Мақолалар

“Муборак ой суҳбатлари” (6-сон)

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Муҳтарам телетомошабинлар, эътиборингиз марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда “UzReportTV” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланиб, жонли эфирда амалга оширилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги сони хонадонингиз меҳмони.

Эслатиб ўтамиз, кўрсатувимиз бош ҳомийси — “Ipak yo’li banki”. Ҳомийларимиз “Biolife” ҳамда “Plasterm” савдо белгилари.

Бугун студиямиз меҳмони пойтахтимиздаги “Новза” масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамрақулов бўлади. Ассалому алайкум! Кўрсатувимизга хуш келибсиз!

Бу галги кўрсатувимизни муқаддас динимизнинг энг асосий талабларидан бири тақво масаласига қаратсак.

Жалолиддин домла Ҳамрақулов: — Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи баракатуҳу. Албатта, мўмин киши ҳар доим Аллоҳнинг берган неъматларига шукур қилмоғи лозим. Баъзан инсонга бекаму кўст ҳаёт берилса, унинг қадрига ҳадеганда етавермайди. Бундай ҳолатни кўп кузатамиз. Аммо ўша неъмат озгина олиб қўйилса, унинг қадрини сеза бошлайди. Айтайлик, инсон турмуш қурса, фарзандли бўлса, ҳа энди турмуш қургандан кейин фарзанд берадида, деб ўйлайди. Аммо орамизда шундай инсонлар борки, оила қурганларига ўн йиллар бўлган лекин фарзанди йўқ. Улар фарзанднинг қандай азиз неъмат эканлигини жуда яхши ҳис этадилар. Улар бормаган жой, табиб ҳам қолмаган. Мана олайлик ўтган йили масжидларимиз карантин туфайли ишламади, одамлар хатми Қуръон қилолмади, таровеҳ ўқий олмади. Бу йил эса ҳамма масджидларимиз очиқ. Бунинг қадрига етишимиз, карантин талабларига қатъий амал қилишимиз керак. Бу ҳам бир неъмат, қадрига етмоқ лозим. Мана шу қадрига етишлик — тақво ҳисобланади.

Шу ерда тарихий бир воқеани эслаб ўтсак. Хорун ар-Рашид халифалиги даврида Имоми Шиблий деган валий бўлган. Халифа қалбини жиловлаш учун олимларниг суҳбатларига келиб тураркан. Бир куни Имоми Шиблий халифага қарата: агар вақтингиз бўлса, суҳбатдан сўнг қолсангиз, дебди. Иккиси қолгач, валий халифага савол берибди. Тасаввур қилинг, сиз узоқ сафарда, чўлу биёбондасиз. Ёнингизда егулик йўқ, қорнингиз оч. Шу пайт бир одам ўтиб қолди, унда эса егулик ҳам ичгулик ҳам бор. Сиз нима қилган бўлардингиз? У киши айтдиларки, ўша одамдан ёрдам сўрардим. У одам эса шундай беролмийман, мен ҳам сафардаман, сотаман, десачи, унда нима қиласиз? Сотиб оламан, жавоб берибди халифа. Ҳалиги одам бунинг нархи жудаям қиммат деса, нима қиласиз? Қанча бўлсаям сотиб оламан. У одам айтсаки, бир қултум сувимни баҳоси донғи дунёга кетган султон Хорун ар-Рашид давлатининг ярмига тенг деса, нима қиласиз? Ярим давлатимни бериб, муқаррар халокатдан қутулиб қоламан, деди подшоҳ. Шунда Имоми Шиблий яна давом этибди. Эй султоним, инсон бирор нима еса ё ичса маълум қисми баданга сингади, қолгани заҳар бўлиб бадандан чиқиб кетади. Лекин шу заҳар чиқмаяпти. Шунда нима қиласиз, деди. Подшоҳ ўйланмасдан табибга бораман, деди. Табиблар ҳам биз бунга ожизмиз, фалон юртда бир ҳозиқ табиб бор, шу билмаса биз билмаймиз деса, нима қиласиз? Ўша одамни олиб келтираман. У одам кўриб, оғир, лекин иложи бор, деса нима қиласиз? Давоси Хорун ар-Рашиднинг қолган давлатича туради, десачи? Қолган давлатимниям бериб, заҳарни баданимдан чиқариб ташлайман, дебди султон. Шунда Имоми Шиблий кўряпсизми, подшоҳим, бугун дунёни тебратиб турган Хорун ар-Рашиднинг бутун давлати бир қултум сувнинг кириб-чиқишига етмаяпти. Қолгани нима бўлади, деган экан. Демак Аллоҳнинг берган неъматига рози бўлиш, беадад шукур қилиш керак. Мана шу тақводир.

Дарвоқе, Рамазон раҳмат, мағфират, дуо ҳамда тақво ойидир. Бу муборак ойда ушбу хислатларни ўзимизда мужассам қилишимиз керак. Расулимиз алайҳиссалом ҳадиси қудсийда ривоят қилган ҳадисда айтадиларки, Аллоҳ таоло айтади банда рўза тутсаю, емоқ-ичмоқдан тийилсаю аммо ёлғон гапдан ўзини тиймаса, унинг емоқ-ичмоғининг тўхтаганидан ҳеч қандай Аллоҳ учун ҳожат йўқ. Тақвонинг асл кўриниши шу. Чунки рўза ибодати сирли ибодатларнинг тожи ҳисобланади. Намоз ўқиса бошқа одам уни кўриши мумкин. Ҳаж, закот ҳаммасини кўради. Лекин рўзани ҳеч ким кўрмайди. Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман.  Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилди”, деб марҳамат қилган.

Рўза тутган одам бир хонага кириб, бир қултум сув ичса ёки бир бурда нон еб олса ким билади? Ҳеч ким билмайди. Аллоҳ кўриб, билиб турибди, деган тақво ана шу ишни қилишга йўл қўймайди. Мукаммал тақво эса қалбни ҳам даволайди. Бу рўза тутишлик билан ҳосил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадинага ҳижрат қилади.  Йўлда мушриклар бор эди, шу боис Сабр ғорига яширинишади. Аммо ғорга яширинган пайтларида мушриклар уларнинг изидан тушиб, ўша ғор жойлашган тоғ яқинида из йўқотдилар. Тоққа кўтарилиб, ғор ёнидан ўтарканлар, ғор оғзида ўригимчак тўрини кўриб: “Агар бу ғорга биров кирганида, ғор оғзида ўргимчак ини бўлмас эди”, деб ўтиб кетадилар. Ўргимчак Аллоҳнинг лашкаридан бўлди. “Парвардигорингизнинг қўшинларини ёлғиз Унинг Ўзигина билур” (“Муддассир” сураси, 31-оят).

Мушриклар ғор устига келиб, улардан бирортаси ғорга қарайдиган бўлса, уларни албатта кўрадиган бир ҳолда турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ улар билан бирга эканини айтиб, Сиддиқнинг кўнглини хотиржам қилдилар. Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтади: “Ғорда эканимизда мен: “Агар улардан биронтаси оёғи остига қараса, бизни албатта кўриб қолади”, деган эдим, у зот: “Эй Абу Бакр, учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима гумондасиз?!”, дедилар.

Ҳадисдан билиш мумкинки, тақводор инсон ўзининг ёрини Аллоҳ, деб билса, бу дунёда ҳеч қачон хор бўлмайди. Бугун тадбиркор биродарларимизга шуни эслатиб қўймоқчимизки, кимдан пул олади, пул беради, шу икки шерикнинг орасига Аллоҳ бўлишини хоҳлаган одам тақво қилиши керак. Ана шунда ишига ҳам, молига ҳам барака беради. Қачон иккисидан бири тақвони унутса, ўртада муаммо чиқади. Шу маънода ҳаётимиз тақводан иборат бўлиши лозим.

Хатиб Боғдодийнинг шогирларидан бирига меҳри бўлакча экан. Бошқа шогирдлари эса бундан нозори бўлибди. Устоз ҳам уларнинг бу фикрини биларкан. Бир куни фурсатини топиб, ҳамма шогирдларига бир юмуш буюрибди. Қўлларига биттадан товуқ бериб, ҳеч ким йўқ, ҳеч ким кўрмайдиган жойда сўйиб келинглар, дебди устоз. Ҳаммалари товуқларни кўтариб чиқиб кетибди. Бирпасдан сўнг ҳаммаси товуқларни ҳар жойда сўйиб қайтиб келишибди. Ҳалиги суюкли шогирд эса ҳадеганда келавермабди. Охири қўлидаги товуқни сўймасдан қайтариб келибди. Шунда шогирдлар устозга маломат қилибди, мана яхши кўрган шогирдингиз буйруғингизни бажармади, дебди. Устоз шогирдига қараб сабабини сўрабди. Шогирд эса сиз айтган жойни тополмадим, Аллоҳ ҳамма жойда ҳозиру нозир экан. Шунинг бу ишни бажаролмадим, дебди.

Тақво инсони мана шундай даражага етказади. Тақводорликни ўзига касб қилган одам инсонларга маҳбуб бўлиб қолади. Аллоҳнинг яхши кўрган бандасига айланади. Шунинг учун Қуръони каримнинг юзлаб оятида тақво калимаси келтирилади. Ва унинг ҳикмати ҳам баён қилинади. Масалан, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси, 10-оятида шундай дейди: “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирлари билан оға-инидирлар”, дея лутф қилганлар. Бу инсониятни умумий маънода бир ота-онадан туғилганини исботловчи далил. Агар икки киши низолашиб, келишмай қолса дарров учинчиси ўрталарини ислоҳ қилсин. Ўрталарини ислоҳ қилишга тақво асос бўлади.

Тақвонинг инсонга фойдалари кўп. Аллоҳга тақво қилган одам биринчи навбатда Аллоҳ ёнида эканлигини ҳис қилади. Бундай одам ҳеч нимадан қўрқмайди. Ҳеч нарса йўқотмайди.

Шунингдек, тақводорни Аллоҳ яхши кўради. Тақводорни Аллоҳ дўст тутади. Тасаввур қилинг, ҳаётда бирор одамнинг дўсти пулдор бўлса, у ўзини бошқача ҳис қилади. Юриш-туриши ўзгаради. Агар у инсоннинг дўсти Аллоҳ бўлса, унга хавф-хатар йўқ. Бу дунёда ҳам у дунёда ҳам.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дорилфунинида таҳсил олган саҳобалар энг аълочи талабалардир. Улар дунё мусулмонларига ибрат мактаби. Тақвода пешво бўлган саҳобалардан бири Саъид ибн Омир розияллоҳу анҳу ёшлик чоғлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларига тўғри келади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида эса куч-қувватга тўлган пайтлари эди. Бунда ислом кенгайган, аммо Шоми шарифда Химс деган бир вилоят бўларди. Не ажабки, ўша юрт аҳли феъли тор экан. Ҳокимни сиғдирмаскан. Халифага шикоят қилавериб, ҳокимни четлатаркан. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Химс вилоятига волий танлашда роса чарчабди. Бирданига ҳаёлига Саъид ибн Омир саҳоба келибди. Уни топиб келтирибди ва Химсга ҳоким бўласиз, дебди. Саҳоба аввалига йўқ, дейди. Сўнг рози бўлади. Саъид ибн Омир Химсга боради. Тез орада тақволари билан шуҳрат қозонади. Ҳамма яхши кўриб қолади. Қалбларида Аллоҳнинг муҳаббати бўлгани учун халифа томонидан берилган эҳсон ва мол-мулкларни камбағалларга тарқатиб юборади. Ва хотинига айтадики, хоҳлайсизми зўр тижорат бор, ниятни тўғри қилсак, ҳеч қачон касод бўлмаймиз, дейди. Вақт ўтибди, аёли ора-орада анави тижоратимиз қандай бўляпти, деб сўраркан. Волийнинг асл воқеадан хабардор бир яқин эр-хотиннинг суҳбатини эшитиб, кулиб қўяди. Бу ҳолатни кўрган аёл бу ишнинг тагига бошқа гап борга ўхшайди, деб эрига ҳафиқатни айтинг, деб туриб олади. Мен ўша куни тижорат қиламиз, деган гапим Аллоҳ билан тижорат қиламиз, дегани эди. Халифа томонидан берилган совғаларнинг ҳаммасини камбағалларга тарқатганман. Хотини аёлликка бориб қўймаслиги учун айтдики, Аллоҳ билан тижорат ҳеч қачон касоб бўлмайди. Унинг мукофоти олийдир. Шу савдомиз учун жаннатга кирсак, ажабмас. Жаннатда эр кишига иккитадан хур берилади. Менга ҳам шундай хур берилса ўша хурлар туфайли сиздан воз кечмийман. Балки сиз туфайли хурлардан воз кечаман, дейди. Бунга аёли рози бўлади.

Шундай кунларда одамлар ушбу волийнинг устидан ҳам халифага арз қилишади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу туяга ўтириб Химсга йўл олади. Келиб, катта майдонда халойиқни йиғиб уларнинг фикрини эшитади. Мана рўпарангизда сиз айтган волий турибди. Мен бу кишини Аллоҳга тақводор банда, деб билганим учун сизларга волий, деб танлагандим. Аммо қалбида айтдики, “эй Раббим Умарнинг мана шу бандангга бўлган ишончини ёлғонга чиқармагин”. Сизлар бу одамдан қандай камчилик ҳис қилдингиз, дедилар.

Бир одам чиқиб, волийнинг  учта камчилиги бор дедилар. Биринчиси, чошгоҳ бўлгунича кўчага чиқмайди, иккинчиси, тунда одам қабул қилмайди, учинчиси, ойда икки кун одамлар билан мулоқот қилмайди. Яна биттаси шуки, баъзан одамлар орасида хушларидан кетиб йиқилади, дебди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бунинг сабаби Саъид ибн Омирнинг ўзидан сўрабди.

Саъид ибн Омир аслида бунинг сабабини айтмоқчимасдим, лекин халқ сўрагани учун айтаман. Айтаётган гаплари рост. Мен чошгоҳ вақтигача ўзим ҳамир қорийман, кўптираман, уни ёпаман, сўнг одамлар олдига чиқаман. Иккинчиси, мен кундузни халққа, тунни эса Холиққа ажратганман. Тунни мен ибодат билан ўтказаман. Шунинг учун чиқолмийман. Учинчиси, дебдида йиғлаб юборибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бунинг сабабини сўраса, Аллоҳ номига қасамки, мана шу кийиб турган кийимимдан бошқа менинг кийимим йўқ, ойда икки маротаба юваман. Қуругунича кутиб тураман. Шунинг учун кучага чиқолмийман.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Алҳамдуллиллоҳ, Умарнинг қалбидаги гумонни ёлғонга чиқармаган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дедилар. Сўнг нима учун ҳушингиздан кетиб қоласиз, дедилар. У киши мен Маккадалик пайтимда Хаббоб ибн Арад деган саҳоба биринчи бўлиб мусулмон бўган эди. Аммо унинг хўжайини исломга кирганини билиб шундай қаттиқ азобладики, унинг елкасига қайнаб турган темирни босарди токи ҳушидан кетгунича ушлаб турарди. Ҳар куни шу ҳолат бўларди. Биз унга ёрдам беролмасдик. Ана шу манзара кўз олдимга келса, ҳушимдан кетаман.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу зотдан хурсанд бўлиб, бағирларига босдилар.

Хуллас, тақводор одамга фаришталар ҳам ҳавас қиларкан. Бир куни Анас ибн Молик айтади, масжидда ўтирсак Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлиб чиқиб келдилар. Нимадан мунча хурсандсиз ё Расуллуллоҳ, деб сўрадик. Аллоҳ номига қасамки ҳозир Жаброил алайҳиссалом келиб тўртта инсоннинг исмини айтди ва уларга жаннат муштоқ эканлигини айтишлигимни айтдилар, дебди. Улардан бир Али, улардан бири Али, улардан бири Али, деб уч марта Алининг исмини такрорлади ва Салмони Форсий, Билоли ибн Рабо, дедилар.

Бундай улуғлик ортида юксак тақво турибди.

Ота-оналар фарзанди камолини ўйлаб туну кун ҳаракат қилади. Уларга уй қуриб бераман, машина олиб бераман, деб қайғурмасдан ўзлари тақвода бўлсалар бас. Солиҳ фарзанднинг ота-онасини қилган дуоси бепарда қабул бўлади. Инсон вафот этиши билан ҳамма амали ҳам тўхтайди. Лекин учтаси тўхтамайди. Шулардан бири солиҳ фарзанднинг ота-онаси ҳаққига қилган дуосидир. Демак, биз умрбоқий яшашни хоҳласак тақво қилишимиз лозим. Фарзандларимизга гўзал одоб беришимиз керак. Сўзимизнинг сўнггида айтмоқчимизки, Аллоҳ таоло Ўз Каломида айтадики, Аллоҳнинг ҳузурига қайтадиган кундан қўрқинглар.

Тақво қилсак Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтадиган кунда нажот топамиз.

Аллоҳ таоло тақво қилган одамнинг йўлини очади, ризқини фаровон қилади.

Энди кўрсатувимизнинг иккинчи қисми, мухлисларимиздан келаётган саволларга жавоб берсак.

 

— Ассалому алайкум. Тақдир тақозаси билан кар-сақовман. Фарзандим эса соғлом. У бошқалар ёнида менинг ногиронлигим учун уялади. Бунинг бир синовлигини тушунтириб берсангиз, токи фарзандим мен учун бошқалардан уялмасин.

 

— Таъсирли савол. Дунё бир имтиҳон. Биз имтиҳонга, баҳо олишга келганмиз. Бир кун баҳоимиз эълон қилинади. Ота-онани, Ватанни танлаб бўлмайди. Бу тақдирга ёзилади. Шунинг учун уларни қадрлаш керак. Ота-она розилиги Аллоҳнинг розилиги билан борабар. Уларнинг хизматини қилиш фарз. Фарзандлар ота-оналарини қадрласалар, албатта, нажот топади. Ногиронлар кўнгилларига олмасликлари керак. Ҳаммаси Аллоҳдан. Уларга жаннат нақд.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи ожиз одамни қирқ қадам етаклаганга жаннат вожиб, деб айтганлар. Энди мана шу етаклайдиган инсон ўзининг фарзанди бўлса, нур устига нур бўлади.

 

— Эшитиш ва гапириш имконияти чекланганлар ҳам намозга чиқишади. Улар намоз ўқилаётган пайтда ўзлари билмаган ҳолда турли овозлар чиқаришади. Атрофдагилар озорланиб қолмасмикинлар?

 

— Ўзлари билмаган ҳолатда бўлса бунинг зарари йўқ. Аммо ўзи билиб қилса, намози бузилиб қолиши мумкин.

 

— Яқинда ошқозонимдан операция бўлганман. Рўза тутиш ва намоз ўқиш ҳолатларим қандай бўлади?

 

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Абдуллоҳ ибн Умму Мактум деган саҳоба бўлганлар. У киши намозга келаётганларида мунофиқлар йўлга тикон ташлаб қўяркан. У киши уни босиб оёғини қонатиб оларкан. Яна қайтиб таҳоратга кетаркан ва намозга кеч қоларкан.  Сабаби у киши кўзи ожиз эди. Бир куни Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар, майлими, мен уйда намозимни ўқисам. Пайғамбар алайҳиссалом энди ҳа, дейман деб тургандилар, шу заҳоти Жаброил алайҳиссалом тушиб сўранг, азонни эшитармикинлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эй Абдулла, азон эшитасизми, дедилар, ҳа дедилар. Жаброил алайҳиссалом жавоб қилсин, дедилар. Яъни намозга келсин, дедилар. Ушбу саволни йўллаган кишига Аллоҳ сабр берсин.

1984 марта ўқилди

Мақолалар

Top