Мақолалар

Ислом молияси асослари

Ҳар қандай муассасавий тармоқ уни тартибга солувчи қоида ва низомлар, ўрнатилган қонунлар мавжуд бўлган тақдирда фаолият кўрсатади. Мусулмонлар турмуш тарзини тартибга солувчи қоидалар ислом қонунлари мажмуи – шариатда ифодаланган. 

Ушбу қонунлар тўрт манбага эга. Биринчиси – муқаддас Қуръон бўлиб, у диний билимларнинг асл ва ўзгармас манбаси ҳисобланади. Қуръон Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам орқали Жаброил (алайҳиссалом) воситасида етказилган Аллоҳнинг ваҳийларини ўз ичига олган бўлиб, бутун инсониятга йўлланган илоҳий кўрсатма ҳисобланади.
Мазкур қонунларнинг иккинчи манбаси ҳадислар ҳисобланади. Улар Пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қавллари ва тутумлари ёки улар билан боғлиқ воқеалар тўғрисидаги қисқа ривоятлар бўлиб, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосини ташкил этади.
Шариат қонунини шакллантирувчи учинчи манба «ижмо» деб аталади. Ижмо – обрўли мусулмон олимлар томонидан аниқ бир масала ёки ҳолат учун ишлаб чиқилган ечимлардир. Ислом анъаналарида Қуръон ва суннатдан мустақил хулоса чиқариш ҳуқуқига эга уламолар мужтаҳидлар деб аталади. 
Тўртинчи манба «қиёс» деб номланади. Ушбу атаманинг дастлабки аҳамияти «ўлчаш» ёки «икки ашё ўртасида таққослаш ўтказиш» сўзларидан келиб чиқади. Қиёс – мураккаб ва мунозарали масалалар бўйича Қуръон ва ҳадисларда баён этилган асосларга кўра, мужтаҳидлар томонидан янги ечимларни ишлаш ва монандлиги асосида ҳукм чиқаришдир.
Ислом ҳуқуқшунослигида Қуръон ва ҳадисларга асосланган далиллар шаръий (қонуний) далиллар дейилади, уларнинг ишончлилиги ҳар қандай гумонлардан холидир, чунки мазкур икки манба ислом таълимотининг мутлақ ҳаққоний ва мустаҳкам асосини ташкил этади. Ижмо ва қиёсга асосланган далиллар, шунингдек, «фуру» – шариат ҳуқуқининг тармоғи сифатида ҳам маълум.

Шундай қилиб, ислом йўл-йўриқ кўрсатувчи тартибларни таклиф этади ва инсон ҳаётининг барча жабҳалари, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар (муомала) учун қоидалар мажмуига риоя этишга амр қилади. Ислом тамойилларига мувофиқ шакллантирилган молиявий ва иқтисодий тизим замонавий ва умумқабул қилинган тизим билан қандай қилиб ва қай даражада уйғунлашиши мумкин? Мана шундай тизим иқтисодий ресурсларни жойлаштириш, тақсимлаш ва айирбошлаш масалалари билан қай тарзда шуғулланиши мумкин? Унинг асосий қоидаларидан айримлари қай йўсинда лозим даражада таҳлилий синчковлик ила изоҳланиши мумкин? Ислом тамойилларига асосланган молиявий, ижтимоий ва иқтисодий тизимни шакллантириш ёки кўриб чиқишга жалб этилган тадқиқотчилар мазкур ва бошқа кўплаб масалаларни тадқиқ этадилар. 
Фақат сўнгги бир неча ўн йилликда ушбу молиявий ва иқтисодий низом ҳамда меъёрларни замонавий таҳлилий атамалар нуқтаи назаридан изоҳлаш учун жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилганига қарамай ва кўплаб тадқиқотлар чоп этилган бўлса-да, барибир «ислом молияси» ёки «ислом иқтисодиёти» сингари «ислом» атамаси қўшилган турли ижтимоий фанларга нисбатан аниқ таърифни қўллаш юзасидан айрим чалкашликлар сақланиб турибди. Мана шундай тизимнинг турли жабҳаларини бир бутун сифатида эмас, балки алоҳида кўриб чиқиш тенденцияси бунинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Масалан, «ислом молияси» атамаси кўпинча «фоизни ман этувчи» тизимни таърифлаш учун ишлатилади. Лекин мана шундай содда баён этиш нафақат нотўғри, балки қўшимча чалкашликларнинг манбаси ҳам ҳисобланади.

Ислом молияси индустрия ўлароқ глобал молиявий активларнинг қарийб 1% ини ташкил этади ва 2002–2012 йилларда йилига 20% га ўсди. Ислом молиявий хизматларга корпоратив ва улгуржи бозорда талабнинг ортиб бориши тармоқ ўсишини рағбатлантириб турган омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу тармоқда банклар асосий бўғимни ташкил этмоқда ва глобал банк саноатида у қадар катта бўлмаган, лекин ўсиб бораётган тармоқни ўзида акс эттирмоқда. XX аср охири – XXI аср бошларида ислом банклари ўсишидаги улкан ўзгаришлар йирик анъанавий банкларнинг ҳам диққат-эътиборини, «исломий дарча» деб аталадиган муқобил маҳсулотларни тақдим этишга қаратишига туртки бўлди. Чунки ислом банклари умумий молиявий муҳитда вужудга келади ва ишлайди, улар бозорда рақобатбардошликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммоларга рўбарў бўлади. Бундан ташқари, мазкур банклар шариат кўрсатмаси талабларини бажаришлари лозим бўлади.

2008 йилги жаҳон молиявий инқирозидан кейинги даврларда муқобил молияларнинг ўсиши янада кучайди. Даставвал ислом молиявий маҳсулотлари ҳаммабоп бўлмаган бўлса-да, охирги йилларда у кўплаб мижозларни ўзига жалб этиб, кенгайди. Глобал иқтисодиёт панасида қолиб кетган ислом молияси энди олдинги сафларга чиқиб қолди. Ҳозирги вақтда аксарият йирик молиявий муассасалар консалтинг, бухгалтерия ҳисоби, шунингдек, ахборот тадбирлари туфайли муқобил молиялар соҳасига у ёки бу даражада жалб этилмоқда. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги вақтда ислом молияси 105 та мамлакатда ишлаб турибди, аксарият мамлакатлар қонунчилигида мазкур соҳа учун меъёрий-ҳуқуқий асосни яратишга муваффақ бўлинди. Ислом дунёсининг ўзида мазкур молиявий муассасалар молиявий муносабатларнинг асосий иштирокчилари бўлиб қолмоқдалар.

Манба: «Исломий молия асослари», Е.А. Байдаулет, таржимон Б. Жўраев
Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 391-хулосаси асосида тайёрланган

2484 марта ўқилди

Мақолалар

Top