- Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
نضر الله امرءا سمع منا حديثا فبلغه فرب مبلغ أوعى له من سامع
“Биздан бир нарса эшитиб, уни етказган кишини Аллоҳ ёрлақасин. Гоҳо етказилган (киши) эшитувчидан кўра фаҳмловчироқдир”[1].
Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ўрганиш ва бошқаларга ҳадис ўргатувчилар учун аниқ ва равшан хушхабардир.
- Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар”[2], дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ҳадис ўрганишга ва уларни бошқаларга ўргатишга чақирганлар. Агар фақат битта ҳадисни ўрганган бўлсак ҳам, уни бошқаларга етказишга ҳаракат қилишимиз керак.
- Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Агар суннат (ҳадис) бўлмаганида, ҳеч биримиз Қуръонни тушунмаган бўлардик”[3].
- Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бундай деган: "Модомики одамлар орасида ҳадис талабида юрганлар бор экан, улар яхшиликда бардавом бўладилар. Агар улар илмни ҳадиссиз талаб қилгудек бўлсалар, барбод бўладилар"[4].
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиб, уни бошқаларга ҳам етказишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Имом Термизий. Сунан.
[2] Имом Бухорий. Саҳиҳ.
[3] Абу Ғудда. Лямаҳат мин тарих ас-сунна. – Байрут. 4 нашр. – Б. 32. (Имом Шаронийнинг “Мизан” асаридан иқтибос).
[4] Абу Ғудда. Лямаҳат мин тарих ас-сунна. – Байрут. 4 нашр. – Б. 32. (Имом Шаронийнинг “Мизан” асаридан иқтибос).