Мақолалар

Аллоҳ яхши кўрган бандаларнинг аломатлари

Ҳар бир мусулмон киши Аллоҳ таоло яхши кўрган банда бўлишни истайди. Орзу қилади ва бу йўлда қўлидан келган барча имкониятларни ишга солиб ҳаракат қилади. Чунки Аллоҳ таоло қайси бир бандани яхши кўрса, уни ҳаргиз ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Охиратдаги мақоми баланд бўлишига сабаб бўладиган хайрли амалларга тавфиқ беради, жаннатга олиб борадиган амалларни осон ва енгил қилиб қўяди.

Аллоҳ таоло яхши кўрган бандаси бўлиш учун қандай сифатлар билан зийнатланишимиз лозим. Бу сифатлар ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозе билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин», деб жавоб қиладиган кишилардир. Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир. Улар: "Парвардигоро, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини даф этгин. Дарҳақиқат, унинг азоби ҳалокатлидир. Дарҳақиқат, у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон мақомдир", дейдиган кишилардир. Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида - мўътадилдир. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа "илоҳ"га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни қилса, гуноҳ (уқубат)га учрар. Қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Илло, кимки тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. Кимки тавба қилиб эзгу (ишларни) қилса, бас, албатта, у Аллоҳ (ризоси ва мағфирати)га қайтган бўлур. Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтарлар. Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтида у (оятлар)га кар ва кўр ҳолларида йиқилмайдилар (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар). Улар: "Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин", дейдиган кишилардир. Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир" (Фурқон сураси 63-76-оятлар).

Демак, Аллоҳ яхши кўрадиган бандалар:

  1. Таъвозели яъни, камтар бўлади, мутакаббир бўлмайди.
  2. Одамлар билан тортишмайди.
  3. Тунги таҳажжуд намозини ўқишни одат қилади.
  4. Дўзахдан паноҳ сўраб дуо қилади.
  5. Исроф қилмайди.
  6. Хасислик ҳам қилмайди.
  7. Зинодан узоқ бўлади.
  8. Ёлғон гувоҳлик бермайди.
  9. Беҳуда нарсалардан юз ўгиради.
  10. Қуръони карим оятларини тадаббур қилиб, уларга амал қилади.
  11. Дунё ҳаётидаги имтиҳон ва синовларда, гуноҳдан тийилишда сабрли бўлади.

Юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган бандалар (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар”.

 

Ёрбек ИСЛОМ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби

2361 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Термизлик донишманд Ҳар кўнгил бир каъбадир »

Мақолалар

Top