънавияти суст кишиларни йўлдан урмоқда. 

Қулоғимизга тез-тез “Бозорда тижорат қиладиган икки дўстпичоқлашибди”, “Фалончи танишидан иш сўраб борган экан, уни чет элга сотиб юборибди”, “Ишлатиб, “пешона тери”ни бермабди”, “Бир ота-онанинг фарзандлари келишолмаяпти”, деган гаплар чалинади. Ҳатто ор-номус, ҳамият, ғурур каби туйғулар бегона бўлган айрим кимсалар ҳамма айбни қилиб, ойнаи жаҳонга чиқиб, гўё ўзини “оппоқ қилиб” кўрсатишга уринмоқда.

Хўш, биз қачондан бери шундай аҳволга тушиб қолдик?

Жавоби оддий. Биз Аллоҳ ва Расулининг буйруқларига итоат этмай қўйганимиздан бери аҳволимиз шу. Расулуллоҳдан ўрнак олмай қўйдик, саҳобаларнинг ҳаётига қизиқмадик, улуғларимизга эргашмаяпмиз. Бунинг оқибатида ҳар хил иллатлаар илдиз отяпти.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 21-оятида марҳамат қилади: «(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учунАллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўпёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир».

Келинг, Сарвари коинотнинг ҳаётларига назар солайлик, шояд ибрат олсак.

Саодат асрида Ибн Абу Сарҳ деган кииши бўлган. У ҳазрати Усмоннинг кўкалдоши эди (Абу Нуайм, “Маърифатус саҳоба”, 3/160). Ислом тарихида Ибн Абу Сарҳ номи билан машҳур бўлган бу одам Ҳудайбия сулҳидан сўнг Мадинага келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида имон келтириб, мусулмон бўлади. Бу ҳодиса ҳазрати Усмонни жуда қувонтиради.

Ўқиш-ёзишни билган Ибн Абу Сарҳга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий котиби вазифасини юклаганлар (Ибн Абдулбарр, “Ал-истиъоб”, 2/375;  Ибн Ҳажар, “Ал-исоба”, 2/317.). Лекин бу бетамиз кимса қисқа фурсатда ҳаддидан ошиб, мусулмон кишига ярашмайдиган сўзлар айта бошлайди. У ер-бу ерда: “Муҳаммад нималар ёздирганини ўзи ҳам билмайди. Мен хоҳласам, унинг ёздирганларини ўзгартиришим мумкин” (Абу Нуайм, “Маърифатус саҳоба”, 3/160),  деб ғулдираб юради.

Бу гаплари билан мунофиқларнинг тегирмонига сув қуяётган Ибн Абу Сарҳ ҳаддидан ошиб, олов билан ўйнашаётганини, бунинг оқибати ёмон бўлишини англаб, жуфтакни ростлаб қолади. Маккага етиб бориб, ўша ерда муртад бўлади.

Ибн Абу Сарҳ қилган ишларидан асло пушаймон бўлмади. Макка фатҳ этилгач, Пайғамбаримиз томонларидан “Каъбапўшга беркиниб олган бўлса ҳам, топсангиз, ўлдиринг” буйруғи билан эълон қилинган “қора рўйхат”да унинг ҳам оти бор эди.

Бу эълонни эшитган Ибн Абу Сарҳ қўрқиб кетиб, ҳазрати Усмоннинг ҳимоясига кирди. Ҳазрати Усмон унинг бу таклифини қабул қилиб, уни чодирида яширади.

Кейинроқ уни Расулуллоҳнинг ҳузурларига келтириб, кечиришларини сўраган, лекин ижобий жавоб ололмаган. Оёқ тираб туриб олиб сўрайверишдан чарчамаган ҳазрати Усмоннинг илтимосларини охири Набиййи муҳтарам қабул қиладилар. Шундан сўнг Ибн Абу Сарҳ қўйиб юборилади.

Улар кетгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Орангиздан бир қаҳрамон чиқиб, шу муртадни ўлдириб қўя қолмади-да, – деган мазмунда гапирадилар.

– Ё Расулуллоҳ, кўзингиз билан имо-ишора қилганингизда ёки қошингизни қимирлатиб ққўйганингизда мен уни боплар эдим, – деган бир саҳобага Расулуллоҳ:

Пайғамбар асло хиёнат кўзи билан қарамайди, – деганлар (Ибн Ҳишом, 4/52; Ибн Абдулбарр, “Ад-дурар”, 260).

Бу ҳодиса ҳақида чуқур тафаккур қилиш фойдадан холи эмас. Чунки Ибн Абу Сарҳ билан бирга Каъбапўшга яшириниб олган бўлишса ҳам ўлдириладиганлар орасида Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафвон ибн Умайя, Ваҳший, Ҳаббор ибн Асвад каби кимсалар бор эди (Ибн Ҳиббон, “Ас-сийра ан-набавийя”, 248). Уларнинг барчаси Маккадан қочиб кетишди.

Шу билан бирга, Икриманинг аёли (Абу Жаҳлнинг келини) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, ўзини танитган ва эрининг кечирилишини сўраган. Расулуллоҳ эътироз қилмасдан, буни маъқул кўрганлар (Ибн Ҳишом, 4/60). Умайр ибн Ваҳб Сафвон ибн Умайянинг кечирилишини сўраб келган ва унинг илтимоси ҳам рад этилмаган.

Кейинги йилларда Ҳаббор ва Ваҳший ҳам кечирилишини сўраб алоҳида-алоҳида мурожаат қилган. Уларнинг истаклари ҳам дарҳол қаноатлантирилган.

Ҳазрати Усмоннинг Пайғамбаримизга ким эканлиги маълум. Унинг Расулуллоҳ билан керак бўлса, Умайр ибн Ваҳб, Абу Жаҳлнинг келини Умму Ҳаким билан қиёслаб бўлмайдиган даражада яқинлиги бор. Лекин, шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Абу Сарҳни қўйиб юборишни истамаганларининг ўзига яраша сабаблари бор, албатта.

Балки келажакда ҳазрати Усмоннинг бошига тушадиган турли мусибатлар ва бу мусибатларни ташкиллаштирадиганлар орасида Ибн Абу Сарҳнинг ҳам қўли бўлиши Расулуллоҳга ошкор қилингандир.

Ҳазрати Усмон кўкалдоши Ибн Абу Сарҳнинг қўлидан тутиб Расулуллоҳнинг ҳузурларидан чиқаётганида хурсанд эди. Аммо, у эртага ҳам хурсанд бўла оладими?..

* * *

Шу ўринда эътибор қаратишимиз муҳим бўлган бир нукта бор. У ҳам бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишора қилиб, муртад Ибн Абу Сарҳни ўлдиртириб юборишлари ҳам мумкин эди. Лекин оламларга раҳмат қилиб юборилган зотга хиёнат у ёқда турсин, ҳатто жуда арзимас нохуш хатти-ҳаракат ҳам ярашмайди. Келажакда куёвининг қотиллари сафидан жой оладиган хоинни кечириш – фақат Расули акрам алайҳиссаломга хос фазилат.

Бундай ишлар бизнинг қўлимиздан келмайди – бу аниқ. Лекин, ҳеч бўлмаса, У зотга муносиб уммат бўлиб, асло хиёнат кўчасига кирмайлик, бир-биримизнинг айбимизни, хатою камчиликларимиз ковламайлик (зотан, бу иш мўмин кишига мутлақо ярашмайди), гуноҳлар гирдобига тушиб қолмайлик. Шуни эпласак – марра бизники!

 

Толибжон НИЗОМ

2349 марта ўқилди

Мақолалар

Top