Мақолалар

АВВАЛ ОҒИЗ ОЧИЛАДИМИ ЁКИ ШОМ НАМОЗИ ЎҚИЛАДИМИ?

— Рўзадор ифторлик (оғиз очиш) вақтида олдин оғзини очадими ёки шом намозини ўқиб олиб кейин оғзини очадими? Нафл рўзалардачи? 

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар...” (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан. Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла бундай деди: “Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир”, дедилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар (“Раддул муҳтор”). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишлидир. Бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

2525 марта ўқилди

Мақолалар

Top