Мақолалар

Ғазабини енгганнинг мукофоти – жаннат!

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот алайҳиссалом: “ғазаб қилма!”, дея бир неча марта айтдилар. Шарҳ: Имом Бухорий ушбу 5765-хадисни ғазабдан эҳтиёт бўлиш бобида келтирган.

Ҳадиснинг аҳамияти

Имом Жарданий айтади: “Бу ҳадис жуда улуғ ҳадисдир. Чунки унда дунё ва охират яхшилигининг барчаси жам қилинган”. Ҳадисда келган “бир киши”дан мурод Абу Дардо розийаллоҳу анхудир.

Табароний Абу Дардодан ривоят қилган ҳадисда: Айтдим: “Эй Расулаллоҳ, мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг?”. Набий алайҳиссалом айтдилар: "Ғазаб қилма ва сен учун жаннат бордир".

Ҳадисда келган “ғазаб қилма” назмидан мурод шуки, инсон ғазабга сабаб бўладиган ишлардан узоқлашиши керак. Агар инсон ғазабланса, ҳеч нарса қилмаслик керак бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ўша киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: “Аллоҳнинг ғазабидан мени узоқ қиладиган нарса нима?” У зот алайҳиссалом дедилар: “Ғазаб қилма!”.

Ҳасан Басрий айтади: кимда тўрт нарса бўлса, Аллоҳ уни шайтондан сақлайди ва унга дўзахни ҳаром қилади: истак, қўрқинч, шаҳват ва ғазаб келганда уни тийиш.

 

Манбалар асосида Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси
Муҳаммадисохон Маҳмудхонов тайёрлади

1559 марта ўқилди

Мақолалар

Top