Мақолалар

Хотира ва қадрлаш – ҳар кунлик анъана бўлсин!

Инсон зотининг ёшу кексаси, эркаги ҳам, аёли ҳам бирдек қадр-қимматга эга. Муқаддас Ислом динида инсон тириги билан ўлигининг ҳурмати бирдек қадрланади. Дунёдан ўтган марҳум якинларимизни яхши сифатлар билан доимо эслаш инсоний бурчимиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” деганлар (Имом Термизий ривояти).

Юртимизда анъанавий нишонланадиган, алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири Хотира ва қадрлаш кунидир. Бу кунда ўтган аждодларимиз, хусусан, Ватан озодлиги, халқ фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилган юртдошларни ёдга оламиз.

Хотира ва қадрлаш бир кунлик анъанага боғланиб қолмаслиги керак. Ўтганларни 9 майда хотирлаш рамзий маънода, албатта. Аслида ҳар доим ўтганларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлодга аждодларимизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша ёдда тутамиз. Зеро, тарихий хотирасиз келажак йўқ, деб бежиз айтилмаган.

Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодлар хотираси биз учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғлар қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шу қадар муҳим. Бу кунларда қилинадиган хайрли ишлардан бири ёши улуғ кишилар ҳолидан хабар олиш, уларнинг қалбларига хурсандлик киритишдир. Давлатимиз уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги нуроний отахонлар, мунис онахонларнинг барчасига катта эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда.

Ҳадиси шарифда: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг қадрига етмаган кимса биздан эмасдир” (Абу Довуд ва Термизий ривояти), дейилган.

Яратган эгам барча марҳум аждодларимизни раҳматига олсин, уларнинг хақига қилаётган дуоларимизни даргоҳида қабул қилсин, ҳаёт бўлган кексаларимизга фаровон ҳаёт, тинчлик-офият, саломатлик берсин.

Одилжон Нарзуллаев,
Янги йўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби

2249 марта ўқилди

Мақолалар

Top