Мақолалар

Тиб ва дам солиш

26-боб

Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: Баъзилар дам солиш ва даволанишни ёмон кўришди, аммо бунга уламоларнинг оммаси ижозат берди.

Бу ишни ёмон кўрганлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ушбу ҳадисни ҳужжат келтиришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан етмиш мингтаси ҳисоб-китобсиз жаннатга киради», дедилар. Уккоша ибн Муҳсин туриб: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга мен учун дуо қилинг, мени улардан қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у учун дуо қилдилар. Бошқа бир киши туриб: «Мен учун ҳам дуо қилинг», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уккоша сендан илдамлик қилди», дедилар. Айтилишича, иккинчи киши мунофиқ эди, шу сабабли унга дуо қилмадилар ва бу билан мўминни юқори қўйдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига кириб кетдилар. Одамлар жаннатга ҳисобсиз кирадиган кишилар кимлиги ҳақида гаплаша бошлади. Баъзилар: «Улар Исломда туғилиб, Исломда ўлганлар ва гуноҳ иш қилмаганлар», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар, сўнг бу ҳақда у зотдан сўрашди. «Улар дам солдирмайдилар, ирим-сиримларга ишонмайдилар, яраларига тамға қилиб босмайдилар ва Раббиларига таваккул қиладилар», дедилар Набий.

Имрон ибн Ҳасин: «Мен нурни кўрардим ва малоикаларнинг сўзларини эшитардим, дам солдирган эдим, бу нарса мендан йўқолди», дейдилар.

Аъмаш Абу Заббондан, у Ҳузайфа ибн Ямондан ривоят қилади. У зот байрам қилаётган одамнинг олдига кириб, қўлини унинг биқинига қўйдилар. «Нима бу?» деб сўрадилар. Ҳалиги киши: «Туморим», деди. Уни олиб бўлиб ташладилар ва: «Агар ўлганингда сенга жаноза ўқимасдим», дедилар.

Саид ибн Жубайр айтадилар: «Чаён қўлимни чақиб олди, сўнг онам дам солдиришимга қасам ичтирди ва мен фолбинга чаён чақмаган қўлимни бердим».

Абдуллоҳнинг аёли Зайнаб айтадилар: «Бир куни Абдуллоҳ бўйнимдаги ипни кўриб: «Бу нима?» деди. «Туморим», дедим. Уни олиб бўлиб ташлади ва: «Абдуллоҳнинг оиласи ширкдан беҳожат», деди».

Ҳасан Басрий айтадилар: «Аллоҳ Ҳалилаж ва Балилажни билмайдиган қавмни раҳмат қилсин. Чунки у билан гумон қилинади, шифоси билинмайди». Ибн Умардан ривоят қилинган ушбу сўзни кўрмайсанми? У: «Касални иштаҳа тортган нарсадан қайтарманглар, эҳтимол, Аллоҳ унинг шифосини иштаҳаси тортган нарсасида қилгандир», деганлар».

Дам солиш ва даволанишни мубоҳ деганлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятни ҳужжат қилиб келтиришади: «Аллоҳ таоло касалликларни давоси билан ҳам туширди. Фақат қарилик ва ўлимнинг даъвоси йўқ, бас, сигир сутини кўп ичинглар. Чунки унга ҳамма ўтлардан аралашган».

Бошқа ривоятда: «у ҳамма ўтлардан боқилган», дейилади.

Суфён ибн Уяйна Зиёд ибн Алоқадан, у Усама ибн Шарикдан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккада кўрдим, араблар: «Биз бир-биримизни даволашимизда бизга гуноҳ борми?» деб сўрашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг бандаларини даволанглар, чунки Аллоҳ ҳар қандай дард учун шифони яратди», дедилар». Ҳажжож ибн Артот Атодан дам солиш ҳақида сўради, шунда у: «Эй Ироқ аҳли, бу ишнинг ёмонлигини фақат сиздан эшитдик, чунки ибодат бадан билан қойим бўлади, бас, бизга ибодатни тўғри қилиш учун ҳукмларни таълим олиш вожиб бўлгани каби, тиб илми, баданни даволаш илми ҳам вожибдир. Ибодатни ислоҳ қилиш учун уни таълим олиш ёки унга амал қилишнинг зиёни ёъқ, чунки ҳукмлардаги сўз гарчи ҳужжатни ва яқийнсиз ҳам, рай билан жоиз бўлади. Шунингдек, табобатдаги сўз ҳам агар рай ва тажрибалар билан бўлса, ундан фойдаланиш мумкин.

Дам солишдан қайтарганлик ҳақида ворид бўлган хабарлар мансухдир.

Жобир розияллоҳу анҳу қилган ривоятда айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дам солишдан қайтарган эдилар. Амр ибн Ҳазмнинг оиласида чаёнга қарши дам солишарди, шунда улар Набийга соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб: «Сиз дам солишдан қайтарган эдингиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен бунда бирор зиённи кўрмаяпман, бу ишни биродарига манфаат беришга қодир бўлган киши қилсин», дедилар.

Эҳтимол, шифони даводан деб эътиқод қилишдан қайтарилгандир. Аммо шифо Аллоҳ таолодан ва давони бир сабаб деб билса, бунинг зиёни йўқ.

Дарҳақиқат, дам солиш ва даволанишнинг мубоҳлиги ҳақида ҳам асарлар келганин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд кунида жароҳатланганларида яраларини даволаганлар. Ривоят қилинадики Ансорлардан бир киши ўз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ярасига қизиган нарса босишни буюрдилар.

Яна нақл қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъаввизатайн (Фалақ ва Нос суралари) билан дам солар эдилар. Бу тўғридаги хабарлар беҳисобдир .

«Бўстонул Орифийн» китобидан

4800 марта ўқилди

Мақолалар

Top