Мақолалар

Ашуро куни аҳлига кенглик қилиш

Абу Ҳурайра розияллоҳуанҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади», дедилар».
Имом Байҳақий ривоят қилган.
Имом Ҳофиз Суютий бу ҳадисни саҳиҳ деган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли-аёлига нафақада кенгчилик қилса, Аллоҳ унга йилнинг қолганини кенг қилади», - дедилар.
Имом Розий ривоят қилган.

Ироқий айтади: «Бу ҳадиснинг бир қанча йўллари бор бўлиб, унинг баъзиларига саҳиҳ деб қарор берилган. Баъзиларига эса, имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ дейилган.

Аммо Ашуро кунида рўза тутиш ва кенгчилик яратишдан бошқа амалларнинг асли йўқдир.
Жумладан, Ашуро куни кундузи ёки кечаси байрам қилиш, сурма қўйиш, бўяниш каби ишларни жумҳур фуқаҳолар – Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийлар бидъат деганлар.
Бу ишларнинг бирортаси мустаҳаб эмасдир. Бу ҳақда келтирилган ривоятлар бидъатчиларнинг тўқиб чиқарган бидъатлари бўлиб, улар бу амалларни ўзларининг бидъатларини қўллаб-қувватлаш учун тўқиганлар.

Лекин юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан, Ашуро куни оиласига кенгчилик қилса, бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади. Суфён Саврий: «Биз буни тажриба қилиб кўрдик ва ана шундай бўлишини топдик» деган. Суфён ибн Уяйна: «Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик», деган. «Ал-Муҳит» китобида шундай дейилган: Жобир раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен қирқ йил тажриба қилдим, бўлмай қолмади», деган.

ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!

1724 марта ўқилди

Мақолалар

Top