Мақолалар

«ПУЛ ЎЗИНГНИКИ ЛЕКИН РЕСУРСЛАР БАРЧАНИКИ..»

Олмонияга (Германия) ўқишга борган бир араб йигит ҳикоя қилади.

Олмония саноатлашган, ўта ривожланган давлат. У ерда турли соҳаларга оид маҳсулотларнинг саралари ишлаб чиқарилади. Кўпчилик, бу мамлакат аҳолиси ниҳоятда тўкин-сочин, ўта дабдабада яшайди, деб ўйлайди.

Сафаримдан олдин мен ҳам шу фикрда эдим. Гамбург шаҳрига келиб тушганимда, у ердаги танишларим бир ресторанда зиёфат уюштиришди. Ресторанга бордик. Қарасак, ресторанда одам кам, бир нечта ёши улуғ аёллар бор, бир четдаги столда ёш эр-хотин ўтирибди. Олдиларида иккита тарелка овқат ва иккита ичимликдан бошқа нарса йўқ. Биз ҳам бир столга ўтирдик, қорин ҳам очқаб кетганди, шундан шеригим кўпгина овқат буюртма берди. Ресторан тинч экан, овқат ҳам тезда келди.

Овқатланиб бўлиб, туриб кетаётганимизда овқатни деярли учдан бири тарелкада ортиб қолган эди. Ресторан эшигига етиб бормаган ҳам эдикки, кимдир бизни чақирди, қарасак ёши улуғ хонимлар ресторан бошлиғига нималарнидир гапиришяпти. Билсак, улар кўп овқат қолдириб кетаётганимиздан норози эканлар.

Шеригим: “Ўзимиз буюртма берган овқат, пулини тўладик, сизларга дахли бўлмаган нарсага нега аралашасизлар”, деди. Хонимлардан бири бизга қаттиқ ғазаб билан қараб турди-да, телефон олдига бориб, кимгадир сим қоқди…

Кўп ўтмасдан, расмий кийимда бир киши кериб келди, ўзини «ижтимоий таъминот муассаса»сининг зобити деб таништирди. Бизга 50 марка (пул бирлиги) жарима солди. Биз жавоб қайтаролмадик. Шеригим узр сўраб 50 марка тўлади. Зобит самимий оҳангда: «Ортиб қолмаслигига кўзларинг етган таомни буюртма беринглар, пул ўзларингники, лекин ресурслар барчаники.

Дунёда кўплаб одамлар ресурс, озиқ-овқат тақчиллигига дуч келмоқда, сизлар эса беҳудага кетказяпсизлар». Биз роса хижолатда қолдик. Унинг гаплари ҳақ эди.

Биз шуни тафаккур қилишимиз керак, бизнинг юртларда (Араб давлатлари) ўзи ресурс кўп эмас, шундай бўлса ҳам, бировни чақирсак, одамлар нима дейди, деб, кўп егуликлар харажат қилиб юборамиз.

Натижада кимлардир зор бўлаётган кўплаб овқатлар исроф бўлиб қолиб кетади. Бу биз учун амал қилишимиз керак бўлган дарс бўлди.

Шеригим ўша жиноят қоғозини суратга олиб, ҳар биримизга эсдалик сифатида биттадан нусха берди. Биз уни ҳеч қачон исроф қилмаслигимизни эслатиб турсин, деб хонамиз деворига осиб қўйдик… «Пул ўзингники, лекин ресурслар барчаники».

Бу ҳикматни ҳар қачон овқатланганимизда, ёки душ қабул қилганимизда, ёки ресурслардан, масалан, электр, газ, сув ва ҳаказо… қай бири бўлсин, ишлатаётганимизда эслашимиз даркор !!!

Ресурсларнинг барчаси Аллоҳнинг неъмати, агар биз уни исроф қилиб юборсак, оқибатда унга зор бўлиб қолишимиз эхтимоли катта.
Уни ато қилган Роббимизга шукр қилиб, уни тежаб, керагича ишлатсак, Роббимиз уни яна ҳам зиёда қилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “Еб-ичинг, (лекин) исроф қилманг! Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”.

Муҳаммад Яҳёхон Муҳаммадхон ўғли таржимаси

2195 марта ўқилди

Мақолалар

Top