Мақолалар

Зиёрат туризми: имконият кўп, ташаббуслар етарли, навбат – натижага

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони зиёрат туризмини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан алоҳида эътиборга молик. Фармонда зиёрат туризмини тараққий эттириш ва унинг истиқболлари бўйича қатор муҳим масалалар ўрин олганки, бу соҳанинг аниқ ва тизимли ривожланиш тенденцияларини белгилаб беради.

Жумладан, буюк аллома ва уламоларимиз, айниқса, Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг оммалаштириш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида индонез, бенгал, малай, турк, араб, ҳинд, урду, пушту каби хорижий тилларда “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканалини ташкил этиш, хорижий мамлакатларда унинг мухбирлари фаолият юритишини таъминлаш, ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш масаласи қўйилган.

Албатта, бу ҳозирги кунда жуда муҳим масала. Сабаби, Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўнта мамлакатдан биридир. Шунинг учун юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Лекин олдимизда мана шу бой тарихни дунё ҳамжамиятига турли тилларда, турли ракурсда кўрсатиш масаласи турибди. Агар йўлдош телеканал орқали бу бой маданий мерос ва объектларимизни бутун дунёга намойиш этсак, шубҳасиз, сайёҳлар оқимининг кўпайишига асос бўлади.

Яқин кунларда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламо қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини, уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқамиз. Бу ҳам жуда муҳим масалалардан бири ҳисобланади ҳамда ушбу йўналишдаги ишларни тизимли ва ўз вақтида самарали ташкил этишга хизмат қилади. Ўз навбатида, мотуридия таълимотига эргашувчи миллионлаб инсонларнинг зиёрат марказига айланишига замин яратади.

Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш ташаббуси ҳам юртимизга келган ҳар қандай сайёҳда бой тарихимиз, буюк алломаларимиз ҳақида тугал маълумот олиши учун муҳим маскан бўлади.

Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музейни қуриш ҳамда уни ривожлантириш масаласи ҳам том маънода тарих ва бугуннинг уйғунлигини ўзида акс эттирадиган лойиҳа бўлади.

Бугун дунё шиддат билан ривожланяпти, ўсиб келаётган ёшларимиз фан-техниканинг энг сўнгги имкониятларидан фойдаланмоқда ва ушбу тенденция билан ҳамоҳанг яшамоқда. Бу инновацион музей ана шу жиҳатларни ўзида мужассам этиши билан нафақат юртдошларимиз, хорижлик меҳмонлар учун ҳам қизиқарли ва маънавий озуқа оладиган жойга айланишига шубҳа йўқ.

Бизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича бошқа мамлакатларда мавжуд бўлмаган кенг имкониятлар бор. Бугун шу имкониятлар эшигини очиш, дунёга тараннум этиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Айниқса, “Умра+” йўналиши (умра ибодатини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига Ўзбекистон орқали сафар қилиш) юртимизнинг географик жойлашуви ва ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни сабабли йирик потенциалга эга лойиҳалардан биридир.

Бу борада Индонезия, Малайзия, Покистон ва Туркиянинг тегишли вазирлик ҳамда идоралари билан жадал ишлар олиб борилмоқда. Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб тарқалиб, Саудия Арабистони чегараларини ёпгунга қадар Индонезия ва Малайзиядан илк зиёратчи гуруҳларнинг Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдаги тарихий қадамжоларга ташрифлари ташкил этилди. Ушбу зиёратчилар “Умра+” дастурига биноан юртимиздаги 3-4 кунлик зиёратдан сўнг Саудия Арабистонига жўнаб кетиши йўлга қўйилди. Албатта, бу ишлар Саудия Арабистони умра дастурини тиклагандан кейин давом эттирилади.

Кези келганда айтиш жоизки, гид-мутахассисларимиздан диншунослик, исломшунослик, ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияси каби фанлардан билимлар талаб этилади. Гидлар хорижий зиёратчиларнинг қайси давлатдан экани, уларнинг маданияти, эътиқодий қараши, мазҳаби ва тариқатини инобатга олган ҳолда маълумотларни мазмунли етказиши зарур.

Худди шу йўналишда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳам мутахассислар тайёрламоқда. Жумладан, ушбу олий ўқув юртида “Зиёрат туризми” йўналишида талабалар қабули ташкил этилган бўлиб, исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш — ISESCO ҳамда UNESCO ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш кафедралари фаолият юритмоқда. Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ҳам бу соҳада малакали кадрлар захирасини етиштирмоқда.

2020 йилда пандемия сабабли зиёрат туризмини ривожлантириш борасида белгиланган қатор чора-тадбирлар амалга ошмай қолди, лекин 2021 йилда буни янада кенгроқ кўламда бажариш бўйича ишлар жадал бошланган.

Жумладан, юртимиздаги йирик зиёратгоҳлар, шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Насафий, Нақшбандий ва Яссавий каби улуғ алломаларнинг бой илмий меросларини дунёга кенг тарғиб қилиш мақсадида тажрибали имом-хатибларимиздан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилди. Эндиликда ушбу гуруҳ режа асосида Россия, Қозоғистон, Туркия, Малайзия, Индонезия ва Покистон каби давлатларга жўнатилади. Ҳозиргача зиёрат туризми ва алломаларимиз меросини тарғиб қилишга оид бир қанча альбом-проспектлар, илмий асосланган китоблар, рисолалар тайёрланди ҳамда нашр ишлари бошлаб юборилди. Албатта, бу материаллар турли тадбирлар ва кўргазмаларда намойиш этишга мўлжалланган, лекин тарғиботчиларимиз фаолияти учун ҳам муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда ички зиёрат туризмини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, ёшларимизни ўз аждодлари ким эканидан тўлиқ хабардор қилиш, танитиш, шонли тарихимизни ўргатиш, буюк боболаримизга муносиб ворис бўлиб вояга етказиш учун минтақавий зиёратгоҳлар дастури доирасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, ҳозирги кунда ишчи гуруҳ томонидан мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида зиёрат туризмига хизмат қилувчи сайёҳлик фирмаларини очиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Бу каби саъй-ҳаракатлар Президентимиз фармонидан кейин янада жонланади ва туризмни ривожлантириш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти бойиб боради.

Абдуғофур АҲМЕДОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

2021 йил 12 февраль, №31 (287)

2126 марта ўқилди

Мақолалар

Top