Мақолалар

Жаҳаннамга журъатли бўлманг! (давоми)

1-қисм, 2-қисм 

Имом Термизий ва Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз хатосини англаб, тортишувни тарк қилган кишига Аллоҳ жаннат ўртасида бир қаср бино қилади. Ҳақ бўлатуриб, тортишувдан ўзини тийганга эса, жаннатнинг энг юқорисидан қаср қуради” деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида “Сендан маслаҳат сўраган кишига тўгри (йўл) кўрсат, акс ҳолда, унга хиёнат қилган бўласан” ҳамда “Яхшиликка ундовчи одам, яхшилик қилган кабидир”, деб таъкидланган.

Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи фатво берган кимсага бўлади. Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканини била туриб, бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади”, дедилар.

Имом Доримий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Фатвога журъатли бўлганингиз, дўзахга журъатли бўлганингиздир”, дедилар.

Юқоридаги ҳадиси шарифларга яна бир бор эътибор қаратадиган бўлсак, фатво ва унга оид масалалар ўта масъулиятли иш эканини билиш билан бирга, фатво бериш инсоннинг дунё ва охиратдаги мақомининг қандай бўлишини ҳам белгилаб берувчи ўта нозик омонат – вазифа экани маълум бўлади.

Шайх Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ эса: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди! Динда ҳам худди шундай! Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек, қамрови жиҳатидан хавфлироқдир!”, деб таъкидлаганлар.

Хулоса ўрнида айтишимиз лозимки, барча масалаларда, жумладан, оятлар тафсири, ҳадислар шарҳи ва фатволар каби барча масалаларда ҳам мусулмоннинг дунё ва охират ҳаёти учун хайрият ва эзгулик асос қилиб олиниши зарур.

Қуръони карим оятларини ва ҳадисларнинг асл мазмунидан бехабар, уларни ўзи билганича ғаразли талқин қиладиганларга эргашмаслик зарурлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик муҳимдир. Шу билан бирга, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва фатво каби катта омонатлардан кимнингдир ёки муайян бир сиёсий тоифанинг манфаатлари йўлида фодаланиш ҳам катта ҳиёнат ва омонатни зое қилиш эканини англашимиз ва ўзаро бу омонатни етказишимиз бугунги куннинг муҳим талабидир.

 

 

Манбалар асосида

Акмалхон Ахмедов тайёрлади

2333 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top