Динимиз таълимотларини инсонларга етказиш ва бу йўлда уларга муаллимлик қилиш – ғоят шарафли вазифа. Чунки бу расуллар ва набийларнинг йўлидир. Энг муҳими, имом-хатиблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маънавий меросхўрлари ҳисобланади. Имом-хатиблик шарафли вазифа бўлиши билан бирга ўта масъулиятли ҳамдир. Чунки имомнинг биргина хатоси ёки эътиборсизлиги оқибатида кўплаб одамлар адашиши мумкин. Шунинг учун имом-хатиблар доимо ўз устларида ишлаб, илм ва тажрибаларини оширишлари, халқни, миллатни доим тўғри йўлга даъват этишлари лозим.
Қадимдан диёримизда илм аҳлининг, имом-хатибларнинг мавқеи баланд бўлган. Бугун ҳам уларга бўлган талаб ва ишонч ҳар қачонгидан юқори. Муҳтарам Юртбошимиз: “Имом-хатиблар кенг жамоатчилик орасида мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай барқарор ва осойишта муҳит осмондан тушмаётганини тарғиб этиш, ота-боболаримиз минг йиллардан буён пок сақлаб келаётган Ислом дини ҳар қандай зўравонликка, бузғунчиликка, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга мутлақо қарши эканини оят ва ҳадислар асосида, жонли мисоллар ёрдамида таъсирчан етказиб беришлари зарур”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, имом-хатибларимиз олдида улкан вазифалар жуда кўп. Улар халққа диний таълимотларни ўргатиш билан бир қаторда тинчлигимиз ва хавфсизлигимизга рахна соладиган турли оқим ва фирқаларнинг кирдикорлари, зарарлари ҳақида ҳам маълумотлар бериб боришлари ғоятда муҳимдир. Акс ҳолда жамият орасида лоқайдлик ва бепарволик юзага келади. Мана шу нуқтаи назардан ҳам имом-хатиб доимо огоҳ бўлишга ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб этишга бурчлидир.
Шунингдек, бизга берилган тинчлик неъматини қадрлаб, унинг шукронасини қилишда бошқаларга намуна бўлишлари ҳам айни муддаодир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман» деб марҳамат қилади (Иброҳим сураси, 7-оят).
Аллоҳ таоло юртимизни ҳамиша тинч ва обод айласин, халқимизнинг маънавияти юксак бўлишини насиб этсин. Барчамизни Ўзига кўп шукр қилувчи бандаларидан қилсин!
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака тумани бош
имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 6-сонидан олинди