Мақолалар

Қўшнингиз сиздан омондами?

Ислом таълимоти инсониятни ўзаро яхши алоқада, яхши муомалада бўлишга чақиради. Ҳусусан, қўшничилик хақ-ҳуқуқлари борасида ҳам талайгина таълимотлар бор. Хар бир мусулмон оила бу илмни ўрганиб амал қилиб яшар экан нажот топади. Эл-юрт, маҳалла-кўй олдида намунали оила бўлади.

Қўшничиликда ҳатто у ғайридин бўлса ҳам, қўшнилик хаққи борлиги учун у билан ҳам гўзал муомала ва алоқада бўлишлик динимизда таъкидланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қўй сўйганларида ўзига ёмонлик қилиб юрган яҳудий қўшнига гўшт беришни қайта-қайта тайинлаганлар. Бизчи? Озгина хатолик ўтган қўшнимизни ёмон кўрамиз, алоқани узамиз. Қани биздаги мусулмонлик ҳулқи ва одоби?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан" Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, қайси бирига ҳадя берай?" деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сенга эшиги яқинроғига", дедилар.

Ҳадя бериш узоқдаги қўшнидан бошланса ён қўшнининг кўнгли оғриши, озорланиши мумкин. Ижтимоий алоқаларга путур етса одамлар орасига совуқчилик тушади. Бу мусулмонларни пароканда бўлишига сабаб бўлувчи омиллардандир. Набий алайҳиссаломнинг қўшничилик борасида яна кўп ва ҳўп кўрсатмалари бор. Ўзи тўқ бўлиб қўшниси оч қолган мўмин эмаслиги, қиёмат кунида қўшнисининг бўйнига осилиб олиши бор хақиқатлар. Агар қўшни ёрдам сўраб чиқса, имкон бўлиб туриб ёрдам қўлини чўзмай юзига эшик ёпишлик ҳам бандани қиёмат кунида юзини қаро қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй, Абу Зарр! Шўрва қилсанг, сувини кўпайтиргин, қўшниларингдан хабар ол", деганлар. Бундан кўринадики, кўринмай қолган қўшнидан хабар олиб, ҳол-аҳволини сўрашлик унинг хақларидан экан. Бугунги қўшничилик аҳволимиз шариат кўрсатмаларидан афсуски олисда. Қўшнилар бор, бир-бирини танимайди. Ҳатто уйида ўлиб қолса ҳафталаб биров билмай қолган кунларда яшаяпмиз. Шунинг учун ҳам ўзаро муносабатларимизда илиқлик ва оқибат йўқ. Охиратини унутган одамгина бечораҳол қўшниларини ҳолига ташлаб қўяди. Аллоҳдан умиди бор қўшни албатта уларга ҳам рағбат ва мурувват кўрсатади.

Мусулмон одам асло қўшниларига озор бермаслиги керак. Бир аёлики, кечаси билан намоз ўқийди, нафл рўзалар тутади ва фалон яхшиликларни қилади-ю, лекин қўшнисига озор етказишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганларида, у зот алайҳиссалом: "У аёлда яхшилик йўқ. У дўзаҳ аҳлидандир", дедилар. Аллоҳ сақласин. Қаранг! Шунча ибодатларни биргина тили ила озор бериши билан йўққа чиқариб" дўзаҳ аҳли"дан бўлиши ачинарли ҳол.

Бугун қўшнисининг тилидан тинчлиги ва хотиржамлигини йўқотганлар йўқ дейсизми?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимнинг қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмаса у жаннатга кирмайди", дедилар.

Ҳа, бировнинг оиласини тинчини бузиб, озор берса тавба қилмай, кечирим сўрамай вафот этса, у инсон учун энди жаннат бегона экан.

Қўшнингизга озор берманг. Қиёмат куни қўшнингиз сизни зинҳор: "Ёмон қўшни эди", демасин. Қўшничилик хаққини бузиш зулмдир. У ёмон бўлса сиз ҳам ёмонлик қиласизми? Қўшнингиз балки бу таълимотларни билмас, энди сиз билиб, ўқиб туриб яна ёмонлигига яхшилик ила жавоб бермас экансиз, сизда ҳам яхшилик йўқ экан. Эртанги кунда сизнинг ҳисобингиз қўшнингизникидан оғирроқ бўлади.

 

Абдураҳмон АРТИҚОВ,

Андижон шаҳар"Уйғур" жоме масжиди имом-хатиби.

2437 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top