Мақолалар

Мусибат ва имтиҳонларга сабр қилишнинг 4 шарти

Биринчи шарт. Мусибатнинг илк зарбасида сабр қилиш. Бу мусибатга сабр қилишнинг энг биринчи шартидир. Мусибат ҳақида хабар олган илк дақиқадаёқ сабр қилишингиз даркор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни қабристондан ўтиб бораётганларида бир қабр устида йиғлаб фарёд қилаётган аёлни кўриб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга: “Эй Аллоҳнинг чўриси, Аллоҳга тақво қил, сабр қил”, дедилар. Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танимасдан: “Сен нимани ҳам билардинг, ахир, менинг мусибатимни тотиб кўрмагансан-ку”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетдилар. Аёлга саҳобийлар у зотнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканларини айтишди. Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига борди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мен сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сабр (мусибатнинг) биринчи зарбасидадир”, деб марҳамат қилдилар.

Агар комил савобга эришишни хоҳласангиз, мусибатнинг илк дақиқасидаёқ сабр қилинг! Сизга етган нарсанинг мусибатлигини билишингиз билан сабр қилинг! Мусибатни сабр билан кутиб олинг! Билингки, мусибатлар қалблардаги тоғлардир, уларни осонликча суғириб ташлаш мумкин эмас. Лекин сабр сўзи ҳам шунчаки оғиздан чиқадиган арзимас сўз эмас. Унутманг: "...Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур" (Зумар, 10).

Иккинчи шарт мусбат келганда қуйидаги дуони ўқишдир: "Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз" (Бақара, 156). “Аллоҳим! Мусибатимга ажр бергин ва унинг ўрнини ундан ҳам яхшиси билан тўлдиргин!” . Бу дуоларни ёдлаб олинг! Бу дуолар фақат ўлим мусибати вақтида айтилмайди, балки ҳар бир мусибат вақтида айтса ҳам бўлади. Аллоҳ сизга ндан ҳам яхшисини ато қилади, буни унутманг! Ишонмаяпсизми?! Унда қуйидаги ҳикояга қулоқ солинг.
     Саҳобия Умму Салама розияллоҳу анҳонинг эри кимлигини биласизми? У зот Бадр жангида шаҳид бўлган саҳобий Абу Салама розияллоҳу анҳудир. Биламизки, Бадр жангида қатнашган саҳобийларнинг ҳурмати Ислом оламида жуда баланд ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида: “Албатта, Аллоҳ Бадр аҳлини кўрди. Хоҳлаган амалингизни қилинг, чунки Аллоҳ сизларни мағфират қилди” , деганлар. Абу Салама розияллоҳу анҳу ушбу жангда шаҳид бўлди. У кишининг аёли Умму Салама розияллоҳу анҳо: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва шубҳасиз, Унга қайтажакмиз... Аллоҳим! Мусибатимга ажр бер, унинг ўрнини ундан ҳам яхшиси билан тўлдир!”, деб дуо қилди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Абу Салама розияллоҳу анҳудан ҳам яхшироқ одам бўлиши мумкинми?! Ахир, у зот саҳобий, Бадр жангида иштирок этган ва шу жангда ҳалок бўлган! Бу мартаба жуда озчиликка насиб қилган. Лекин Аллоҳ Умму Саламага ундан ҳам яхшисини берди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳога уйландилар! Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Салама розияллоҳу анҳудан афзалдирлар. Сезиб турибман, бу дуога бўлган қизиқиш ва ишончингиз янада ортди. Бу дуони канда қилманг, тезда самарасини кўрасиз! Лекин бунинг учун иккита шарт бор. Бу шартлар нималигини биласизми? Биласиз! Бири мусибатга сабр қилиш бўлса, иккинчиси дуоингизнинг ижобат бўлишига ишончингиздир.

Учинчи шарт – чиройли сабр. Демак, мусибатларга сабр қилишнинг охирги шарти норозилик ва хафа бўлмасдан сабр қилишдир. Инсонларнинг айбини Аллоҳга айтиб шикоят қиласизми?! Аллоҳнинг қадарига рози эмасмисиз?! Тўғри, хаста бўлсангиз, шифокорга учраб, дардингизни айтасиз, каттароқ муаммога йўлиқсангиз, яқин дўстингиздан маслаҳат сўраб мурожаат қиласиз... Булар шикоятга кирмайди, бу ниятингизга боғлиқ. Лекин Аллоҳга шикоят қилиш ва Унинг қадаридан норози бўлишдан сақланинг!

Ҳозирги кунда энг кўп тарқалган муаммолардан бири оила билан боғлиқ. Қуйида бунинг муолажаси ҳақида сўзлашамиз. Аксариятимиз ҳақиқий оилавий бахт муҳитидан бебаҳрамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хусусан, эркакларга бундай кўрсатма берганлар: “Мўмин мўминанинг бирор хулқини ёқтирмаса ва бу хулқ бошқаларга ёқса, ундан нафратланишга ҳаққи йўқ”.

Дарҳақиқат, жуда ҳам гўзал кўрсатма! Аёлингизнинг ҳамма хислатлари ҳам бирдек эмас, балки унда сиз ёқтирмаган ва ёқтирган сифатлар бор. Сизга ёқмаган хулқларидан ғазабланманг. Лекин кўпчилик бунга амал қилмайди. Бу жамиятда энг кўп тарқалган муаммолардан саналади. Баъзи инсонлар: “Хотиним билан ажрашмоқчиман” ёки “Хотиним билан ортиқ яшай олмайман”, деган шикоятларни қилиб қоладилар. Сабабини сўрасангиз: “Ҳеч қандай сабаб йўқ, ёқтирмай қолдим, бошқасига уйланмоқчиман, хотинимнинг айрим ишлари ғазабимни келтиради”, деб жавоб беради. Уйланмаган ёшлар бу гапларнинг маъносини унчалик жиддий қабул қилишмайди. Лекин бу ҳозирда мавжуд муаммодир. Мен бундай эрларга қуйидаги оятни ўқиб берган бўлардим: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19).

Эрларга насиҳатим шуки, аёлингизга сабр қилинг. Аёлингизнинг сизга ёқадиган яхши жиҳатларига қаранг ва уларни ривожлантиринг ҳамда ёмонларини ислоҳ қилишга ҳаракат қилинг. Унутманг, биз башармиз, фаришта эмас. Инсоннинг яхшиликлари ёмонликларини эслатиб туради.

Амалий тадбиқотлардан яна бири шуки, кўпчилик инсонлар мусибатларга сабр қиладилар-у неъматларга сабр қила олмайдилар. Саҳобалардан бири шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қийинчиликлар билан имтиҳон қилиндик ва сабр қилдик, сўнг хурсандчилик билан имтиҳон қилиндик, сабр қила олмадик”. Субҳаналлоҳ!! Айрим ёшлар ҳаётий қиқинчиликларга бардош беришади, лекин Аллоҳ уларга неъматларини ёғдириб қўйса, маъсиятга берилиб кетишади. Юсуф алайҳиссаломнинг вазирлик ҳолатидаги имтиҳони зиндондагидан кўра қийинроқдир. Огоҳ бўлинг! Яхшилик ва хурсандчилик синови яширин бўлади, кўзга кўринмайди. Сиз бу неъматларни сабрга муҳтож деб ўйламайсиз. Қийинчилик ва мусибатлар эса ошкора ва аниқ-равшан бўлади. Бу сабрнинг биринчи турининг охридир.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

1524 марта ўқилди

Мақолалар

Top